Шавкат Мирзиёев Рустам Қосимов оиласига таъзия билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, таниқли олим ва педагог Рустам Қосимов бугун, 7 май куни оғир касалликдан сўнг вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

Президент Шавкат Мирзиёев таъзияли хонадонга ташриф буюриб, марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Рустам Собирович Қосимов 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўқиб, меҳнат фаолиятини Тошкент сув хўжалиги институтида араб тили таржимонлигидан бошлаган. Кўп йиллар олий таълим соҳасида турли вазифаларда ишлаган. 2004-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари сифатида фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалар ривожига ҳисса қўшган. Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифаларида ишлаб келаётган эди.

Рустам Қосимовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланиб, 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.

Давлат раҳбарининг кўнгил сўраши оғир дамда марҳумнинг оиласига ҳамдардлик, катта далда бўлди.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо қилинди.

Президент марҳумнинг эзгу ишларини ёдга олди.

"Жуда қайғудаман. Қўлимиздан келганини қилдик. Худонинг иродаси экан. Ватанга садоқатли, фидойи, ақлли, миллатимизнинг зиёлиларидан бирини йўқотдик. Биз жуда кўп йиллари бирга ишлаганмиз, оғир кунларимиз ҳам бўлган. Ҳозир ҳам менга энг катта ёрдамчи, маслаҳатгўй эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ишларини фарзандлари давом эттирсин", деди Шавкат Мирзиёев.

Марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Рустам Қосимов

Баҳолаганлар

255

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг