Шахмат бўйича Президент кубогининг 6-кунги баҳслари якунланди

Спорт 1364
image

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясида старт олган шахмат бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирда 6-тур ўйинлари ортда қолди. Ушбу мусобақада дунёнинг 9 та давлатидан жами 104 нафар шахматчи дона сурмоқда.

6-тур ўйинларидан кейин мусобақада 4 нафар пешқадам шахматчи ажралиб турибди. Жумладан, ўзбекистонлик Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда Украина вакили Александр Моисенко устидан ғалабага эришди. Нодирбек Ёқуббоев эса қора доналарда бошқа бир украиналик шахматчи Виталий Сивукни мағлуб этди. Ҳар икки гроссмейстер ўз очколари сонини 5 тага етказиб олган ҳолда пешқадамлар сафидан жой олди.

Шунингдек, россиялик халқаро гроссмейстер Санан Сюгиров эса 6-турда АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Тимур Гареевни доғда қолдириб, қўшимча коэффициентларга кўра 1-ўринга жойлашди. Шунингдек, украиналик Виталий Бернадский ҳам 6-турда америкалик Ханс Ниеманн устидан ғалабага қозониб, 5-очкосини қўлга киритди.

Халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдоров эса россиялик Максим Матлаков билан дурангга эришган бўлса, ўзбекистонлик шахматчилар орасида энг юқори рейтингга эга шахматчи Нодирбек Абдусатторов FIDE устаси Муҳиддин Мадаминовни доғда қолдирди. Ушбу натижалардан кейин Синдоров ва Абдусатторов ҳисобидаги очколар сони 4,5 тани ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, “Президент кубоги” халқаро турнирида 27 нафар гроссмейстер, 16 нафар халқаро мастер ва кўплаб FIDE усталари иштирок этмоқда.

Маълумот учун, халқаро турнирнинг умумий соврин жамғармаси 120 000 АҚШ долларидан иборат.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3.3
t
×