Швейцария Украина бўйича навбатдаги конференция Европада ўтказилмаслигини айтди

Олам

image

Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида бўлиб ўтган форумга ўхшаш Украина бўйича навбатдаги конференция, катта эҳтимол билан, Европа давлатларида ўтказилмайди. Бу ҳақда Швейцария Ташқи ишлар федерал департаменти халқаро хавфсизлик департаменти раҳбари Габриэль Люхингер маълум қилди. 

“Бу (конференция), албатта, Европада ёки Ғарбда ўтказилмайди. Биз Бюргенштокда манфаатдор давлатлар билан музокаралар олиб бордик”, дейди у SRF телерадиокомпаниясига берган интервьюсида. 

Люхингер тадбир ташкилотчиси бўлиши мумкин бўлган давлатлар “тез орада ҳаракат қилади” деган фикрни билдирган.  

Швейцария ТИВ вакилининг таъкидлашича, навбатдаги конференцияда Россия қандайдир тарзда ишга қўшилиши керак. Унинг сўзларига кўра, Хитойсиз можарони ҳал қилишнинг ҳам имкони йўқ. 

“Бюргенштокда [Хитойни конференцияга] жалб қилишнинг иложи йўқлигидан хафа бўлдим”, дейди у. 

Люхингер Швейцария Хитой вакиллари билан алоқада эканлигини ва Россия билан муносабатларни сақлаб туришини қўшимча қилган. 

Украина бўйича конференция Украина томонининг ташаббуси билан 15-16 июнь кунлари Бюргенштокда бўлиб ўтди. 14 июнь куни эълон қилинган иштирокчиларнинг расмий рўйхатига 91 давлат, Сербиянинг Косово минтақаси ва 8 халқаро ташкилот киритилган. Форумнинг якуний коммюникесини 15 давлат: Арманистон, Баҳрайн, Бразилия, Ватикан, Ҳиндистон, Индонезия, Иордания, Ироқ, Колумбия, Ливия, Мексика, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Таиланд ва ЖАР имзоламади. Россия Бюргенштокга таклиф қилинмади. БМТ аъзоларининг аксарият делегациялари, хусусан Озарбайжон, Беларусь, Венесуэла, Миср, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Куба, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Эфиопия қатнашмаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг