Шольц ва Макрон АҚШга қарши бирлашмоқчи – “Politico”
Олам
−
28 Октябрь 2022 13849 2 дақиқа
Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция Президенти Эммануэль Макрон АҚШ билан инфляция даражасини пасайтириш бўйича Америка қонунини амалга ошириш бўйича келишувга эришмоқчи, бироқ музокаралар муваффақиятсиз якунланган тақдирда, улар жавоб чоралари вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда кеча, 27 октябрь куни “Politico” нашри Шольц ва Макроннинг Париждаги учрашуви якунлари бўйича хабар берди.
Германия ва Франция, Европа Иттифоқининг иқтисодий жиҳатдан энг қудратли давлатлари сифатида, шунингдек, жамиятнинг бошқа аъзолари Америка қонунини протекционистик ҳамда Европа саноати ва ишлаб чиқарувчиларига қарши зарба берувчи деб ҳисоблайди. Газетанинг ёзишича, Макрон ва Шольц АҚШнинг Америкада ишлаб чиқаришни йўлга қўядиган компанияларни субсидиялаш режалари бозор тамойилларини бузиши ва ишлаб чиқаришни ўз ҳудудига жалб қилишга қаратилгани борасида ҳамфикр эканини тасдиқлаган.
Нашрнинг ёзишича, икки давлат раҳбарлари агар Вашингтон ушбу қонунни ҳозирги шаклда амалга ошириш фикрида туриб олса, ЕИ ҳаракатсиз қола олмайди, деган фикрга келишган. Қонун солиқларни камайтириш, Қўшма Штатларда очилган корхоналар учун энергия имтиёзларини таклиф қилади ва одатда жамоатчиликни Америка маҳсулотларини сотиб олишга ундайди. Бу, шунингдек, Европа автомобиль ишлаб чиқарувчиларини алоҳида ғазаблантирувчи электромобиллар савдосига ҳам тегишли.
“Politico” нашрига кўра, Шольц ва Макрон Париждаги учрашуви якунида агар АҚШ Европа саноати зарарига қонунни қўллашда давом этса, Европа Иттифоқи “жавоб зарба беришига” ишора қилган. Гап АҚШ протекционизмига қарши чора-тадбирлар, яъни Европа Иттифоқидаги корхоналарни худди шундай тарзда субсидиялаш ҳақида бормоқда. Шундай қилиб, иттифоқ, Шольц ва Макроннинг фикрига кўра, Қўшма Штатлар инфляцияни камайтириш учун қонун орқали қўлга киритмоқчи бўлган адолатсиз рақобат устунликларини зарарсизлантириши мумкин. Бироқ, газетанинг таъкидлашича, бундай ҳаракат “трансатлантик савдо уруши”нинг янги босқичини келтириб чиқариши мумкин.
Live
Барчаси