Шарқий ҳарбий округда ҳарбийларнинг инновацион ғоялар кўргазмаси ўтказилди

Жамият

image

“Фарғона” полигонида Шарқий ҳарбий округи тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида ихтирочилик, рационализаторлик ва инновацион ғоялар кўргазмаси ўтказилди.

Жанговар тайёргарлик, жанговар таъминот, техник таъминот, рекета артиллерия қурол-аслаҳалари ҳамда тарбиявий ва мафкуравий ишлар каби бешта йўналиш бўйича ўтказилган кўргазмани ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Фарғона “Темурбеклар мактаби”, Фарғона давлат университети ҳарбий кафедраси талабалари ва Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти тингловчилари бевосита кузатиб борди.

Кўргазма давомида ҳарбий хизматчилар томонидан кашф этилган ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳаларнинг тактик-техник хусусиятларини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши мумкин бўлган қурилмалар, ихтиролар намойиш этилди, фойдаланишда қулайлик яратувчи, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларини ўтказишда янги инновацион технологиялар ва ускунларни қўллаш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. 

90 дан ортиқ рационализаторлик ғоялари намойиш этилган кўргазма давомида иштирокчилар ҳали ҳеч ерда қўлланилмаган илғор техникалар билан танишди. Кичик сержант У.Матхалилов томонидан яратилган ва полигон учун хизмат қиладиган оғир шароитларда нишонларни кўтариб тушириш электрон мосламаси кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.

Шунингдек, лейтенант И.Ҳамидуллаевнинг макетда ўқ отиш машқини янгича усулда симуляция қилиш мосламаси, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар К.Амировнинг БТР-70 техникасида ташқи кучлар томонидан эҳтимолий ёнғин содир этилганида техника ичидан ташқарига чиқмай туриб ёнғинни ўчириш мосламаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Майор С.Очилов тақдим этган дала шароитида ахлоқий-руҳий таъминотни шакллантиришга хизмат қиладиган автоном автожамланманинг лойиҳаси ҳам йиғилганларга маъқул бўлди.

Ғолиблар Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков томонидан диплом ва эсадалик совғалари билан тақдирланди. 

5 та йўналиш бўйича ғолиблар кейинги босқичга йўл олди, уларнинг ғояларини амалиётда қўшинларда қўллаш бўйича таклифлар киритилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шарқий ҳарбий округ

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made

Мавзуга доир янгиликлар