Табиий ресурслар ва экология вазири ҳибсга олинди
Олам
−
25 Июль 2023 20323 3 дақиқа
Қирғизистоннинг собиқ Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Динара Қутманова қўлга олиниб, тергов изоляторига жойлаштирилди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, собиқ амалдор Табиий ресурслар вазирлигидаги асосий мафкуравий илҳомлантирувчи ва коррупция фактларининг асосий ташкилотчиси ҳисобланади.
Тергов далилларга, жумладан, коррупцион схемаларнинг бошқа иштирокчиларининг кўрсатмаларига, шунингдек, собиқ вазир ва бошқа айбланувчилар иштирокидаги қарама-қаршиликлар натижаларига асосланган.
“Динара Қутманова вазир лавозимида ўзига берилган барча ваколатларга эга бўлган ҳолда, олий ҳокимият томонидан билдирилган ишончга қарамай, шахсий амбициялари ва ғаразли манфаатларини кўзлаб, ажратилган давлат пулларини ноқонуний олиб чиқиб кетиш бўйича кенг кўламли коррупция тармоғини ташкил қилган”, дейилади хабарда.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, собиқ вазир табиатни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги уйдирма лойиҳаларни молиялаштириш учун ариза топширишга тақлид қилиш мақсадида нафақат ўзининг қўл остидаги ходимларини, балки қариндошларини (ўғли ва синглиси), шу жумладан, яқин атрофидагилар (уй хизматчиси, ўғлининг дўсти ва бошқалар)ни ҳам ноқонуний коррупцион ҳаракатларга жалб қилган.
Маълумот учун, уч йил давомида жами молиялаштириш ҳажми қарийб 969 миллион 568 минг сомни ташкил этган бўлса, шундан 180 миллион соми Табиий ресурслар вазирлиги эҳтиёжлари учун давлат харидларига, 789 миллион 568 минг соми жисмоний ва юридик шахсларга табиатни муҳофаза қилиш ва асраш бўйича 110 та лойиҳа доирасида ажратилган.
Жиноят иши доирасида жами 9 нафар шахс айбланувчи сифатида жалб этилган. Собиқ вазирнинг ўғли халқаро қидирувда бўлиб, уни Туркиядан депортация қилиш чоралари кўрилмоқда.
Динара Кутманова қўлга олиниб, Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилди.
Шу каби бошқа фактларни аниқлаш бўйича тергов-тезкор тадбирлари давом этмоқда.
Аввалроқ Табиий ресурслар вазирлигининг собиқ раҳбари Динара Қутманова “24.kg” агентлигига унинг ўғли Кемелбек Истанбулда ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, ўғли учун 600 минг доллар товон талаб қилинган. Ички ишлар вазирлиги Динара Қутманова берган маълумотни рад этди.
22 июль куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати Табиий ресурслар вазирлиги ва “Табиатни ривожлантириш жамғармаси” жамғармасидаги коррупция бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида кимлар ҳибсга олингани, собиқ вазир Динара Қутманова ва унинг оиласи турли лойиҳалардан миллионларни қандай ўзлаштиргани ҳақида маълумот берди.
Динара Кутманова 2021 йилнинг 13 октябридан 2023 йил 15 мартигача Қирғизистон Республикаси Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири лавозимида фаолият юритган ва Ҳукуматдаги ягона аёл вазир бўлган.
Live
Барчаси