Шавкат Мирзиёев бугун 6 мамлакат раҳбари билан коронавирус масаласини муҳокама қилади
Жамият
−
10 Апрель 2020
7429Бугун, 10 апрель куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус тарақалишига қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга бағишлаб видеоанжуман тарзида ўтказиладиган навбатдан ташқари саммитида иштирок этади.
Тадбир ташкилотда раислик қилаётган Озарбайжон ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Унда Туркий кенгашга аъзо бешта давлат – Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Туркия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари, шунингдек, Туркманистон Президенти ва Венгрия Бош вазири иштирок этиши кўзда тутилган.
Видеоанжуманга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг ҳам уланиши кутилмоқда.
Кун тартибига мувофиқ, томонлар коронавирус пандемияси тарқалишига йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашадилар.
Ушбу хавфли юқумли касалликка қарши курашиш мақсадида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинади ҳамда мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа ваколатли идоралари ўртасидаги шерикликнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилади.
Глобал эпидемиологик инқироз шароитида савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликнинг устувор лойиҳаларини янада илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Туркий кенгашнинг навбатдан ташқари саммити якунида Қўшма декларация қабул қилиниши режалаштирилган.