Сирдарёлик снайпер қиз ёхуд 129 фашистни тинчитган қаҳрамон
Жамият
−
09 Май 2021
41336Унинг исми Зебо. Иккинчи Жаҳон уруши бошланганда у атиги 16 ёшда эди. 1941 йилда фашистлар Германияси Совет давлатига ҳужум қилганда 18 ёшли Зебо Москвадаги Театр санъати институтида таҳсил оларди. Ўша пайтда талаба қиз юртига қайтишни эмас, балки фронтда жанг қилишни афзал билди. Ахир, 14 ёшидаёқ етим қолган бўлажак қаҳрамонни уйда кутар одами ҳам йўқ эди. Зебо қирғинбарот уруш йилларида ўн олти марта ҳарбий разведкага чиқиб, 129 фашистни йўқ қилди. Шу орада 33 маротаба жарроҳлик операциясини бошидан ўтказиб, ўлимни ҳам енгди. Кўрсатган жасорати учун кўп маротаба тақдирланди. Урушдан сўнг эса бахтли ва муваффақиятли ҳаётини йўлга қўйди. Дипломатга турмушга чиқди, она бўлди. Кейинчалик тарихни чуқур ўрганиб шарқшунослик бўйича доктор унвонини олди, қадр топди. Қуйида чинакам қаҳрамон, кучли ўзбек аёли ҳаётига назар соламиз.
Урушгача бўлган давр
Зебонинг қаерда туғилгани ҳақида, турли маълумотлар мавжуд. Қамариддин Усмонов муаллифлиги остидаги Тарих дарсликларида Зебо андижонлик дейилган бўлса, Озарбайжон ССР энциклопедиясига кўра, у туғилган жой ҳозирги Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрига тўғри келади.
Отаси озарбайжонлик, онаси ўзбек эди. Зебо ҳали балоғатга етмасдан ота-онаси тирик бўла туриб, етим қолди. Гап шундаки, 1937 йилда унинг онаси сургун қилинди, отаси эса қизининг ҳаётини сақлаб қолиш учун ундан воз кечишга мажбур бўлди. Ўша йилнинг ўзида Зебо Тошкентга келди ва Ўзбек филармониясининг хореография бўлимига ўқишга кирди. Кейинчалик у ўқишини Москвадаги Театр санъати институтида давом эттирди.
“Иккинчи Жаҳон уруши” сари олға
1941 йилда бошланган “Улуғ ватан уруши” қаҳрамонимизнинг режаларини барбод қилиб, ҳаётини баттар алғов-далғов қилиб юборган бўлса-да, у ортга қайтмади, бекинмади. Балки, ихтиёрий равишда фронтга отланганлар сафига қўшилди. Дастлаб, урушга тайёрлов тезкор курсларида радио билан ишлаш, разведка операцияларида қатнашиш, кейинроқ эса снайпер винтовкаси ва пулемётни қўллаш бўйича бирламчи кўникмаларни олди.
1941 йилнинг октябридаёқ у Москва яқинидаги дивизиялардан бирининг пулемётчилар ротасида жанг қила бошлади. Қизнинг теран ақли, ўткир кўзлари жуда қисқа вақт ичида унга мерганликни ўрганиб олиш ва фашистларни йўқ қилишда қўл келди. У тез-тез разведкага ҳам бориб турди.
Шундай операциялардан бири қишнинг қоронғу бир тунида амалга оширилди. Зебо дугонаси Нина Соловей билан душман аскарлари қўним топган ҳандақ томонга эмаклаб борди. 8 соат қор устида қимирламай ётган қизлар немислар нима билан шуғулланаётганини кузатди. Бу даврда дивизиядагилар разведкачи қизларни совуқда музлаб қолган, деб ўйлашганди. Лекин улар қимматли маълумотларни қўлга киритиб, ортга қайтди.
Муваффақиятли ўтган разведка операцияларидан сўнг, Зебо снайпер винтовкасида отишни бошлади. Дастлабки ўқни узиш ҳар қайси аскар каби Зебо учун ҳам психологик жиҳатдан оғир бўлди. Кейинчалик, у ўқни ўта аниқ уза олиши натижасида 1942 йилнинг апрель-май ойларидаёқ 21 нафар фашистни йўқ қилди. Шу аснода бирин-кетин душманларни ер тишлатиб, 1941-1943 йиллар оралиғидаги ҳарбий хизмати давомида 129 фашистни тинчитди. Шу давр мобайнида 33 марта такрор ва такрор яраланган Зебо соғайиб яна ва яна уруш майдонларига қайтди.
Зебо учун уруш тугади
1943 йил август ойида Демянскда бўлган жангда Зебо Ғаниева оғир ярадор бўлди. Буниси сўнггиси бўлди. Зебо ўша ерда ўлиб кетиши ҳам мумкин эди. Буни қарангки, бир неча дўстлари – Нина Соловей, Фёдор Кириллов ва Яков Коляколар жонларини хатарга қўйиб, яраланган Зебони жанг майдонидан излаб топиб, олиб чиқиб кетди.
У фақат мўъжиза туфайли омон қолди. Айнан ўша пайтда жанг майдонидан бир ҳарбий самолёт Москвага учиши керак бўлган ва Зебони айнан ўша самолётга чиқариб юборишган. Москвадаги госпиталда унга энг яхши шифокорлар ғамхўрлик қилди. Зебо 11 ой давомида тўшакка михланган ҳолда ўлим билан олишди. Бу даврда собиқ СССР Олий Кенгаши Раёсатининг раиси Николай Михайлович Шверникнинг аёли Мария Фёдоровна Зебо оёққа тургунига қадар унинг бошидан кетмади, ғамхўрлик қилди. Зебо соғайгач эса Мария Фёдоровна кўзида қувонч ёши билан “одатда оналар боласини 9 ой кўтариб юради, мен эса 11 ой”, деб хурсанд бўлди.
Сокин ҳаёт томон ташланган қадамлар
Шифохонадан чиққанидан сўнг, ўзбек қизини Мария Фёдоровна ўз оиласига қабул қилди. Урушдан кейин Зебо Ғаниева яна санъатга қайтди ва “Ўзбекфильм” дурдонасига айланган “Тоҳир ва Зуҳра” фильмида Хоразмнинг гўзал маликаси Моҳим ролини ўйнади. Бироқ, урушда олган жароҳатлар барибир ўз сўзини айтди ва, афсуски, “Тоҳир ва Зуҳра” фильми Зебо учун илк ва сўнггиси бўлиб қолди.
Қаҳрамон қиз Озарбайжон дипломати Тофик Қодировга турмушга чиқди ва ўғил фарзандлик бўлди. Кейинчалик тарих билан шуғулланган Зебо шарқшунослик фанлари доктори, профессор даражасига кўтарилди.
Иккинчи жаҳон урушидаги хизматлари учун ўзбек қизи “Москва мудофааси учун”, “Қизил байроқ”, “Қизил юлдуз” ордени ҳамда I даражали “Улуғ ватан уруши” орденлари билан мукофотланди. Узоқ ва мазмунли 87 йил умр кўрган Зебо Ғаниева 2010 йилда Москвада вафот этди.
LiveБарчаси