Сониясига минг доллар: Ҳабиб фаолияти давомида UFC’да қанча пул ишлади?

Спорт 14523
image

Ҳабиб Нурмуҳамедов октагонни мағлубиятсиз тарк этди. У UFC Президенти Дана Уайтнинг таклифларига рози бўлмади ва онасига берган сўзига содиқ қолди. UFC рейтингидан аллақачон чиқариб юборилган жангчини на 30:0 кўринишидаги чиройли рекорд, на Чарльз Оливейра ёки Майкл Чандлерга қарши жанг ва на пул қайтишига сабаб бўла олмади. Шубҳасиз, доғистонлик бургут фаолияти давомида буларнинг барчасига эришган.

2012 йилда UFC’да дебют қилган Хабиб ушбу турнирда жами 13 маротаба октагонга чиқди. Профессионал фаолиятидаги қолган 16 та ғалабани Нурмуҳамедов бошқа турнирларда қўлга киритган. 

Ҳабиб UFC’даги дастлабки бешта жангида ўзининг кимлигини кўрсатиб қўйди. Пул эса иккинчи планда қолди ва жами 160 минг АҚШ доллар ишлаб топди.

Фото: Ҳабибнинг UFC’даги дебюти Камал Шалорусга қарши.

•  Биринчи жанг Камал Шалорусга қарши (23 минг доллар);
•  иккинчи жанг Глейсон Тибауга қарши (27 минг доллар);
•  учинчи жанг Тьяго Таваресга қарши (28 минг доллар);
•  тўртинчи жанг Абел Трухиллога қарши (32 минг доллар);
•  бешинчи жанг Пэт Хилига қарши (48 минг доллар).

UFC’да ғалабали серия учун арзимас ҳисобланган юқоридаги гонорарлар 2014 йилдан ўзгарди. Ўша йили собиқ чемпион Рафаэль Дос Аньосни устидан ишончли ғалабага эришган Хабиб чемпионлик пойгасига яқинлашди.

 Фото: Ҳабиб собиқ чемпион Рафаэль Дос Аньосга қарши

Шундан сўнг Нурмуҳамедов Даррел Хорчер ва Майкл Жонсондан устун келишга улгуриб, UFC 205да Конор Макгрегорни жангга чорлади.

•  олтинчи жанг Рафаэль дос Аньосга қарши (65 минг АҚШ доллар);
•  еттинчи жанг Даррел Хорчерга қарши (135 минг АҚШ доллар);
•  саккизинчи жанг Майкл Жонсонга қарши (170 минг АҚШ доллар).

“Мэдисон Сквер Гарден”да туриб Конорга “вызов” ташлаган Ҳабибнинг рейтинги шунчалик ўсдики, энди унинг ҳар бир ҳаракати диққат марказида эди. Бундан кейинги жангларда, ҳакамларнинг бир овоздан қабул қилинган қарорлари билан Ҳабиб Эдсон Барбоза ва Эл Яквинтадан устун келиб, чемпионлик камарини Россияга олиб келди.

Фото: Ҳабиб Эл Яквинтадан устун келиб, енгил вазн тоифасида чемпион бўлди

•  тўққизинчи жанг Эдсон Барбозага қарши (180 минг АҚШ доллар ва 50 минг бонус);
•  ўнинчи жанг Эл Яквинтага қарши (520 минг АҚШ доллар).

Навбатдагиси аралаш жанг санъати тарихидаги асосийси бўлди. Конор Макгрегорга қарши октагонга кўтарилган доғистонлик уни 4-раундда ухлатиб қўйди.

•  ўн биринчи жанг Конор Макгрегорга қарши ($2,02 миллион АҚШ доллар).

Макгергор билан шов-шувли жангдан сўнг Ҳабиб дунё юлдузига айланди.

 Фото: Ҳабиб Конорни ухлатиб қўйган лаҳза

Конордан кейин 2019 йил сентябрь ойида Ҳабиб Дастин Порьени қийинчиликсиз кутиб олди ва 2020 йил октябрь ойида Жастин Гэтжини ҳам бошқа рақиблари сафига қўшиб қўйди. Умуман олганда, сўнгги икки жанг учун Нурмуҳамедов олти миллион АҚШ долларидан зиёд пул ишлади.

•  ўн иккинчи жанг Дастин Порьега қарши (3,04 миллион АҚШ доллар ва яна 50 минг бонус);
•  ўн учинчи жанг Жастин Гэтжига қарши (3,04 миллион АҚШ доллар ва 50 минг бонус).

Юқоридаги икки жанг гонорари UFC томонидан россиялик спортчи ҳисобига сўнгги бор ўтказилган пул эди. Бундан кейин спортчи октагондан ташқаридаги фаолиятига эътибор қаратди. Карьерасини тугатган Ҳабиб кўплаб бизнес лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, спортчи Россияда “Eagle Fighting Championship” номли чемпионатга асос солди. 

Фото: Ҳабиб отаси, марҳум Абдулманап Нурмуҳамедов билан

“UFC’да менга яна нима қолди? Фақат пул учун жангларми? Лекин менга улар керак эмас. Одамларга исботлайдиган бошқа ҳеч нарсам йўқ. Мен ушбу спорт турида ҳамма нарсага эришдим”, дейди Ҳабиб.

Натижага келадиган бўлсак, Ҳабиб UFC’дан тахминан 10 миллион АҚШ доллар миқдорида гонорар олган. Таққослаш учун, Макгрегор UFC’даги фаолияти давомида 18 миллион АҚШ долларидан сал кўпроқ пул ишлаб топган.

Агар россиялик спортчининг октагонда ўтказган вақти (167,5 дақиқа) билан топган пулининг ҳисоби қилинса, у тахминан ҳар бир дақиқаси учун 59,7 минг АҚШ доллар ишлаб топган. Агар сониясига оладиган бўлсак, бу – 995 АҚШ долларига тенг.

Ҳабибнинг умумий молиявий ҳолатига келадиган бўлсак, бу 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ. 2020 йил бошида спортчининг отаси, марҳум Абдулманап Нурмуҳамедов россиялик тадбиркор Игор Рибаков билан суҳбатда бу тўғрисида маълум қилганди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 800
Рейтинг: 2.9
t
×