Чўққидаги инфляция. Сўм нега қадрсизланмоқда?
Таҳлил
−
04 Апрель
16703Ўзбекистон халқ артисти Обит Юнусовни танимаган одам бўлмаса керак. Актёр Обит Юнусов ижро этган қайси ролни биласиз, деганда эса биринчи эслайдиганимиз ўша машҳур “Парвона” спектакли. Бу спектакль ҳозир театр саҳналарида ижро этилмаётган бўлиши мумкин, лекин ундаги жумлалар доим эсланади. Масалан, Ўткурийнинг “Дилни яйратадиган ҳам, тил сайратадиган ҳам пул” деган гаплари ҳар замонга тўғри келади. Ҳар бир давлатнинг ўз пул бирлиги бор. Масалан, Қозоғистонда тенге, Тожикистонда сомоний, Ўзбекистонда сўм. Лекин пул бирлиги тенга бўладими ёки сўм кўпчилик пулни долларда йиғади. Чунки миллий валюта қадрсизланиб боради, деб ҳисоблайди одамлар. Хўш, “тилни сайратиб, дилни яйратадиган” ўзбек сўми ҳақиқатдан ҳам қадрсизланиб боряптими? Доллар курсининг жадаллик билан ошиб бораётгани, сўмнинг қадрсизланаётганига сабаб нима?
Буни қарангки, ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон миллий валютаси курси кундан-кунга тушиб, долларга нисбатан қиймати пасайиб бормоқда. Ўтган ҳафтада доллар курси рекорд даражада кўтарилиб, 12 600 сўмдан ошиб кетди. Бир йил ичида сўм 9,7 фоизга қадрсизланди.
Сўм илк бор муомалага чиқарилган вақтда, 1994 йил 1 июль куни унинг қиймати 1 долларга нисбатан 7 сўмни ташкил этганди. Ўша вақтда умумий инфляция кўрсаткичи 1280 фоиздан юқори бўлган. Бу янги валюта – сўмга ўз таъсирини кўрсатди ва 2 июль куни биржада 1 доллар 12 сўмга баҳоланди. Шундай қилиб, сўм бир кун ичида 71 фоизга қадрсизланди. Кейинчалик сўмнинг курси қуйидаги кўринишда тушиб борди.
1995 йилда 1 доллар 25 сўм, 2005 йилда 1000 сўм, 2015 йилда 2430 сўм ва 2024 йилга келиб 12382 сўмни ташкил қилмоқда. Гувоҳи бўлганингиздек, сўм қадрсизланишда давом этяпти. Хўш, нега валюта қадрсизланди? Албатта, бунинг бир нечта сабаблари бор.
Биринчи сабаб бу инфляция. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён кучли инфляция билан курашиб келмоқда. 1991 йилда 90.7 фоиз, 1992 йилда 712 фоиз, 1993 йилда 1078 фоизлик инфляция кузатилган. Яъни пул бор, лекин бозорда товар йўқ. Ҳатто, тақчиллик туфайли ҳукумат зарурий озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда чеклов ўрнатишга мажбур бўлган.
1992 йилнинг январидан истеъмол бозорини ҳимоялаш мақсадида бир марталик купонлар босиб чиқарилган. 1994 йилда Ўзбекистон ҳукумати Халқаро валюта жамғармасининг қаршилигига қарамай, Марказий банкнинг кредити орқали валюта чоп этишни бошлаган. Ўшанда сўм илк бор босиб чиқарилган вақтда Ўзбекистондаги инфляция кўрсаткичи 1280 фоиздан ошиб кетган эди. Бу эса сўмнинг қисқа вақт ичида қадрсизланишига олиб келди.
Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Комилжон Акрамов иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга берган интервьюсида ҳукуматнинг бу қарори катта хато бўлганини айтади.
2024 йил инфляцион кўрсаткич пасайиши билан бошланди. Ҳозирда умумий инфляция 8 фоиздан пастга тушди, лекин бу сўмнинг барқарорлашишига ёрдам бермаяпти.
Иккинчи катта сабаб бу экспортнинг импортдан юқорилиги. Ўзбекистон Ташқи савдо баланси минусга кириб бормоқда. 2018 йилда экспорт импортдан 5,2 миллиард долларга кўп бўлган бўлса, 2023 йилга келиб, ташқи савдо қарийб минус 14 миллиард долларни ташкил этди. Қачонки давлатда хориждан олиб келинаётган маҳсулот ҳажми юқори бўлиб, хорижга сотилаётган маҳсулот ҳажми кам бўлса, бу валюта курси қадрсизланишига олиб келади.
Пулнинг қадрсизланишига яна бир сабаб Давлат бюджетининг тақчиллиги. Давлат харажатларининг даромадидан кўпайиб кетиши юқори инфляция даражаси ҳамда юқори ташқи қарз инқирози каби жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. 2023 йилда Ўзбекистоннинг бюджет камомади режадагидан ошиб кетиб, 59 триллион сўмни ташкил қилган. Аслида 2023 йилда бюджетда профитсит бўлиши кутилган эди, лекин ҳукумат ҳеч қачон тақчиллик чегарасини ушлаб тура олмаган. Давлат қарзи эса қарийб 35 миллиард долларга етди. Ўтган йилги бюджет дефицити ташқи қарзлар ҳисобига ёпилди. Айнан мана шу омиллар: бюджет тақчиллиги, ташқи қарз, импортнинг экспортдан юқорилиги сўмнинг қадрсизланишида энг муҳим роль ўйнамоқда.
Ҳа айтганча, пулнинг қадрсизланишига конвертациянинг қайта очилиши ҳам сабаб бўлди. Ўзбекистон ҳукумати 1996 йилда сўм қиймати тушиб кетишининг олдини олиш мақсадида конвертацияни ёпиб қўйди. Бу эса мамлакат иқтисодиётига жуда ёмон таъсир кўрсатди.
2017 йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистонда расман конвертация очилиши билан доллар курси бирданига 3889 сўм 65 тийинга ошиб, 8100 сўмга етди. Ҳозир валюталар курси талаб ва таклиф қонуни асосида Марказий банк томонидан белгиланади. Доллар сотиб олишга талаб қанча кўпайса, унинг қадри шунчалик ошади.
Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқуловнинг сўзларига кўра, доллар курси 2024 йилнинг охиригача 14 000 сўмга етиши мумкин. Банкдан доллар сотиб олишга аҳоли орасида талабнинг ошаётгани, ўтган йилда давлат харажатлари максимал даражада бўлгани, ортиб бораётган ташқи қарз миқдори долларнинг 14 000 сўмгача кўтарилишига олиб келади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь