Шавкат Мирзиёев Корея парламенти Спикерини қабул қилди

Жамият 2105
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Корея Республикаси парламентининг Миллий Ассамблея Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Делегация таркибида Ўзбекистонга спикердан ташқари Жанубий Корея парламентининг давлат бошқаруви, молиявий сиёсат, саноат, савдо, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари, маданият, спорт ва туризм каби устувор йўналишлар бўйича қўмиталарига аъзо 6 нафар депутат ҳам келган.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда парламентлар муҳим ўрин тутаётгани таъкидланган.

Давлат раҳбари фаол алмашинувлар давом этаётгани, кенг кўламли Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган. Жорий йил бошида икки мамлакат етакчиларининг онлайн-саммити муваффақиятли ўтказилди.

Пак Бён Сок самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президентига Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказган.

Учрашувда глобал иқтисодий вазият мураккаб бўлиб турган бир пайтда ўзаро савдо ҳажми сақлаб қолинишига эришилаётгани таъкидланган. Кореянинг етакчи компания ва банклари иштирокида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд янги инвестиция лойиҳалари тайёрланган. Умуман, Корея Республикасининг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.

Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши курашда кореялик шериклар томонидан катта амалий кўмак кўрсатилгани учун миннатдорлик билдирилган.

Миллий Ассамблея Спикери ва депутатлари мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги фаол саъй-ҳаракатлар учун, шунингдек, Сеулнинг Корея ярим оролидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги ҳаракатлари, Янги шимолий сиёсатни амалга ошириш доирасидаги минтақавий ташаббуслари қатъий қўллаб-қувватланаётгани учун Ўзбекистон Президентига самимий ташаккур изҳор этган.

“Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасидаги яқин мулоқотни давом эттириш муҳим экани таъкидланган.

Соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданият, гуманитар алмашинув соҳаларидаги қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 43
Рейтинг: 3.1
t
×