Совуқ ҳавода коронавирусни юқтириб олиш хавфи юқорими?

Саломатлик

image

Сир эмаски, ҳозир дунёда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланган. Бу вирус тирик организм, аммо ёлғиз ўзи яшай олмайди. У фақат тирик организмда кўпайиш хусусиятига эга. Аҳоли орасида ҳали-ҳамон бу инфекция ҳақида турли саволлар пайдо бўлмоқда.  

Бу ҳақидаги саволларга Тошкент тиббиёт академияси эпидемиологик кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Муаттархон Абдуқаҳҳорова умумий тарзда  жавоб берди. 

“Коронавирус — йирик инфекция. Инсон аксирганда, йўталганда вирус томчилари бир, бир ярим метргача учиб боради ва ерга чўкади. Бу инфекция ерда олти соатгача сақланиши мумкин. Ҳозир куз фаслида ҳаво ҳарорати пасайиши коронавируснинг мутацияга учрашига сабаб бўлмоқда. Агар бу пайтда шамол бўлса ёки чанг  кўтарилса, инсонга ҳаво орқали ҳам юқиши мукин. Касалликни бошидан кечирган бемор 14 кун давомида даволаниб чиққанидан сўнг ҳам яна 14 кун ўзини изоляцияда сақлаши керак. Чунки инфекция ташувчилик хусусияти маълум муддат сақланиб қолади”.

 Мутахассиснинг фикрига кўра, ўткир пневмония ўтказган бемор ўпкасида касалликдан сўнг чандиқ пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда шифокор тавсияси билан турли препарат, гармонлар қабул қилиш керак. Бу чандиқ секин-асталик билан кетади. 

“Ҳозирда бу вирусни юқтириб олган 70-80 ёшли кишилар тузалгани, 25-30 ёш атрофидаги инсонларда эса ўлим ҳолатлари кузатилгани учраб турибди. Ҳеч кимга сир эмаски, коронавирус юқтирган инсонда сурункали касаллик бўлса, у юзага чиқади”, дейди Муаттархон Абдуқаҳҳорова. 

Мутахассиснинг айтишича, вакцина бу дори эмас, ундан шунчаки касалликнинг олдини олиш учун қўлланилади. Вакциналар Россия, Америка, Хитойда ишлаб чиқилмоқда. Россияда учта тури ишлаб чиқилиб, ҳозирда учинчи босқичда текширув ишлари олиб борилмоқда. 

“Вирус 4 кун, бир ҳафта давомида бурун-томоқ йўлларида сақланиб туради. Сўнг ўпкага ўтади ва ундан қонга ўтиб, қон қуюлиб қолади. Бу пайтда бурундан суртма олиб, занжир реакцияси орқали вирус аниқланади. Баъзи беморлар икки-уч ойлаб таъм, ҳид билмаслиги мумкин. Яна баъзи беморларда тўрт-беш ойлаб мунтазам иссиқ чиқиб туриши мумкин. Бундай ҳолларда бемор бошқа касаллик қўзғатувчи инфекцияларни юқтириб олган бўлиши мумкин”, дейди мутахассис Муаттархон Абдуқаҳҳорова.

Динара Юсупова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

290

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг