Синдоров дуранг билан етакчиликни сақлаб қолди
Спорт
−
08:19 2673 1 дақиқа
Кипрда ўтаётган шахмат бўйича Номзодлар турнирининг биринчи давраси якунида ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров пешқадамликни қўлдан бой бермади.
Кипр мезбонлик қилаётган FIDE Candidates Tournament 2026’нинг 7-турида ўзбекистонлик шахматчи нидерландиялик Аниш Гири билан дуранг қайд этди. Ушбу натижа Синдоровга 6 очко билан турнир жадвалида етакчиликни сақлаб қолиш имконини берди.
Номзодлар турнирида илк бор қатнашаётган Синдоров мусобақани ҳозирча мағлубиятсиз давом эттирмоқда. У аввалги турларда Андрей Есипенко, Рамешбабу Прагнанадҳа, Фабиано Саруана, Ҳикару Накамура ва Веи Йи устидан ғалаба қозонган. Фақат Маттиас Блубаум ҳамда Гири билан ўйинлар дуранг билан якунланди.
15 апрелгача давом этадиган турнир ғолиби амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши жаҳон чемпионлиги учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади. 500 минг АҚШ доллари мукофот жамғармасига эга мусобақанинг иккинчи давраси 7 апрель куни старт олади.
Live
Барчаси