Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона ва Наманганда ноқонуний ер сотаётганлар ушланди
Жамият
−
20 Февраль
5854Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона ва Наманган вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Бувайда туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда М.Ш. исмли шахс “Қорақум” МФЙда яшовчи уч нафар фуқарога онлайн аукцион савдолари орқали 10 йил муддатга ижара шартномаси асосида фойдаланиш учун ажратиб берилган 30 сотих ер майдонини фуқаро З.А.га фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг хабардорлигисиз 45 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 10 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Шўрчи тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Н.Ж. исмли шахс фуқаро У.Ч.нинг ишончига кириб, унга гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 150 миллион сўм эвазига “Бахшитепа-1” МФЙ ҳудудидан 50 сотих захирадаги экин ер майдонини олиб беришини айтиб, шундан 2 минг доллар ва 59 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департамент ҳамда ДХХнинг Каттақўрғон тумани бўлимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “К.К.” МЧЖ раҳбари А.А. (муқаддам судланган) фуқаро Ф.Т.нинг ишончига кириб, унга гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида бошқа фуқарога тегишли 8 сотих ер майдонидаги қурилиши тугалланмаган тураржой ва унга туташ бўлган 8 сотих захирадаги ер майдони унинг номига ҳужжатларни расмийлаштириб олиб беришни ваъда қилгани аниқланган. У ўз хизмати эвазига 1,6 минг доллар олган вақтида ушланиб, А.А.нинг ишхонасидан яна 19 нафар фуқарога тегишли уй-жой учун расмийлаштирилган сохта кадастр ҳужжатлари, туман ҳокимлигининг сохта “Қарорлар учун” муҳри ва “Аслига тўғри” штампи ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Чуст туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда эса муқаддам фирибгарлик жиноят учун судланган К.У. ва М.Б. фуқаро Й.А.га тумандаги “Ж.I.” фермер хўжалигининг 30 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришлари эвазига 7 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланиб, К.У. ва М.Б. томонидан 7 минг долларнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани айтилмоқда.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси