Сирдарёда “лайк” йиғиш учун ИИБ ходими кийимида рақсга тушган йигит қамалди
Жамият
−
07 Февраль 2021
15531Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ички ишлар ходимининг хизмат кийимини кийиб, рақс тушган йигит ва уни видеога туширган бола қўлга олинган. Бу ҳақда Zamon информацион дастурида маълум қилинди.
Хабар берилишича, Мирзаобод туманининг “Боғистон” маҳалласида 1995 йилда туғилган, автомобилларни ювиш билан шуғулланувчи Ҳасан Дўстов ички ишлар ходимларининг хизмат кийимини кийиб жамоат жойида юриш-туриш ва одоб-ахлоқ қоидасини бузган холда таниши, вояга етмаган Диёрбек билан рақс тушганини тасвирга олган ва уни ижтимоий тармоқларга жойлаган.
Кейинчалик, ушбу фуқароларнинг шахси аниқланган. Ҳасан Дўстовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 209-1-моддаси (хизмат кийимини рухсатсиз белгиланмаган тартибда кийиш) билан айблов эълон қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод тумани судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтган. Суд ҳукмига кўра, Ҳасан Дўстовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига асосан 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Уни видеога туширган, вояга етмаган Диёрбекнинг иши Мирзаобод тумани ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясида кўриб чиқилади.
“Мақсадимиз лайк йиғиш эди. Қилган ишимдан пушаймонман”, дейди Диёрбек.
LiveБарчаси