Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги қурилиш ишлари билан танишди
Жамият
−
21 Февраль 2020
8066Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19-20 февраль кунлари ташриф билан Туркияда бўлди.
Давлат раҳбари Туркияга амалга оширилган самарали ва сермаҳсул ташрифнинг эртасигаёқ ўз иш кунини ҳар доимгидек қизғин фаолият билан бошлади. Бугун, 21 февраль куни Шавкат Мирзиёев жорий йил Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган қурилиш ва ижтимоий лойиҳалар билан танишди.
Президент ташаббуси билан аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, одамларнинг ҳаётдан розилигига эришиш, тиббий хизмат ва таълим сифатини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
2020 йилда Тошкентда кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган.
Хусусан, Бектемир туманининг “Мажнунтол”, “Бектемир”, “Олтин топган”, “Бинокор” маҳаллалари, Ҳусайн Бойқаро, Зироат кўчалари бўйлаб умумий узунлиги қарийб 18 минг погон метр янги ичимлик суви қувурлари ўрнатилиши мўлжалланган. Бунинг натижасида 6,8 мингдан ортиқ аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, пойтахт бўйлаб марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 100 фоизга етказилади.
Тошкент шаҳридаги “Бўзсу” ва “Салар” сув тозалаш иншоотларини қувватини суткасига 200 минг метр кубга ошириш режалаштирилган.
Тошкент шаҳрида бугунги кунда 1564 кўп қаватли уйларда аҳолига 5001 та лифт хизмат кўрсатмоқда. Мавжуд лифтларнинг 3343 таси муддатини ўтаб бўлган. Охирги 4 йилда 572 та лифт янгиланди.
Президентнинг Учтепа туманига ташрифи давомида берган топшириқларига мувофиқ 697 та лифтни янгилаш кўзда тутилган. Йилига 700 тадан лифт янгиланса, яқин 5 йилда пойтахтдаги муддатини ўтаб бўлган лифтларнинг барчасини алмаштиришга эришилади.
Жорий йилда Бектемир, Олмазор, Шайхонтоҳур, Яшнобод туманларида янги мактабгача таълим муассасалари қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, Бектемир ва Яшнобод туманларида мактаб, Сергели туманида кўп тармоқли шифохона, Чилонзор ва Яшнобод туманларида оилавий поликлиника, Сергели ва Олмазор туманларида янги маданият марказлари қурилиши белгиланган. Умумий ҳисобда 1,047 минг квадрат метр йўл таъмирланади.
Президент Шавкат Мирзиёевга ана шу лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Давлат раҳбари лойиҳаларнинг самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Уларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
LiveБарчаси