Сиёсий можаро. Машҳур турк клублари муҳим ўйиндан бош тортди
Спорт
−
30 Декабрь 2023
9261Кеча, 29 декабрь куни Туркия футболининг гранд клублари “Галатасарой” ва “Фенербахче” мамлакат Суперкубоги учун тўқнаш келиши керак эди. Ўйин Ар-Риёдда ўтказилиши режалаштирилганди, бироқ ҳар икки жамоа ҳам стадионга келмади.
Ўйин бошланишидан олдин ҳам ҳар икки клуб вакиллари ва Суперкубок ўйини мезбонлари ўртасида зиддият юзага келган. Футболчилар старт ҳуштаги чалингунча, майдонга Мустафо Камол Отатуркнинг сурати туширилган футболкаларини кийиб чиқишни хоҳлаган. Бироқ маҳаллий ҳокимият бу қарорни маъқулламаган. Натижада жамоалар ўйиндан бош тортган.
Туркия футбол федерацияси, “Галатасарой” ва “Фенербахче” қўшма баёнотида “ташкилотдаги баъзи муваффақиятсизликлар туфайли” ўйин ўтказилмаслигини айтди.
"29 декабрь, жума куни бўлиб ўтиши режалаштирилган Суперкубок-2023 баъзи ташкилий узилишлар туфайли клубларимиз билан биргаликда қабул қилган қароримиз натижасида бошқа санага кўчирилди”, дейилади хабарда.
Катта эҳтимол билан бу ўйин Туркияда ўтказилиши мумкин.
Қайд этиш жоиз, бу Саудия Арабистони вакиллари иштирокидаги жорий мавсумдаги биринчи сиёсий можаро эмас. Октябрь ойида “Ал-Иттиҳод” ОЧЛ доирасида “Сепахон” билан меҳмонда ўйнашдан бош тортган эди. Бунга Эрон томони жамоаларнинг ечиниш хонасидан майдонга чиқиш жойига ўрнатган Қосим Сулаймоний бюсти сабаб бўлганди.
LiveБарчаси