Tashkent Global Forum – 2022 йилнинг энг йирик тадбирларидан бири
Олам
−
18 Октябрь 2022
390015-16 октябрь кунлари Humo Arena’да Ўзбекистон, АҚШ, Россия, Туркия, БАА, Қозоғистондан йирик бизнес эгалари, экспертлар, ишбилармонлик доираларининг етук вакилларини бир жойга жамлаган Tashkent Global Forum бўлиб ўтди.
Халқаро форум, унга ташриф буюрган Мусулмонлар идораси вакили Ҳабибуллоҳ қори Абдураззоқов томонидан Қуръони-карим тиловатлари билан бошлангани аҳамиятга молик. Диний қадриятларимизга бўлган бундай эътибор ва ҳурмат форум иштирокчиларига ва меҳмонларига жуда маъқул келди.
Сўнгра Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси раиси, сенатор Муҳтор Умаров тадбирни расман очиб, унинг кўлами ва аҳамияти мамлакатда экспорт ҳажмини оширишга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш ортишига, ватанимиз имиджини халқаро миқёсда янада оширишга хизмат қилишига урғу бериб, юртимизда тадбиркорлик фаолияти лидеримиз – Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан шахсан қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.
Tashkent Global Forum асосчиси Абдуҳамид Абдуваҳобов барчага ташриф учун миннатдорчилик билдириб, ўз тадбиркорлигининг илк вақтларида хориж давлатларида бўлиб, бу каби форумларни ўзимизда ҳам ташкиллаштиришни, унга жаҳоннинг энг кучли экспертларини, юксак даражали спикерларини жалб қилиб, тадбиркорликка энди қадам қўяётган тадбиркорларга билим олишда, бизнес-онгини ривожлантиришда ёрдам беришни мақсад қилганини айтди.
Шунингдек, Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиш орқали, унинг халқаро нуфузини ошириш ҳам жуда муҳимлигини таъкидлади.
Биринчи спикер – туркиялик ишбилармон, PATH IT-компанияси асосчиси Мурат Кадир IT-бизнесни ташкиллаштириш ва ривожлантириш ривожлантириш бўйича ўз тажрибаси билан бўлишди.
Навбатдаги спикер – Дубай шаҳридаги қатор ресторанларни ташкил қилган Orzu Hospitality холдингининг асосчиси Мирзо Хафизов Риштон шаҳрида туғилган, Лондонда таҳсил олган бўлиб, ўз меҳнат фаолиятини ресторанда оддий ишчиликдан, Дубайда бир нечта ресторанлар соҳибига айланишгача йўлини сўзлаб берди.
Биринчи кунга россиялик маркетолог, маркетинг бўйича энг фойдали – “100% лик маркетинг” ва яна 35 дан ортиқ китоблар муаллифи, 500 000 дан ортиқ мутахассисларга маркетингдан сабоқ берган Игорь Манн якун ясади. Бизнесда мижозларга қаратилганлик юзасидан маълумот берган Игорь Манн компанияларнинг бу борада муваффақиятга эришиши бўйича босқичма-босқич ишлаш сирларини айтиб ўтди.
Маркетинг сирлари, мижозларни жалб қилиш, сақлаб қолиш ва қайтариш усуллари бўйича Игорь Манн томонидан, икки соат ичида ўтказилган маҳорат дарси, шу соҳада олинган бир неча йиллик олий маълумотга тенг бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Форумнинг иккинчи кунини Marokand Group, Tapp.uz ва бошқа қатор компаниялари асосчиси, ҳозирда Samarkand City лойиҳасини амалга ошираётган Хуршид Тўраев бошлаб берди. Самарқандлик мультимиллионер тадбиркорликнинг асосий сири омадда эмас, балки муваффақиятда яширин эканлигини таъкидлади, ҳамда унинг барча сирларини бирма-бир келтирди.
Форумнинг махсус меҳмони – Аброр Мухтор Алий ҳам нутқ билан чиқиб, иқтисодий структуралар, улардан ҳар бирининг камчилик ва афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Машҳур Туркия бизнес-мотиватори, теледастурлар ва китоблар муаллифи Фират Чакир ҳаётида учраган муаммолар ва қийинчиликлар, уларга қандай қилиб бас келгани ҳақида сўзлаб бериб, барчани доимо фақат олдинга интилишга ундади: “Бошингизга қандай иш келса ҳам, ўз мақсадингиз ва йўлингиздан воз кечманг!”.
Азамат Османов – Марказий Осиёда энг йирик Magnum чакана савдо тармоғининг бош директори, 12 минг нафардан ортиқ ходим ва 1 млрд АҚШ долларидан ошиқ товар айланмасига эга бўлган тадбиркор, бизнес кўламини кенгайтириш стратегияси ва қоидалари ҳақида сўзлаб, кичик бизнесни – ўрта, ўрта бизнесни – катта қилиш борасида йўналиш ва тавсиялари билан ўртоқлашди.
Ҳаёти “Уолл-стритлик бўри” бадиий филмига асос бўлган, шу номли китоблар туркуми муаллифи, америкалик бизнесмен, халқаро савдо алоқалари бўйича эксперт Джордан Белфортнинг чиқиши глобал форумнинг кульминацияси бўлди. Бизнесда тизимлилик ва эҳтиёткорлик, чуқур ўйланган стратегия ва тўғри йўлга қўйилган савдонинг жуда муҳимлигини таъкидлаган Белфорт, тадбиркорликда йўл қўйилган хатоликларни бартараф этиш ва олдини олишнинг энг самарали ва ишончли йўллари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон, ва Тошкент шаҳри жадал ривожланиб бораётгани, халқаро миқёсдаги катта форумлар айнан пойтахтда бўлиб ўтаётгани қувонарли ҳол бўлиб, у нафақат маҳаллий тадбиркорлар, балки Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва ҳаттоки Озарбайжондан келган кўплаб иштирокчилари билан аҳамиятли бўлди. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда бизнес-туризмни ривожланишига ўз ҳиссасини қўшди. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун эса кўргазма ҳудудлари ташкил қилиниб, чет элга экспорт салоҳиятини ошириш учун қулай имконият яратилди.
Хориждан таклиф этилган спикерларнинг нутқини синхрон таржима қилиш билан вужудга келган муаммолар спикерлар ва иштирокчиларда бироз ноқулайлик туғдирди. Иш бор жойда, камчилик ҳам бўлади деганларидек, келгуси тадбирларда бундай камчиликларга йўл қўйилмайди деган умиддамиз.
Форум Ўзбек тадбиркорлари орасида бизнес маданиятини шакллантириш, ҳалқаро бизнес ҳақида дунёқарашни кенгайтирган ҳолда уларга ишонч берди ва катта масъулият ҳамда амбициялар билан чет эл бозорларига ўз бизнесни олиб чиқишга илҳомлантирди. Ушбу ишлардан асосий мақсад бу тадбиркорларни бирлаштириш ҳамда каттароқ масштабларда иш юритиш учун ишонч ва туртки бериш эди. Зеро, Ўзбекистон Президенти айтганларидек, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган, ишнинг кўзини биладиган, одамларга меҳнат қилиш ва даромад топиш учун шароит яратадиган тадбиркорлар, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлардир.
LiveБарчаси