Тиниб-тинчимас Шимолий Корея яна бир даҳшатли қуролни синовдан ўтказди

Олам 9030
image
-

Шимолий Корея кеча, 5 январь куни ўзининг иккинчи гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда, КХДРнинг “KNCA” марказий ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Маълум қилинишича, ракетадан ажралиб чиқувчи “гиперсоник сирпаниш каллаги” 700 км масофадаги нишонни аниқ урган. Янги қурол баллистик ракеталарга қараганда узоқроқ вақт давомида учиш имконига эга. 

Янги ракета синови КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг Пхеньян мудофасини янада кучайтириш ҳақида берган топшириғи ортидан ўтказилгани айтилмоқда. 

Аввалроқ, Шимолий Корея раҳбари Янги йилда халққа йўллаган ўз мурожаатида Корея яриморолидаги ҳарбий муҳит барқарорлиги ошиб бораётгани сабабли, Пхеньян мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда давом этишини айтган. 

КХДР ўтган йили Жанубий Корея ва АҚШ билан тўхтаб қолган музокаралар фонида турли хил ракета ва қуролларни синовдан ўтказганди.

Шимолий Корея гипертовушли ракеталарни яратиш йўлида изланишлар олиб бораётган АҚШ ва Хитой каби оз сонли мамлакатлар қаторидан ўрин олмоқда. 

Кеча синовдан ўтказилган қуролни биринчи бўлиб Япония қирғоқбўйи ҳарбийлари пайқашган. Шундан сўнг, Сеул мудофаа идоралари ҳам ушбу хабарни тасдиқлашган. 

Қайд этилишича, гипертовушли қурол баллистик ракеталарга қараганда пастроқда жойлашган нишонларни кўзлаб, товуш тезлигидан беш баравар кўпроқ – соатига 6 200 км (3 850 миля) тезликкача эриша олади.

Маълумот ўрнида, янги қуроллар синови Шимолий Кореяда пандемия туфайли мамлакат иқтисоди тўхтаб, аҳоли очарчиликдан азият чекаётган бир пайтда амалга оширилмоқда. 

Йил якунида халққа қилган мурожаатида Ким Чин Ин, мамлакат “ҳаёт-мамот кураши”ни бошидан кечираётгани ва келгуси йилда асосий эътибор аҳоли турмуш-тарзини яхшилашга қаратилишини маълум қилганди.

Беҳруз Саидов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 404
Рейтинг: 2.9
t
×