Шавкат Мирзиёев Халқаро валюта жамғармасининг бошқарувчи директорини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 апрель куни “Дяоюйтай” қароргоҳида Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди. 

Давлат раҳбари ХВЖ билан кейинги йилларда жадал ва тизимли тус олган ҳамкорлик даражасидан мамнунлигини билдирди. 

Кристин Лагард Халқаро валюта жамғармаси  комплекс иқтисодий ва таркибий янгиланишларни амалга ошириш жараёнида Ўзбекистонга  зарур барча ёрдамни кўрсатишни давом эттиришга қатъий интилишини таъкидлади.
 
ХВЖ Ўзбекистонда иқтисодий сиёсатга доир  жумладан аҳоли турмуш даражасини изчил яхшилашга хизмат қиладиган аниқ чораларни ишлаб чиқишда техник кўмак соҳаларини фаол кенгайтиришга тайёр экани қайд этилди. 
 
Халқаро валюта жамғармаси ўз таҳлилларига таянган ҳолда Ўзбекистон иқтисодий тараққиёти ҳолатини ижобий баҳоламоқда.  Хусусан, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши жорий йилда 5,5 фоиз, кейинчалик эса 6 фоизга етиши кутилмоқда. 

Жамғарма экспертларининг фикрича, Ўзбекистон муҳим ислоҳотларнинг илк босқичини муваффақиятли амалга оширди, шу жумладан, валюта муомаласи либераллаштирилди, солиқ тизими ислоҳ қилинди ва давлат статистикаси тизими тубдан яхшиланди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий масалалари кўриб чиқилди, унинг самарадорлигига юксак баҳо берилди. 
Жамғарманинг техник кўмаги туфайли янги солиқ сиёсати ва маъмуриятчилиги концепцияси ишлаб чиқилиб жорий этилгани, “Марказий банк ва валютани тартибга солиш тўғрисида” қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси тайёрлангани, Ўзбекистон Давлат бюджети илк бор ўрта муддатли асосда ишлаб чиқилгани, мамлакатимиз ХВЖ статистика маълумотлари тарқатишнинг умумий тизимига қўшилгани ижобий баҳоланди. 

Президент ва ХВЖ бошқарувчи директори фаол ҳамкорликни, аввало, пул-кредит сиёсати, банк тизими, солиқ-бюджет сиёсати, тўлов балансини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш соҳаларида давом эттиришга келишиб олдилар. 

Кристин Лагард Ўзбекистон Республикаси Президентини мазмунли муҳокама учун миннатдорлик билдирди ҳамда ХВЖ бошқарувчи директорининг 2019 йил июнь ойига мўлжалланган ташрифи давомида мулоқотни давом эттиришга умид билдирди. 

“Сиз Ўзбекистон аҳолиси фаровонлиги йўлида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларни ўз кўзим билан кўрмоқчиман”, деди Кристин Лагард.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг