Сигирни зебра қилиб бўяган олимлар Шнобель мукофотига сазовор бўлди

Бу қизиқ

image

11 нафар япон олимлари чорва молларига зебра шаклидаги чизиқлар чизиш уларга қўнадиган ҳашаротлар сонини сезиларли даражада камайтиришини кўрсатган тажрибаси учун биология йўналиши бўйича Шнобель мукофотини қўлга киритишди. Бу ҳақда “Kyodo” агентлиги хабар берди. 

2019 йилда нашр этилган япон тадқиқотига кўра, сигирларга оқ-қора чизиқли тасвир тушириш чақувчи пашшалар ҳужуми билан боғлиқ иқтисодий йўқотишларни камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Зараркунандаларга қарши кураш сигирларнинг ўтлаш ва дам олиш вақтига салбий таъсир қилади, шунингдек, уларни жароҳат олиш хавфига дучор қилади. Мутахассислар баҳосига кўра, бу ҳолат АҚШ чорвачилигига йилига 2,2 миллиард доллар миқдорида зарар келтиради. Япон сигирларига сувда эрувчан бўёқлар билан чизиқлар туширилганда тадқиқотчилар ҳашаротлар сони 50 фоизга камайганини кузатган. Манбаларда қайд этилишича, чизиқлар билан ишлов бериш пестицидларга муқобил бўлиши мумкин.

Кеча, 18 сентябрь куни АҚШнинг Бостон шаҳридаги Гарвард университетида Шнобель мукофотини топширишнинг 35-маросими ўтказилди. Маросим ташкилотчилари сигирларни бўяш тўғрисидаги мазкур тадқиқот илмий асосни кенгайтирганини таъкидлади. 
“Kyodo” агентлигига кўра, 19 йилдан бери ҳар йили камида бир япон фуқароси “Annals of Improbable Research” номли илмий-юмористик журнал томонидан танланган лауреатлар орасига кирмоқда. Журнал 1991 йилдан бери нуфузли Нобель мукофотининг пародияси сифатида Шнобель мукофотини топшириб келади.

Шнобель мукофоти (“Ig Nobel Prize”) – кулгили ва кутилмаган тадқиқотлар учун бериладиган мукофот. Бу гал ҳам физика, биология, педиатрия, авиация, озиқ-овқат, психология, адабиёт, муҳандислик дизайни, кимё каби йўналишлардаги олим ва тадқиқотчилар тақдирланди.

Айрим лауреатлар ва уларнинг ютуқлари:

  • Адабиёт: америкалик олим Уильям Бин – 35 йил давомида тирноқ ўсишини таҳлил қилгани учун. Мукофот марҳум олимнинг ўрнига унинг ўғли Беннетга топширилди.
  • Кимё: Ротем ва Даниэль Нафталович ҳамда Фрэнк Гринуэй – “тефлон диетаси” бўйича тадқиқоти учун. Унда полиэтилтрафторэтилен озиқ-овқатга қўшилиб, ҳажм оширувчи, аммо калориясиз тўйдирувчи модда сифатида ўрганилган.
  • Тинчлик йўналиши: Фриц Реннер, Инге Керсберген, Мэтт Филд ва Жессика Вертманн – алкоголнинг чет тилидаги нутқ равонлигига ижобий таъсири ҳақидаги тадқиқоти учун.
  • Биология: япон олимлари – сигирларни зебра қилиб бўяш ва натижада уларга пашшалар безовта қилмаслигини исботлаган тажрибаси учун.
  • Физика: Жаково Барталуччи, Даниэль Бузиэлло, Маттео Чиарчи, Альберто Картицелли, Иван Ди Терлицци, Фабрицио Ольмеда, Давид Ревигнас, Винценцо Шимменти – “Cacio e pepe” соуси­нинг “фазавий ҳолати ҳаракати”ни илмий жиҳатдан асослаб бергани учун.

Мақола муаллифи

Теглар

сигир Шнобель

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made