ССВ Фатҳулла Маъсудовни коронавирус қурбонлари рўйхатига қўшди
Жамият
−
31 Август 2020
19613Кеча, 30 август куни Ўзбек миллий академик драм театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудов вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Маъсудовни коронавирусдан вафот этган беморлар рўйхатига киритди. Вазирликнинг бугун, 31 август соат 17:00 ҳолатига кўра эълон қилинган маълумотларига 57 яшар Маъсудов коронавирус қурбони бўлгани айтилган.
Соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони яна 136 нафарга ошди ва жами беморлар сони 41787 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари:
• 128 нафари Тошкент шаҳрида;
• 6 нафари Тошкент вилоятида;
• 2 нафари Навоий вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Шу билан бирга, Олмазор туманида яшаган 57 ёшли Ф.М. (эркак) ҳамда Учтепа туманида яшаган 58 ёшли С.Н. (эркак), жами 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.
Эътиборли жиҳати, бугун айни пайтга қадар Тошкент шаҳрида 132 нафар, Тошкент вилоятида 109 нафар, Қашқадарё вилоятида 5 нафар ҳамда Наманган вилоятида 3 нафар бемор тузалди.
Шундай қилиб Ўзбекистонда 39068 (+249) нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (93 фоиз) соғайган.
Ҳозирда мамлакатда 2400 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси