Сиёсат шоуга айланганда: “Давлат аҳволи” драмаси
Олам
−
17:17 2330 2 дақиқа
Бир пайтлар АҚШ президентининг Конгрессга қисқа ҳисоботи бўлган “Давлат жорий аҳволи” тўғрисидаги нутқ бугун прайм-таймдаги сиёсий қарама-қаршилик саҳнасига айланган. Қаттиқ қутблашув шароитида у энди нафақат сиёсатни баён қилиш, балки рақибга очиқ сигнал йўллаш, аудиторияни сафарбар этиш ва тарихий кадр яратиш майдонидир.
Қисқа ҳисоботдан жонли шоуга
1790 йилда Жорж Вашингтон 1 089 сўзлик қисқа нутқ билан Конгрессга мурожаат қилган. 1801 йилда Томас Жефферсон шахсан чиқиш ўрнига ёзма мурожаат йўллаш анъанасини бошлаб берган; бу амалиёт бир асрдан зиёд давом этган. 1913 йилда Вудро Вильсон жонли нутқни тиклаган.

1947 йилда Гарри Труман биринчи телевидение орқали эфирга узатилган нутқни қилган. 1965 йилда Линдон Жонсон прайм-тайм форматига ўтган. Шу пайтдан бошлаб кечки чиқишлар сиёсий драматургияга айланган: ҳокимият партияси чапак чалади, мухолифат намойишкорона жим қолади.

Узаяётган нутқлар, кучаяётган кескинлик
Замонавий нутқлар аввалгилардан анча узун. 2000 йилда Билл Клинтон 1 соат 28 дақиқа 49 сониялик рекорд ўрнатган. 2025 йилда Дональд Трамп нутқи 1 соат 39 дақиқа 32 сония давом этган.
.jpg)
1982 йилда Рональд Рейган махсус меҳмонларни чақириш анъанасини бошлаган. Баъзан бу қадамлар ҳам баҳсли бўлган — масалан, 2020 йилда Трамп радио бошловчиси Раш Лимбоғга “Президент эркинлик медали”ни берган.

Вирусга айланган қарама-қаршиликлар
Сўнгги йилларда энг эсда қоларли лаҳзалар сиёсий тўқнашувлар бўлган. Республикачи Жо Уилсон Барак Обамага “Сиз ёлғон гапиряпсиз!” деб бақирган. 2020 йилда Палата спикери Нэнси Пелоси Трамп нутқининг нусхасини эфирда йиртиб ташлаган. Жо Байден нутқида ҳам республикачиларнинг бақириқлари ва ўзаро тортишувлар кузатилган. Умуман олганда, нутқлар энди фақат сиёсат эмас — символик жангга айланиб улгурди.

Сиёсатни ўзгартирган нутқлар
Айрим мурожаатлар тарихий бурилиш нуқтаси бўлди. 1941 йилда Франклин Рузвельт “Тўрт эркинлик” ғоясини илгари сурган. 1996 йилда Клинтон “катта ҳукумат даври тугади” дея янги сиёсий йўналишни эълон қилган. 2002 йилда Жорж Буш Ироқ, Эрон ва КХДРни “ёвузлик ўқи” деб атаган.

Бугун Давлат аҳволи ҳақидаги нутқ – бу бир вақтнинг ўзида ҳисобот, сайловолди сигнал, партиявий сафарбарлик ва жонли сиёсий спектакль. У ерда чапак чалишлар, сукунат ва ҳатто намойишкорона ҳаракатлар ҳам хабарнинг ўзи каби аҳамият касб этади.
Live
Барчаси