Сув тубидан осмонўпар биногача: дунёдаги энг қиммат 15 та меҳмонхона

Бу қизиқ

image

Пул бахт олиб келмайди, аммо ҳеч бўлмаса бир кун ўзингизни қирол ёки қироличалардек ҳис қилишингиз учун сабабчи бўлиши аниқ. Чунки дунёда юқори даражадаги ҳашаматли меҳмонхоналар борки, катта тўлов эвазига шоҳона хотираларни кафолатлайди. Қуйидаги омиллар эса бетакрор ва мукаммал хизматни уйғунлаштирувчи меҳмонхоналарни шундай даражага олиб чиқади:

  • Шахсий хизмат кўрсатиш: истакларингизни бажаришга тайёр ошпаз, хизматчи ва ҳайдовчилар;
  • Ноёб жойлашув: шахсий орол, тарихий ёдгорлик ёки энг қиммат шаҳарларнинг энг гавжум нуқталари;
  • Меъморчилик: дунёга машҳур санъат усталари томонидан яратилган дизайн;
  • Чексиз қулайликлар: турли бассейн, шахсий кинотеатр ва сув остидаги махсус кўргазма каби ноодатий таклифлар;
  • Махфийлик ва хавфсизлик: меҳмонлар махфийлигини таъминлаш учун махсус хизмат ва илғор хавфсизлик чоралари.

Тўлов ҳам хизматга яраша бўлади, албатта! Бундай унутилмас ва бетакрор қулайликлардан баҳраманд бўлиш учун қанча пул керак деб ўйлайсиз? Келинг, дунёдаги энг қиммат 15 та меҳмонхона билан танишамиз.

Lover’s Deep Luxury Submarine, Сент-Люсия. Бир кунга 150 минг АҚШ доллари

Дунёдаги энг қиммат ҳисобланган мазкур сувости меҳмонхонаси денгиз тубидаги ҳашаматни синаб кўриш имкониятини беради. Меҳмонлар шахсий капитан, ошпаз ва оқсоч хизматидан баҳраманд бўлади. Шунингдек, саёҳат дастури мижоз истагига кўра мослаштирилади.

The Empathy Suite, Palms Casino Resort, Лас-Вегас, АҚШ. Бир кунга 100 минг АҚШ доллари

Машҳур рассом Дэмиен Хёрст томонидан яратилган бу суит (меҳмонлар учун яратилган кенг ва шоҳона хона)да иккита ётоқхона, шахсий тузли дам олиш хонаси, Лас-Вегаснинг чироқларига қараган чексиз бассейн ва миллионлаб долларга тенг санъат коллекцияси мавжуд.

Hotel President Wilson, Женева, Швейцария. Бир кунга 80 минг АҚШ доллари

Ушбу меҳмонхонанинг бутун юқори қаватини Royal Penthouse Suit эгаллайди. Унда 12 та ётоқхона, ўқ ўтмас ойна, рояль пианино ва Женева кўлининг бетакрор манзараси мавжуд. Бу меҳмонхона президент ва таниқли шахслар орасида машҳур бўлиб, юқори даражадаги хавфсизлик ва махфийликни таъминлайди.

Atlantis The Royal, Дубай, БАА. Бир кунга 75 минг АҚШ доллари

Sky Pool Penthouse шахсий бассейн, қуёш ботганида дам олиш учун махсус майдон ва Michelin юлдузига эга ресторанларга кириш имкониятини тақдим этади. Меҳмон Дубай осмони ва Арабистон кўрфазининг бетакрор манзарасини томоша қилиш имкониятига эга бўлади.

The Mark Hotel, Нью-Йорк, АҚШ. Бир кунга 75 минг АҚШ доллари

Ушбу меҳмонхонанинг пентҳаус суитида бешта ётоқхона, олтита ҳаммом, кутубхона ва 2,5 минг кв майдонга эга терраса мавжуд. Манҳаттаннинг нуфузли Upper East Side ҳудудида жойлашган бу меҳмонхона ўз мижозлари учун замонавий ҳашамат ва бетакрор жозибани уйғунлаштирган.

The Raj Palace, Жайпур, Ҳиндистон. Бир кунга 65 минг АҚШ доллари

Тўрт қаватли Maharajah Pavilion суити шахсий музей, биллур қандиллар ва олтин билан қопланган овқатланиш хонасига эга. Ҳиндистондаги энг қиммат мазкур меҳмонхона ўз мижозларига тарихий шоҳона ҳаёт лаҳзаларини тақдим этади.

Laucala Island Resort, Фижи. Бир кунга 60 минг АҚШ доллари

The Hilltop вилласи меҳмонларга бетакрор манзара, шахсий ошпаз, ҳайдовчи ва оқсоч хизматини таклиф қилади. Бу эколюкс даражасидаги курорт бетакрорлик ва табиат қўйнида дам олишни хоҳлаганлар учун идеал танлов.

Four Seasons Hotel, Нью-Йорк, АҚШ. Бир кунга 50 минг АҚШ доллари

Ty Warner пентҳауси меҳмонларга Манҳеттеннинг 360 даражали кўриниши, шахсий спа хонаси ва Rolls-Royce ҳайдовчиси билан хизмат кўрсатади. Машҳур архитектор Ио Мин Пей томонидан яратилган бу пентҳаус ҳақиқий меъморий дурдона ҳисобланади.

Hotel Cala di Volpe, Сардиния, Италия. Бир кунга 41 минг АҚШ доллари

Супер суитда томи ёпиладиган шахсий ҳовуз, учта ётоқхона ва шахсий вино бари мавжуд. Шунингдек, у ўзининг Ўрта ер денгизи услубидаги жозибаси билан машҳурлар орасида машҳур.

Бурж Аль Араб, Дубай, БАА. Бир кунга 28 минг АҚШ доллари

Дунёдаги ягона 7 юлдузли ушбу меҳмонхона икки қаватли суит, олтин билан қопланган интерьер, шахсий хизматчилар ва меҳмонлар учун 24 каратли олтиндан ишланган iPad тақдим этади. Шунингдек, у елкан шаклидаги бино ва беқиёс ҳашамати билан дунёнинг энг дабдабали меҳмонхоналаридан бири ҳисобланади.

The Ritz-Carlton, Токио, Япония. Бир кунга 25 минг АҚШ доллари

Супер суит ўз меҳмонларига анъанавий япон дизайни, замонавий технологиялар ва Фудзи тоғи фонидаги бетакрор манзарани тақдим этади. 45 қаватда жойлашган мазкур суит дунёдаги энг баланд меҳмонхоналардан бири ҳисобланади.

The Palms, Малдив ороллари. Бир кунга 20 минг АҚШ доллари

Сув устидаги вилла, шиша пол, ҳовуз ва шахсий лагун (денгиздан ажратилган махсус саёз ҳовуз) ларга эга ушбу меҳмонхона ўз мижозларига сокин муҳит ва мукаммал хизмат кўрсатишни тақдим этади.

One and Only Gorilla’s Nest, Руанда. Бир кунга 19 минг АҚШ доллари

Вирунга тоғлари этагида жойлашган бу ҳашаматли дам олиш маскани ям-яшил ўрмон ва вулқон чўққилари манзарасини таклиф қилади. Меҳмонхона йўқолиб кетиш хавфи остида турган гориллаларни томоша қилиш учун сафар, спа муолажалари ва шахсий овқатланиш менюси каби қулайликларга эга. Саргузашт ва ҳашаматни уйғунлаштирган бу маскан табиат ва ёввойи ҳайвонларни севувчилар учун энг яхши танловлардан бири.

Necker Island, Британия Виргин ороллари. Бир кунга 17 минг АҚШ доллари

Британиянинг энг бой одамларидан бири тадбиркор Ричард Брэнсон эгалик қиладиган ушбу шахсий орол ҳудуди 300 м/кв ни ташкил этади ва 22 нафар меҳмон қабул қила олади. Дам олиш маскани бетакрор ҳовуз, шахсий ошпаз ҳамда бир неча сув спортлари билан шуғулланиш имкониятини тақдим этади.

Umaid Bhawan Palace, Жодҳпур, Ҳиндистон. Бир кунга 10 минг АҚШ доллари

Ҳиндистондаги энг қиммат меҳмонхоналардан бири бўлган бу иншоот аслида қироллик саройи ҳисобланади. Мижозлар Ражастҳан штатининг анъанавий меҳмондўстлиги, тарихий суит ва ҳукмдорларнинг шахсий коллекцияси жойлашган музейдан баҳраманд бўлиши мумкин. Ушбу сарой-меҳмонхона бутун дунёда ягона бўлган шоҳона ҳаёт имкониятидир.

Ушбу ҳашаматли меҳмонхоналар саёҳат давомида тунни ўтказишга мўлжалланган оддий турар жой эмас, балки умр бўйи эсда қоладиган ҳисларни тақдим этувчи масканлардир. Хўш, имкониятингиз бўлганида юқорида саналганларнинг қайси бирида меҳмон бўлган бўлардингиз?


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг