Жаҳон урушини бошлаб берган қотиллик ёхуд Президентлар ўлимига сабаб бўлган суиқасдлар тарихи
Бу қизиқ
−
12 Июнь 2021
58716Тарих бизга шуни кўрсатадики, давлат раҳбарларининг кутилмаганда вафот этиши мамлакатда тартибсизликларни кетириб чиқариши мумкин. Шунинг учун бўлса керак, барча давлат раҳбарлари жуда қаттиқ қўриқланади. Лекин узоқ ва яқин ўтмишда кўплаб давлат раҳбарларига суиқасд қилинган. Бугунги мақоламизда тарихнинг энг сирли ва кўринмас воқелари ҳақида сўз юритиб, суиқасд сабабли ўлдирилган давлат раҳбарлари ҳақида маълумот берамиз.
Буюк Диктатор
“Ўлимни кутиб яшагандан кўра, дарҳол ўлган яхшироқдир”.
Гай Юлий Цезарь
Саркарда, сиёсатчи, консул ва Рим императори Юлий Цезарь милоддан аввалги 100 йил 12 июлда Қадимги Рим шаҳрида туғилган. Цезар ёшлигидан ҳокимиятни қўлга киритишни орзу қилган, аммо бунинг учун унга катта обрў-эътибор керак эди. Шон-шараф излаб Цезарь Рим империясига тобе бўлмаган Галлияда 10 йил давомида герман ва бошқа қабилалар билан тинимсиз урушлар олиб боради. Натижада 300 га яқин қабилаларни Римга бўйсундиради. 800 та шаҳарни қамал қилиб, 1 млн кишини асир олади. Римга жуда катта миқдорда олтин юбориб туради. Буларнинг барчаси тез орада Римда Цезарнинг обрўси кўтарилиб кетишига сабаб бўлади.
Цезарь асосий душмани Помпейни йўқ қилгач, катта бойлик эвазига ўз тарафига кўплаб сенаторларни оғдириб олади. Цезарь милодан аввалги 44 йилда ўзини умрбод якка хукмдор – “диктатор” деб эълон қилади. Лекин, бу қарор кўплаб Сенат аъзоларининг норозилигига сабаб бўлади. Милоддан аввалги 44 йил 15 март куни Сенат кенгашида Брут ва Кассий бошчилигидаги фитначилар Цезарни 33 жойига пичоқ санчиб ўлдиришади.
Тўрт ой давлатни бошқарган АҚШ Президенти
“Хукуматнинг асосий вазифаси тинчликни сақлаш ва одамлар учун қуёшни тўсмасликдир”.
Абраҳм Гарфилд АҚШнинг 20-Президенти
АҚШнинг 20-Президенти Жеймс Абраҳм Гарфилд 1831 йил 19 ноябрь куни Американинг Огаё штатининг Орэнж шаҳрида туғилган. Жеймс Гарфилд АҚШ тарихида энг қисқа муддат президентлик қилган шахс ҳисобланади. Гарфилд 1881 йил президентлик сайловида ғолиб бўлгач, тўрт ойдан сўнг унинг жонига суиқасд қилинади.
Президент Гарфилд Нью-Жерси шаҳрига рафиқасини кўриш учун кетаётганида, темир йўл станциясида руҳий носоғлом нашриётчи Шарл Гито Президентнинг ортидан икки бор тўппончадан ўқ узиб, уни оғир яралайди. Жарохатланган Жеймс Гарфилд 80 кун ҳушсиз ётиб, 1881 йил 19 сентябрь куни вафот этади.
Қулчиликни бекор қилган АҚШ Президенти
“Болаларни ўқитинг, шунда катталарни ўқитишга ҳожат қолмайди”.
Абраҳам Линкольн АҚШнинг 16-Президенти
Ҳуқуқшунос ва АҚШнинг 16-Президенти Абраҳам (Авраам) Линкольн 1809 йил 12 февраль куни Кентукки штатининг Ходвилл шаҳрида деҳқон оиласида туғилган. Абраҳам Линкольн қашшоқ деҳқон оиласида дунёга келган бўлса-да, ўзи мустақил тарзда тарих ва ҳуқуқ фанларни ўрганади. 1843 йилдаги Конгресс сайловида ўз номзодини қўйиб, АҚШ конгрессменига айланди.
1854 йилда Шимол ва Жануб ўртасидаги жанжал мамлакатда фуқаролар урушини келтириб чиқарди. Шимолий штатлар вакиллари янги штатларда қулчиликнинг жорий этилишига қарши чиқишади. Жануб вакиллари бўлса бунинг акси, қулчиликни ёқлашади.
Бу бўлиниш оқибатида, 1857 йилда мамлакатда иқтисодий инқироз юз бериб, биринчи навбатда Шимолий штатларнинг саноат ва қишлоқ хўжалиги катта зарар кўрди. Шаҳарларда намойишлар, митинглар, ва ғалаёнлар бошланиб кетди. Бунинг оқибатида, ҳокимият тепасида турган Демократларнинг обрўси пасайди.
1860 йил Президентлик сайловида Республикачилар партиясидан номзод сифатида оддий халқдан чиққан адвокат, қулликка қарши сиёсий фаолияти билан шуҳрат қозонган, тўғрилиги, ҳазилкашлиги ва инсоний фазилатлари билан танилган Абрахам Линкольн ғалаба қозонади.
Линкольн АҚШда бошланган фуқаролар урушига барҳам беради. Мамлакатни сиёсий ва иқтисодий инқироздан олиб чиқиб, қулчиликни бекор қилади. Президент Линкольннинг жонига суиқасд 1865 йил 14 апрель, жума куни Вашингтон шаҳридаги Форд театрида намойиш этилаётган “Бизнинг америкалик амакиваччамиз” спектаклида содир этилган. Жануб тарафдори бўлган актёр Жон Бут спектаклнинг энг кулгули саҳнаси бўлаётган вақтида Президентнинг ложасига кириб, Абрахам Линкольнни тўппончадан отиб ўлдиради.
Франциялик муҳандис Президент
Сади Карно француз муҳандиси ва сиёсатчиси. У 1887 йилдан 1894 йилгача Франция Президенти лавозимида фаолият юритган. Сади Карно 1837 йил 11 август куни Франциянинг Лимож шаҳрида сиёсатчи оиласида туғилган.
1876 йилда депутатлар палатасининг аъзоси этиб сайланган Карнога 1877 йилги Франция-Пруссия урушидан кейин ҳам иккинчи муддатга депутат бўлиш насиб этади. У 1883 йилда молия раиси сифатида иш бошлайди.
Сади Карно 1887 йилги президентлик сайловида ўз номзодини қўйиб, 303 овоз олган ҳолда ғалаба қозонади. Унинг президентлик даврида Франция халқаро майдонда анчайин обрў қозонади. Россия империяси билан яқин алоқада бўлиб, “Франция-Россия” иттифоқини тузади. Сади Карно оммавий байрамларда қатнашишни яхши кўрар эди. Президент 1894 йил 24 июнь куни Лион шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон халқаро мустамлакачилар кўргазмасида нутқ сўзлаганидан сўнг, италиялик анархист Санте Касерио томонидан пичоқлаб ўлдирилади.
Биринчи жаҳон урушига сабаб бўлган суиқасд
“Билинг! Туғилиш биланоқ, душманларингиз пайдо бўлади”.
Франс Фердинанд Австрия-Венгрия империясининг шаҳзодаси.
Франс Фердинанд 1863 йил 18 декабрь куни Австриянинг Граз шахрида туғилган. Австрия-Венгрия императори Карл Людвигнинг ўғли. 1896 йилда император Карл Людвиг вафот этгач, Франс Фердинанд Австрия-Венгрия тахтининг меросхўрига айланди.
1914 йил 28 июнь куни Австрия-Вернгрия империясининг валиаҳди Франс Фердинанд Босниянинг Сараева шаҳрига ташрифи чоғида серб миллатчиси Гарвило Принцип томонидан отиб ўлдирилади. Бу қотиллик охир-оқибат Биринчи жаҳон урушини бошлашга тайёр турган Германия ва Австрия-Вернгрия ҳукмрон доиралари учун урушга баҳона бўлади.
Аср жинояти
“Худодан осон ҳаёт сўраманг, балки ундан кучлироқ бўлишини сўранг”.
Жон Кеннеди АҚШнинг 35-Президенти
Жон Кеннеди 1917 йил 29 май Американинг Массачусетс штатининг Бруклин шаҳрида туғилган. Кеннеди 1960 йилги президентлик сайловида Демократлар партиясидан ўз номзодини қўйиб, ғалаба қозонади. Кеннеди Вудро Вильсон ва Франклин Делано Рузвельт анъанасини давом эттирган ҳолда, “Янги сарҳадлар” номли ислоҳот дастурини илгари суради. Сиёсий ва дунёқарашига кўра, у марҳум Президент Рузвельтга жуда ўхшаш эди. Кеннеди ҳам мамлакат ичкариси, ҳам халқаро майдондаги вазиятни тўғри баҳолай олган.
Айнан Кеннедининг президентлик даври – 1962 йилда АҚШнинг ёнгинасидаги Кубага СССР ўзининг ядро ракеталарини жойлаштиради. Бу эса “Кариб инқирози”ни келтириб чиқаради, Шу тариқа дунё термоядро уруши ёқасига келиб қолади. Аммо Кеннеди ўша вақтдаги Совет раҳбари Никито Хуршёвга бу уруш иккала давлатга ҳам фойда келтирмаслигини билдириб, мактуб ёзади. Совет раҳбари Хуршёв ҳам бу фикрни маъқуллаб, Кеннедига жавоб хатини юборади. Шундан сўнг, 1963 йилда икки давлат ўртасида ядро қуролларни чеклаш тўғрисида шартнома имзоланиб, бўлажак урушнинг олди олинади.
Жон Кеннеди 1963 йилнинг 22 ноябрь куни Даллас шаҳрида ўзининг мамлакат бўйлаб сайловолди учрашувлари вақтида, Ҳарви Освалд томонидан винтофка милтиғидан отиб ўлдирилади. Бу фожиа бутун дунёни ларзага солиб, “Аср жинояти” деб ном олади. Бу қотиллик сири ҳозирги кунга қадар очилмай қолмоқда ва бу, эҳтимол, Америка тарихидаги энг сирли жумбоқлардан бири бўлиб қолар.
Буюк қалб эгаси
“Чинакам олижаноб инсон, барча одамларни битта одамдай билади”.
“Мен Худони фақат ҳақиқат деб сиғинаман!”
Маҳатма Гандининг "Менинг ҳаётим" китобидан
Ҳиндистон миллий озодлик курашининг оташқалб намоёндаси ҳисобланган Моҳандас Карамчанд Ганди 1869 йилда Гужарот вилоятида туғилган. Ганди 1887-1891 йилларда Англияда ҳуқуқшунослик соҳасида таҳсил олади. Ўқишни тамомлаб Ҳиндистонга қайтгач, адвокат сифатида иш бошлайди. 1893-1914 йилларда эса Жанубий Африкадаги (Англия мустамлакаси) Гужарот савдо фирмасида ҳуқуқшунос-маслаҳатчи вазифасида фаолият олиб боради.
1919 йилда Маҳатма Ганди Ҳиндистон Миллий Конгрессига аъзо бўлиб, тез орада унинг раҳнамоларидан бирига айланади. 1919-1922 йилларда ҳаётий тажрибалари ортиб, сиёсий жиҳатдан етилган Ганди озодлик курашига бутунлай шўнғиб кетади. У “Биров юзингга тарсаки урса, сен иккинчи юзингни тут”, деган таълимоти асосида “ахимса” (а-инкор, химса-зўравонлик, яъни куч ишлатмаслик) деб номланган ўзига хос сиёсий доктринани ишлаб чиқади. Ганди ҳинд халқини инглиз мустамлакачиларига қарши тинч намойишлар ўтказишга, чет эл товарларини бойкот қилишга, расмий мансаб ва унвонлардан воз кечишга, солиқ тўлашдан бош тортишга даъват этади.
Ниҳоят, мамлакатда узоқ давом этган озодлик ҳаракати ўз самаарисини беради. 1947 йил Буюк Британия хукумати Ҳиндистонга мустақиллик беришга қарор қилади. Бироқ ингилизлар “бўлиб ташла, хукумронлик қил” тамойилига кўра, мамлакатни диний белги асосида иккига – Ҳиндистон ва Покистонга бўлиб юборадилар. Маҳатма Гандини 1948 йил 30 январь куни намойиш вақтида ҳинд шовинистик ташкилотининг ашаддий тарафдори Натхурам Годсе отиб ўлдиради.
Сирли қотиллик
“Давлат одамлардан сўраш билан эмас, балки уларга ҳисобот бериш орқали бошқарилади”.
Тургут Озал Туркиянинг саккизинчи Президенти
Бюрократ, сиёсатчи ва давлат арбоби, Туркия Республикасининг саккизинчи Президенти Ҳалил Тургут Озал 1927 йил 13 октябрида Туркиянинг Малатья шаҳрида туғилган. Отаси банк ходими, онаси бошланғич синф ўқитувчиси бўлган. Болалигида учувчи бўлишни орзу қилган. Аммо ёшлигида отдан йиқилиб, қўли сингач, орзусидан умид узган.
1980-1982 йилларда Бош вазир Бюленд Улусунинг иқтисод бўйича ўринбосари бўлган. 1983 йилдан 1989 йилгача 5 йилу 10 ой Бош вазир бўлиб ишлаган ва “Она Ватан” партиясининг раиси бўлган. 1989 йилги сайловда мутлақ ғолиб бўлиб, Туркиянинг саккизинчи Президентига айланган.
Тургут Озал 1993 йилнинг 17 апрелида 5 та мамлакатни қамраб олган 12 кунлик Туркистон сафаридан қайтиб келгач, кутилмаганда вафот этади. Дафн маросими телевидение орқали жонли эфирда намойиш этилиб, жанозага юз минглаб одамлар қатнашади. У “Ўлганимдан кейин мени Истанбулга дафн қилинг, мен кун охиригача Фотих Султон Меҳметнинг руҳи остида бўлишни хоҳлайман”, деб васият қилган эди. Тургут Озал, Мустафо Камол Отатуркдан кейин ўз лавозимида вафот этган иккинчи Президент ҳисобланади.
Тез орада, Тургут Озалнинг ўлими бир неча турли баҳсларга сабаб бўлади. Хусусан, марҳум Президентнинг рафиқаси Семра Озал бу қотиллик эканлигини таъкидлаб, сафар давомида эрининг лимонадига заҳар қўшилганини даъво қилган.
2012 йил 2 октябрда марҳум Президент ўлими қотиллик эканлигини аниқлаш мақсадида, Тургут Озалнинг қабри очилади. Ўтказилган текширувлар натижасида, марҳум Президентнинг жасадида беш хил заҳарли моддалар борлиги аниқланади.
Шарқ Юлдузи
“Ҳокимият – бу ғалати феномен: кимда ким уни қўлга киритса, реал ҳаётдан узилиб қолади.”.
Беназир Бхутто Покистон Бош вазири
Беназир Бхутто 1953 йил 21 июнь куни Покистоннинг Карачи шаҳрида сиёсатчи оиласида туғилган. Унинг отаси машҳур сиёсатчи, Покистон давлат ва ҳукумат бошлиғи Зулфиқор Али Бхутто бўлган. Бўлажак Бош вазир 1969-1973 йилларда Гарвард университетида таҳсил олган.
Беназир Бхутто мусулмон мамлакатлари орасида демократик ҳукуматни бошқарган биринчи аёл Бош вазир ҳисобланади. У 1988-1990 йилларда ҳамда 1993-1996 йилларда Покистон Бош вазири сифатида Ҳукуматни бошқарган. Бхутто xеч ҳам бошидаги рўмолини ечмагани сабабли уни мамлакатдаги Ислом уламолари қўллаб-қувватлаган.
Бхутто хоним 2007 йил 27 декабрь куни Покистоннинг Раваллинди шаҳрида бўлиб ўтаётган митингда нутқ сўзлаганидан сўнг, ўқ ўтказмайдиган автомобилида кетаётиб, оламонга юзланиш учун автомобиль люкини очган вақтида ўзидан икки метр узоқликда турган эркак томонидан отиб ўлдирилади.
LiveБарчаси