Умрага кетиб қайтолмаганлар

Жамият

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқлар Умра зиёратига бориб, қайтиб кела олмаётганини айтган зиёратчиларнинг видеолари билан тўлди. Кимдир одамларни сафарга юборган “Gulbahor airways” тур фирмасини айбласа, яна кимдир вақтида авиарейсларни йўлга қўймаган “Ponorama airways” хусусий авиакомпаниясини қораламоқда. Хўш, бу норозилик нимадан келиб чиқди? QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганди.

Деярли 10 кундан буён “Gulbahor airways” туристик фирмаси эшигида, вақтини кутиш билан ўтказаётганлар орасида яқинлари ҳали Умра сафаридан қайтмаган ёки аллақачон сафарга кетиш учун тўлов қилганлар ҳам бор.

Одамларнинг айтишича, Умра сафарига бориш учун 750 доллардан 1000 долларгача тур пакетлар сотилган. Унинг ичига бориш-келиш, меҳмонхона, Мадина шаҳрида 2, Маккада 3 маҳал овқатланиш киритилган.

“Биз 24 январь куни 14 кунга Умра зиёратига кетишимиз керак эди. Ҳали ҳам кета олмадик. 9 млн 875 минг сўм пул тўлаганмиз. Биринчи рейслар қолдирилишини ҳаво ёмонлиги сабабли деб айтишганди, ана энди ўзингиз кўриб турибсиз”, дейди мижозлардан бири.

QALAMPIR.UZ ихтиёридаги маълумотларга кўра, тур компания зиёратчиларни Мадина ва Макка шаҳарларига бориб келишлари учун “Panorama airways” компанияси билан ҳамкорлик қилган. Компания рейсларида узилишлар бўлгани сабабли зиёратчилар вақтида Ўзбекистонга олиб келинмаган. Бунинг ортидан норозиликлар пайдо бўлганидан кейин 24 январдан ҳозиргача Умра сафарига бориши керак бўлган барча рейслар тўхтатилган.

Гувоҳларга кўра, МЧЖ сафар учун олинган пулларни 25-30 кишига қайтаришга муваффақ бўлган. Фуқаролар яқинлари Умра сафаридан келолмаганини айтиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганидан сўнг, улар билан тўғридан тўғри шартнома қилган “Gulbahor airways” МЧЖ офиси ёпиб қўйилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг айтишича, айни дамда мазкур МЧЖнинг иши ўрганилмоқда.

"Ҳозирда Транспорт прокуратураси томонидан ҳусусий авиакомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида “Gulbahor airways” МЧЖнинг фаолияти ҳам ўрганилмоқда"дейди Бош прокуратура вакили.

Одамларнинг айтишига кўра, Умрага бориб, қайтиб келолмаганлар кўчага ташлаб қўйилмаган. Уларнинг меҳмонхонада яшаши ва 3 маҳал овқати “Gulbahor airways” туристик фирмаси томонидан қоплаб берилган. Шунингдек, ҳолатга муносабат билдирган Туризм қўмитаси ҳам зиёратчилар “Gulbahor airways” МЧЖ фаолиятидан норози бўлмаганини айтмоқда.

Қайд этилишича, “Gulbahor airways” МЧЖ томонидан Умра тадбирларини ташкил этишда зиёратчиларга ноқулайлик туғдирилганлиги ҳолати ўрганилиб, мазкур ҳолат юзасидан тегишли қонуний чоралар кўрилган.

“Ҳозирда зиёратчилар меҳмонхонага жойлаштирилганлигини маълум қиламиз. Амалга оширилган ишлар давомида зиёратчилар томонидан “Gulbahor airways” МЧЖга эътирози йўқлиги билдирилган. Шунингдек, “Gulbahor airways” МЧЖ Қўмитанинг Тошкент шаҳар туризм бошқармаси томонидан лицензия талаблари ва шартларига амал қилиниши юзасидан қатъий огоҳлантирилди”, дейилади қўмита хабарида.

QALAMPIR.UZ билан гаплашган бир нечта туристик компания вакилларининг айтишича, улар орасида айнан “Panorama airways” авиакомпанияси билан шартнома тузган ва авиақатновлар ўз вақтида амалга оширилмагани учун шартномани бекор қилганлар ҳам бор.

Юқорида айтганимиздек, ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилмоқда ва яқин кунларда натижаси бўйича аниқ маълумотлар берилади. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг