Таксичилик фаолиятида бир қатор муҳим ўзгаришлар бўлади

Жамият 8884
image
-

Ўзбекистон Президентининг “Aвтомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан якка тартибдаги ташувчилар ўз фаолиятини фақатгина агрегаторлар хизматидан фойдаланган ҳолда амалга оширади.

Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксиларга қуйидагилар учун рухсат этилади:

йўловчиларни олиш ва тушириш мақсадида “Тўхташ тақиқланган” йўл белгиси амал қилиш ҳудудида, шу жумладан аэропорт ва вокзалларга туташ ҳудудларда тўхташ;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, қурилиш моллари, деҳқон ва буюм бозорлари ҳамда савдо мажмуаларининг пуллик тўхташ жойларига йўловчиларни олиш ва тушириш учун бепул кириш;

йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган махсус ҳаракатланиш йўлаги бўйлаб ҳаракатланиш.

Йўловчи ташишда фойдаланилаётган автотранспортларнинг ранги ва махсус серияли давлат рақами белгиси бўйича ўрнатилган амалдаги талаблар 2023 йил 1 январгача тўхтатиб турилади.

Шунингдек, йўналишсиз таксилар учун автомобилнинг олд ойнасининг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштирилган яшил рангли ёритиш чироғи, ҳисоблагич (таксометр) ва радиоалоқа воситаси, шунингдек, назорат-касса машинасини ўрнатиш талаблари бекор қилинди.

Бундан ташқари, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз такси ва якка тартибдаги ташувчилар учун қуйидаги талаблар жорий этилади:

автомобиль тепасига “TAXI” таниш белгили тўқ сариқ рангли фонарь ўрнатиш;

тўловни амалга ошириш, шунингдек, босиб ўтилган йўлни электрон тарзда қайд этиш имкониятини берувчи махсус иловаларга эга мосламалар (шу жумладан уяли телефонлар, планшетлар) бўлиши;

автомобилнинг приборлар панелида автомобиль транспортининг давлат рақами, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги ҳужжат (ёки ушбу фаолият турини амалга ошириш учун лицензия/лицензия варақаси) ва ҳайдовчининг телефон рақами кўрсатилган маълумотлар табличкаси мавжуд бўлиши.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 353
Рейтинг: 2.9
t
×