Соғайганларни эмас, жони ҳиқилдоғида ҳилпираб турганларни кўрсатиш керак – Отабеков
Интервью
−
21 Июль 2020
19505Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сўнгги ҳафталарда авж олгани сабабли шифохоналарда жой етмай, беморларнинг уйда қолиб кетиш ҳолатлари кўпайди. Тез тиббий ёрдам хизматларига юклама кўпайиб, фуқароларнинг норозилиги ортиб кетди.
Муаммоларни ҳал қилиш учун чоралар белгиланди, аммо йиллар давомида ва коронавирус хавфи пайдо бўлганидан кейинги 6 ойда ҳам қилинмаган ишларни бирданига дўндириб бўлмайди. Бу сир эмас.
Тест топшириш, шифохонага ётишдаги қийинчиликлар, коронавирус статистикасини “жозибали” қилиб кўрсатишга бўлаётган уриниш ҳолатлари ва аҳолидан тушаётган саволларга жавоб олиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков билан суҳбатлашдик.
Феруза Нажмиддинова, журналист: ― Ўзбекистонда коронавирус аниқлангандан буён одамлар, халқ орасидасиз, лекин сизда коронавирус аниқланмади. Бунинг асосий сири нимада?
Нурмат Отабеков, Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи: ― Албатта, халқ орасида юрибмиз. Мен карантин бошлангандан буён фақат уйга борганимдагина дока ниқобни ечаман. Ҳатто, аввало автомашинамда, кўчада, мулоқот вақтида ҳам ниқобда бўламан. Ўзимни эҳтиёт қиламан. Беморлар билан бевосита мулоқотда бўлмасам ҳам, мен билан мулоқотда бўлган одамлар орасида касаллик аниқланганини эшитдим. Лекин мен ўз саломатлигимга синчковман ва ўзим тавсия қилган нарсаларнинг барчасига амал қиламан. Бирор бир салбий одатим йўқ. Худо хоҳласа шу ёшга етдим ва ўзимни ҳимоя қўрғонимга эгаман.
Ф.Н.: ― Эътибор берсак вазирлар, юқори мартабали амалдорлар орасида ҳам коронавирус аниқланмади. Ҳолбуки улар карантин бошланганидан буён аҳоли орасида юришибди. Ёки “ўзбекона” ҳимоя қобиғи яратилганми?
Н.Т.: ― Биласизми, биз коронавирус касаллигидан вафот этган жуда катта-катта одамлар ҳақида эшитдик. Баъзи ҳолатларда вазир ўринбосарлари, ёки катта амалдорларни шу вирусдан вафот этганини билдик. Мени назаримда бу ҳолатдаги энг яхши ҳимоя қўрғони бу – синчковлик. Ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслик. Қолаверса, нафақат ўзини, балки соҳаси вакиллари олдида, жамият олдида масъулияти борлигини ҳис қилиб яшаш бу ҳимоя қўрғонига сабаб бўляпти.
Яна бир жиҳат бу каби одамлар доим ҳушёр бўлади, масъулиятни ҳис қилади. Айтилган тавсияларга риоя этади. Қолаверса, биз аниқ биламиз кўпинча соғлом одамлар, буюк бир иқтидор эгалари ўзларини яхши парвариш қиладилар. Ўзини ўтга чўққа ургани билан ҳимоя қўрғонига эга бўлган одамлар, мени назаримда табиий танланади. Биз агарда ўзимизни ҳимоя қилсак, ҳар қадамимизда хавф борлигини ҳис қилсак ва унутмасак, масъулиятли одамларда ички имкониятлар ҳам ишга тушади. Иммун тизими одамни нафақат хоҳишидан, ички имкониятидан балки турмуш тарзи мажбур қилганликдан ҳам сергак ва барқарор бўлади. Мени назаримда бу руҳий холат билан ҳам боғлиқ бўлса керак.
Ф.Н.: ― Коронавирус Ўзбекистонга март ўртасида кирди. Аммо бошқа давлатларда январь ойидан тарқала бошлаганди. Орада уч ой вақт ва Ўзбекистон ҳам вирус билан 4 ойни ўтказди. Шунча вақт давомида Республика махсус комиссияси ва ССВ нима қилди? Нега муаммолар бу даражада кўпайиб кетди?
Н.Т.: ― Биз бир нарсани аниқ билишимиз керак, коронавирусни Ўзбекистонга кириб келганини тасдиқланиши 15 март. Лекин мени фикримча бу касаллик Ўзбекистонга олдинроқ кириб келган. У аҳоли орасида бўлган балки бошқа ташхис билан оғриган, даволанган ёки касалликни енгилроқ ўтказган бўлса, касалликни бошқага юқтириш билан банд бўлган. Айтайлик, биз касалликка чалинганларни 15 март куни аниқлаган бўлсак, 14, 12 март куни хориждан учиб келган фуқароларда касаллик бўлган бўлиши мумкин. Биз уларга карантин тадбирларини татбиқ қилмадик.
Лекин Ўзбекистонда Махсус комиссия шаклланиб, фаолият бошлагандан кейин мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Буни тан олиш керак. Ўзбекистонда аҳоли сонига касалланиш кўрсаткичини 40 деб олсак, бошқа давлатлар билан қиёслаб кўрилса, натижа маълум бўлади. Ўзбекистонда касаллик қайт этилгани кунлик энг кўпи билан 600 кишига борди, Америка Қўшма Штатларида бир кундан олтмиш беш минг, Бразилияда бир кунда қирқ уч минг, Ҳиндистонда сал кам ўттиз минг ва Россия Федерациясида сал кам етти минг бемор қайд этиляпти. Бундан кўриниб турипдики, Ўзбекистонда касалликни нафақат кириб келиши, балки уни олдини олиш, вақтида беморларга ташхис қўйиш, карантин тадбирларини амалга ошириш бўйича қилинган ишлар самара берди. Лозим бўлган аҳоли қатламини шифохонага ётқизиб даволаш бўйича мисли кўрилмаган ишлар қилиниб катта маблағлар йўналтирилди.
Бутун Ўзбекистон аҳли биргаликда ушбу ёвга қарши кураша оладиган тизим яратилди. Бизда жуда катта фожиали кунлар бўлмайди деган умиддаман. Негаки, биз стратегик нуқтаи назардан бу каби касалликлар билан кураша олишимизни ўзимизга-ўзимиз исботлай олдик. Карантин даврида вазият барқарорлигига эришдик. Демак, ҳали ҳам кеч эмас. Агар халқ ва давлат биргаликда карантин тадбирларини давом эттирсак, касалликни енгиш имкониятига эгамиз. Биз ҳозир Ўзбекистонда ҳукм сураётган эпидемиологик вазиятда республикада олиб борилган ишимизни самарасини кўришимиз керак. Ҳалигача одамлар дока ниқобсиз юришга қўрқмаяптими, ҳали-ҳанузгача биз кўчага эмин эркин чиқиб келяпмизми, бу давлатни бу тизимнинг натижаси. Қачонки, биз кўчага чиқа олмасдан, деразадан кўчага мўралаб ўтирадиган бўлсак унда биз давлатни ҳам соғлиқни сақлаш тизимини ҳам иши самарасиз бўлган дейишимиз мумкин бўлади.
Ф.Н.: ― Охирги вақтларда коронавирусга тест топшириш билан боғлиқ муаммолар жуда кўп. Дейлик, бир одам ўзида аломатларни сезиб, тест топширса, ундаги ҳолсизлик ҳарорат кўтарилиши 5-10 кун оралиғида ўтиб кетяпти. Шахсан ўз яқинимда кузатилган ҳолат 12 кунда тест натижаси чиқди ва бу орада у тузалиб бўлган ва иш бошлаганди. Лекин унда коронавирус аниқлангани учун карантинда ўтиришга мажбур бўлди. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
Н.Т.: ― Тест топшириш ва тест натижаларини олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келгани рост. Бундай бўлишига сабаб, нафақат касаллар, балки ҳеч қандай клиник белгилари бўлмаган, хавотирга тушиб тест топширувчилар сони кескин ошиб кетди. Дастлабки кунларда бир кунда уч минг тўрт минг таҳлиллар ўтказилар эди. Ҳозир эса бир кунда 22-30 минггача тест ўтказиляпти. Бугунги олинган намуналарни бугун текшириб улгурмагандан кейин, эртанги олинган намуналар навбат кутиб қоляпти. Бу ҳолатга барҳам бериш учун Республика махсус комиссияси бевосита тегишли топшириқлар берган.
Куни кеча Президент ҳам қайтадан яна таъкидладилар, алоҳида топшириқлар бердилар. Ҳозир йиғилиб қолган таҳлиллар бунга сабабчи бўляпти. Бугун топширилган намуналарни бир кунда жавобини беришга алоҳида эътибор бериляпти. Бу бўйича Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигида қўшимча ПЗР лаборатория ва реогентлар олиб келинган. Кечаги кундан бошлаб лаборатория таҳлилларини ўтказиш имконияти фақатгина республика агентлигини ўзида 2,5 мингтага кўпайди. Бу ҳолат бир икки кун ичида тўлиқ йўлга тушади. Биз ҳозир халқимиздан сўрардикки, касалликнинг бирорта клиник белгиси бўлмаса, касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлмасангиз, ҳеч нарса сизни безовта қилмаётган бўлса, лабораторияга қўшимча юклама қўйгандан кўра, шу касалликни клиник белгилари бўлган фуқароларга таҳлил натижаларини вақтлироқ олишга ёрдам беришса.
Ф.Н.: ― Коронавирусга топширилган таҳлил натижалари неча кунгача яроқли ҳисобланади?
Н.Т.: ― Биз бир нарсани билишимиз керак, коронавирусга олинган, яъни чўпда олинган намуна у суюқлик бор пробиркага солинади. Суюқликда эса консервант бор, у нафақат бу вирусни тирик сақлаб беради, балки кўпайтиришга ҳам имкон беради. Унда суюқлик бор даврда сув қуриб қоладиган бўлс,а имконият чегараланиши мумкин, негаки вирус ўлади. Балки қолдиқлари қолиши мумкин. Асосан бугун намуна олингандан кейин, бир неча соат ичида у қўйилиши керак. Саккиз соат давомида ПЗР кўради, ўқийди, текширади. Ўзи аслида, бугун олинган намунани натижасини эртасига тақдим қилинадиган имконият бўлиши керак. Намуналар олиниб узоқ муддат кутиб қолинадиган бўса, уни сифати ва олинган натижани сифати ҳам бузилиши мумкин. Лекин қачонки топширилган натижа 12 кундан сўнг аниқ бўлса, бу мантиқан тўғри бўлмайди.
Ф.Н.: ― Биздаги манбанинг хабар беришига қараганда касалхоналардан бирининг, битта бўлимида 50 та бемор бор ва уларнинг барчаси икки томонлама пневмония билан касалланган. Шуни алоҳида айтаман айни шу 50 кишига бир дона шифокор қараяпти. Булардан сизни, вазирликни хабарингиз борми? Уларга қўшимча маош бериладими ?
Н.Т.: ― Биз биламиз Президентимиз қарорлари билан тиббий ёрдам кўрсатиш, лаборатория текширувларини ўтказиш билан банд бўлган шифокорларга, ҳар 14 кунда йигирма беш миллион сўм пул тўланяпти. Ўрта ва кичик тиббиёт ходимларининг барча-барчасига тўловлар йўлга қўйилган.
Ф.Н.: ― Тўловлар вақтида амалга ошириляптими?
Н.Т.: ― Албатта, айнан мен коронавирус касаллигига чалинган беморларни даволаш билан шуғулланган шифокорлардан сўраб, билганман. Баъзи холларда ўзимиздан қаҳрамон ясаб оляпмиз. Негаки биз коронавирус касаллиги тасдиқланмаган одамларга ёрдам қилиш баробарида ҳам ўзимиз бу каби маблағларни тўланишини талаб қиляпмиз. Куни кеча Республика махсус комиссия раиси – Бош вазир алоҳида йиғилиш ўтказиб, тез ёрдам станцияларида ўтирган операторларга, тез ёрдам автомашинасини бошқараётганлар қолаверса, коронавирус касаллигини даволашга жалб қилинган тиббиёт, ўрта тиббиёт ходимларини рағбатлантириш нуқтаи назаридан алоҳида топшириқ бердилар.
Бир нарсани аниқ билиш керак, шифо ўринлари сонига қараб, шифокорлар ставкаси белгиланади. Бу бўйича Ўзбекистонда ўрнатилган тартиб бор. Баъзи ҳолатларда шифохона эски тартибда ишлаяпти, фақат уларга ётқизилаётган беморлар тури ўзгарди. Эски тартиблар ўзгартирилмаган бўлиши мумкин. Президент ҳам, Бош вазир ҳам аниқ бундан кейин пневмония белгилари бор беморларни, коронавирус лаборатория натижалари аниқлангунга қадар шифохонага ётқизиш кераклиги тўғрисида топшириқ берилди. Биз шундай фикрдамизки, уларни таҳлил натижалари йўқ бўлса ҳам коронавирус касаллиги сабабли пневмониядан азият чекяпти. Табиатнинг ўз қонун қоидалари бор. Бир вақтнинг ўзида микроорганизмга иккита душман ҳужум қилмайди. Пневмониянинг сабабчиси бевосита коронавирус бўлиши мумкин. Агар қайсидир шифокорга пуллар тўланмаган бўлса, албатта аниқлик киритилади ва тўланади. Вазият ижобий томонга ўзгарганда буларни барчаси таҳлил қилинади. Давлат ваъда қилдими, демак устидан чиқади.
Ф.Н.: ― Битта бўлимда элликта бемор борлиги ва унга биргина шифокор қараётганини қандай изоҳлайсиз?
Н.Т.: ― Сиз айтган муассасага мўлжалланган штаб бирликлари бор, масалан юқумли касалликлар шифо ўринларида 30 та ўринга битта шифокор белгиланган. Лекин ҳозирги коронавирус туфайли, беморлар орасида оғирлари кўплиги туфайли, бу штат бирликлари нечта шифо ўринга қанча шифокор ставкаси берилиши масаласи қайта қайта кўриляпти. Агар усиз айтаётган шифохона шифокори беморларга қараб улгурмаётган бўлса, шифохона маъмурияти бу масалага ечим беради. Бундан бошқа ечим йўқ, чунки беморларнинг барчаси тиббий ёрдам олиш ниятида.
Ф.Н.: ― Ўзбекистонда коронавирусга чалинган ва ундан вафот этган тиббиёт ходимлари қанча?
Н.Т.: ― Коронавирус касаллигига чалинган тиббиёт ходимлари ҳақида аниқ рақамларни эслай олмаслигим мумкин, лекин мен биламан тиббиёт ходимлари коронавирус касаллигига биринчи рўбарў келди. Мендаги рақамлар жиддий адаштириб қўймаса, коронавирусга чалинган тиббиёт ходимлари сони 300 дан кўпроқ. Айни шу касалликдан вафот этган ходимлар ҳақида ҳам эшитяпмиз. Баъзи холларда айни шу касалликдан вафот этгани айтилмаса ҳам бошқа ёндош калликдан вафот этиб шу вақтнинг ўзида коронавирус касаллиги аниқланган ҳолатлар бўлиши мумкин. Вафот этган ходимларга аниқлик киритишим лозим. Тиббиёт ходимларини коронавирусдан вафот этган ҳолати ва унга соғлиқни сақлаш вазирлигининг муносабатини ўқиганман.
Ф.Н.: ― Касалхоналарда пневмониядан ҳафтасига 40 киши вафот этаётгани айтиляпти. Бу ҳақиқатда зотилжамми ёки Қозоғистондагидек ҳали номаълум касалликми?
Юқумли касалликлар тарқалиш майдонида, одамзодни бир вақтнинг ўзида иккита душмани бўлмайди. Қозоғистонда пневмония тарқалаётганлиги тўғрисида ёки номаълум пневмония одамларни ўлимига сабаб бўлаётгани ҳақидаги ахборотларга мен ишонмайман. Битта одамни иккита дўсти душманлик қилиши мумкин, лекин микроорганизмилар бу борада бир-бирига садоқат қилади. Бири бор майдонга иккинчиси бурнини тиқмайди. Уларда антагонизм ва синиргизим деган ҳолат бор. Ҳозир бизни рўпарамизда турган касаллик қўзғатувчи бу COVID-19 вируси. Бошқа пневмония ҳақида гап бўлиш мумкин эмас. COVID-19 вируси кўпайиб кетган, грипп парогрипп вена ва рея вирус қўзғатувчилар ҳам қисман камайиб унга йўл бериб турипди. Қачонки бу вирус ортга чекинса, бу бўшлиққа бошқа касаллик қўзғатувчи кириб келиши мумкин. Агар бизда пневмония кўпайиб кетди десак, бунинг сабабчиси сифатида коронавирусни кўришимиз керак.
Ф.Н.: ― Лекин таҳлил давомида аниқланмасачи?
Албатта, тестларни ҳам ўзига яраша сезгирлик даражаси бор. Биласизми, қачон биз касаллик бўла туриб манфий натижа оламиз, яъни касаллик борлигини тасдиқлай олмаймиз. Биринчидан, касаллик энди бошланган даврда, ҳали вирус миқдор жиҳатидан кўп бўлиб, вирус юкламаси ўта паст бўлган вақтида таҳлил олинса, реогентлар вирусни илғаб ололмаган бўлиши мумкин. Иккинчи сабаб касаллик ўтиб кетиб вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага келган ва шу даражада юқорилаган бўлса реогентлар чалғиши мумкин. Яна бир сабаб ишлатаётган тест системаларимиз сифат нуқтаи назаридан панд бериши мумкин. Ҳозир Ўзбекистонда тўрт хил тест системаси ишлатиляпти, ҳар намуна олиш техникасига амал қилмаслик, олинган намунани ташиш техникасига амал қилмаслик, намунани олган вақтда жойлаштирадиган консервантни сифатини бузиб қўйиш ҳолатларда шундай лаборатория натижасига таъсир қилиш ҳолатлари мавжуд.
Ф.Н.: ― Бир нарсани айтиб ўтиш керак, аввал ҳам бизда икки томонлама пневмониядан касалланган беморлар бўлган. Лекин ўлим ҳолати кам бўлган. Айни икки томонлама пневмониядан касалланса, ҳам уларда қайта-қайта таҳлил топширса, ҳам натижада коронавирус йўқлигини кўрсатяпти. Ҳафталаб ҳарорат кўтарилиб, азият чекишса ҳам шифохоналар қабул қилмаяпти. Бу вазиятда кимга мурожаат қилиш керак?
Бу бўйича алоҳида Республика махсус комиссияси икки кун муқаддам айни шу масалани муҳокама қилди. муҳокама мавзуси фуқарода коронавирус тести бўлмаса, шифохонага қабул қилинмаётгани бўлди. Алоҳида топшириқ берилди. Коронавирус натижаси бор йўқлигидан, лабораторияда текширилган текширилмаганидан қатъий назар, тана ҳарорати кўтарилиб пневмония белгилари кўрилса, барча шифохоналарга ётқизилиши бўйича. Бунинг учун мавжуд шифохоналар профилини ўзгартириши керак бўлса, нафақат соғлиқни сақлаш тизими, балки ИИВ, Темир йўл ёки Мудофаа вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларни ҳам айнан профилини ўзгартириб, бу каби беморларни қабул қилишга тайёрлаш бўйича топшириқ бўлди. Бундан кўриниб турибдики, бу каби шахсларни даволаниши учун барча шароитлар ишга солинган. Ҳозирнинг ўзида республикани қайси шифохоналарни қандай кетма-кетликда профилини ўзгартириб провизор шифохона сифатида, нафақат провизор шифохона сифатида, балки касаллиги тасдиқланмаган шу билан бирга пневмония клиник белгилари мавжуд беморларни ҳам даволаш учун шароитлар қилинади. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Анварович Мусаев бошчилигида, лаборатория таҳлилларидан тортиб, шифохонага ётқизиш, қолаверса Call-марказлар, тез ёрдамни алоқа тизимини мукаммаллаштириш ва уни бир тизимга қўйиш бўйича алоҳида штаб ташкил этилган ва кеча-кундуз ишлаяпти. Муаммолар кам вақтида унчалик кўринмади, энди беморлар ва мурожаатчилар сони ортгандан сўнг, қандай муаммолар борлиги, нималар эътибордан четда қолгани кўринди. Кечагина Президентимиз ҳудди сиз бераётган саволларни алоҳида эътироф этдилар. Биз вазиятни муаммони билиб уни ечимини топишга ҳаракат қиляпмиз
Ф.Н.: ― Бот-бот коронавирус статистикаси яширилмаётгани айтилди. Аммо ИИВ ходимлари шу касалликдан ўлгани 3 кун ўтиб мажбуран айтилди. Буни қандай изоҳлайсиз?
Н.Т.: ― Бир нарсани айтишим керак, юқумли касалликларни яшириш жуда ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундан ҳеч ким фойда кўрмайди. Халқимизда мақол бор “касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, бу мақол айни шу вазиятга ас қотади деган фикрдаман. Яширишдан наф йўқ. Ҳозирги кунда касалланганлар сони ўн тўрт минг эмас, йигирма беш минг деб айтиб, ёки ўлганлар сонини кўпайтириб айтилгани билан ССВ ёки Республика комиссияси фаолияти кескин қоралаб юборилмайди. Негаки улар барча имкониятларни ишга соляпти. Барча имкониятлар ишга солингани учун ҳам бизда ҳар куни бир неча минглаб касалланиш ҳолатлари йўқ. Буни яширишдан манфаат йўқ. Баъзи ҳолатларда бир шахсни коронавирусдан вафот этганини оммага айтиш учун ҳам, уни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак. Балки вафот этган одам коронавирусга чалингандир, лекин лаборатория тестини топширмагандир. Пневмониядан вафот этган. Ахборотни тақдим этишдан аввал уни чуқур ўрганиш нимага асосланганини билиш ундан кейин халққа етказадиган шаклга келтириш керак. Мен соғайганларни эмас, шифохонада ётиб истироб чекиб, жони ҳиқилдоғида ҳилпираб турганларни кўпроқ кўрсатиш керак, деб айтаман. Одамлар уларни кўрсин кўзи очилсин, эҳтиётини қилсин деган гапни жуда кўп таъкидладим. Биласизми, биз касалланганлар сонини кўпроқ қилиб кўрсатиб одамларни хушёр тортиришга чақиришимиз мумкин. Лекин бундан ҳеч ким манфаат кутаётгани йўқ.
Ф.Н.: ― ИИВ ходимларидан бирида таҳлил натижалари бўлган бирида эса оламдан ўтганидан сўнг натижалар унда вирус борлигини кўрсатган. Лекин бу ҳақда ССВни хабари йўқ биз маълумотларни ИИВ дан олдик. Ва хабар QALAMPIR.UZʼда эълон қилинганидан сўнг “ССВдан жавоб кутамиз”, деган сўзларни қўшимча қилдик ва кейин муносабат билдирилди.
Н.Т.: ― Мен Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясида ишлайман. Биз ССВ таркибидаги тизим эмасмиз, уларда алоҳида штаб ва матбуот хизмати бор. Ўйлайманки, улар бу саволга аниқ жавоб беришади. Лекин яширишдан фойда йўқ эканини аниқ айта оламан.
Ф.Н.: ― Ижтимоий тармоқларда COVID аниқланмаган ва муолажа қилинмаган фуқаролардан 30-35 млн сўмга хизмат кўрсатилгани тўг‘рисидаги ҳужжатни имзолаш талаб қилинган. Бу ҳолатга муносабатингиз?
Н.Т.: ― ССВ расман берган маълумотда карантинда бўлган шахс учун кун давомида 2,5 миллион сўм сарфланган. Бу ерда асосан таом, телефон алоқаси, канализация ва электр тизими учун ҳисобланган. Карантинда турган одамга Давлат қанча пул сарфлаганини айтиб турса қандай қилиб у 30-35 миллионга қўл қўяди мантиқан асосни кўрмаяпман.
Ф.Н.: ― Лекин бу бирмас бир неча ўнлар фуқароларнинг гапи.
Н.Т.: ― Қани ўша одамлар, маълумотни қаердан олди. Ҳозир биз ахборот майдонида яшаяпмиз. Ҳар бир гапимиз турли кўринишда етиб бориши мумкин. Аниқ айта оламан бундай бўлиши мумкин эмас. Карантиндагилар у ерда даволанмайди. Айнан шу гапираётган одамлар мулоқот майдонига чиқишсин. Қаерда сақлангани ва қайси тиббиёт ходими унга имзо чектиргани ҳақида айтсин. Агар биз фактлар билан гаплашадиган бўлсак, ундай одамларга албатта жавоб берилади. “Ҳар тўкисда бир айб”. Ҳозир ижтимоий тармоқларда санитария эпидемология осоишталиги вилоят марказларининг баъзиларга жиноий иш қўзғатилганлиги, уларни уйидан ҳатто пул топилганлиги, жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида гаплар тарақлаяпти. Бу рост гап, бу исботланган. Буни агентлик ҳам ССВ ҳам тан олди. Бу ҳақда ахборотлар кетди. Мана шундай мушкул даврда бу каби қабихликларга қўл урган одам, албатта жазоланади. Қонун устуворлиги албатта таъминланади. Биз бугун бўлмаса, эрта бир кун ҳар биримиз назорат остига тушамиз. Айни шу даврда нима иш қилдик, нима самара келтирдик, қанча зиён-фойда келтирдик барчаси сарҳисоб бўлади. Кимнидир талаб, кимнидир тунаб, жазосиз қолиш мумкин эмас.
Ф.Н.: ― Ўзи шифокорга мурожаат қилиш йўл йўриғи қандай?
Н.Т.: ― Коронавирус касаллигига чалинган одамларга тиббий ёрдам кўрсатилади. Демак, бемор ёки касалликни клиник белгисини билган шахс, поликлиникасига мурожаат қилиши керак. Телефон орқали мурожаат қилиб агар намуна олиш керак бўлса, туман санитария-эпидемология осойишталик агентлигига мурожаат қилади ва улар бориб хонадонда намуна олиб лабораторияга олиб боришади. Лабораториялар вилоят даражасида бўлгани учун бу Тошкент шаҳри вилоятлар марказидаги санитария-эпидемология осойишталик марказлари илмий текшириш институти марказларида бўлиши мумкин. Лаборатория натижаси чиқса, бу ҳақда шошилинч хабарнома айнан санитария-эпидемология осойишталик марказига хабар берилади. Бир вақтнинг ўзида бу хабар ИИВ ва Миллий гвардияга айтилади. Ундан кейин туман тиббиёт бирлашмаси, яъни поликлиника беморни уйидан олиш ва касалхонага жойлаш масаласи билан шуғулланади. Агар шу тизим бўлмаса, 1003 Call-маркази ва 103 рақами орқали тез ёрдамга мурожаат қилиш мумкин. Аслида одамларни мурожаати билан поликлиникалар шуғулланиши керак. У ерда мобил гуруҳлар ташкил этилган.
Ф.Н.: ― Лекин улар қўнғироққа жавоб беришмайди.
Н.Т.: ― Энди бу масалани икки кун бўлди бу тартиб ишланганига ва улар шакллантириляпти. Назаримда биз бир ҳафтадан сўнг суҳбатлашсак бу саволларга ўрин қолмайди. Ҳозир шу тизимни йўлга қўйишга эътибор қаратилган.
Ф.Н.: ― Вақт ажратганингиз учун катта раҳмат. Соғ-саломат бўлинг.
LiveБарчаси