Сирдарё бўйидаги Президент очган ресторан ёниб кул бўлди (видео)

Олам

image

Жорий йилнинг 19 июнь куни кечқурун Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги собиқ “Темурмалик” номи билан машҳур “Яккасарой” ресторанида кучли ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган, бироқ ёнғин оқибатида бино деярли бутунлай вайрон бўлган.

Умумий майдони 631 квадрат метр бўлган уч қаватли бинонинг юқори икки қавати бутунлай ёниб кетган. Бинонинг қолган қисми ҳам жиддий зарар кўрган бўлиши мумкин, аммо зарарнинг аниқ миқдори ҳали аниқланмаган.

Воқеа жойида ҳозир бўлган шаҳар ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларидан бири “Asia-Plus” мухбири билан суҳбатда қайд этишича, ёнғинга ўтин ёнига улоқтирилган мангал панжарасидан ёнаётган кўмир сабаб бўлган.

У газ портлаши ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, агар газ портлаши содир бўлганида, ҳаммаси бутунлай бошқача кўринишга эга бўларди.

Маълумот учун, 2019 йилнинг 2 апрель куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон иштирокида “Темурмалик” ресторани очилди ва кейинчалик “Яккасарой” деб номланди. У Сирдарё соҳилида Камоли Хўжанди боғи ёнида жойлашган бўлиб, кема шаклида қурилган.

Ертўлада 100 ўринли кафе, биринчи қаватда 200 ўринли ресторан, учинчи қаватда ёзги терраса жойлашган эди.

Олти йиллик фаолият давомида ресторан тўй ва маъракаларни ўтказиш учун вилоятдаги энг машҳур масканлардан бирига айланди. Илгари мазкур муассаса “Абдурашид” МЧЖ раҳбари Абдурасул Ражабовга тегишли бўлиб, халқ қаҳрамони Темурмалик номи билан аталган. Кейинчалик ресторанни Яккасарой тармоғи эгаси сотиб олиб, номини ўзгартирган.

Ташкилот вакиллари ёнғин ҳақида изоҳ беришдан бош тортган. Сўғд вилояти Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ҳам етказилган зарар сабаблари ва кўламини ошкор қилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Сирдарё Имомали Раҳмон Темурмалик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг