ШҲТ давлатлари раҳбарлари Самарқанд декларациясини имзолади. Унда нималар дейилган?

Жамият 6107
image
-

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган тартибдаги мажлиси якунига етди. Иштирокчилар Самарқанд декларациясини қабул қилишди.

Ташкилотнинг навбатдаги саммити илк бор Ҳиндистонда ўтказилади.

Ҳужжатдаги асосий қоидалар:

•    Мамлакатлар ШҲТ бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши қаратилган эмаслигини тасдиқладилар, шунингдек, ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорлик учун очиқликни қайд этдилар;

•    Мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, террористик ва экстремистик ташкилотларнинг ягона рўйхатини тузиш ниятида эканликларини билдирдилар, шунингдек, “Тинчлик миссияси” қўшма аксилтеррор қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини ўтказиш муҳимлигини таъкидладилар;

•    Алоҳида давлатлар бир томонлама глобал ракетага қарши мудофаа тизимининг такомиллаштираётгани танқид қилинди. Бу, уларнинг фикрича, халқаро хавфсизлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатади;

•    Ахборот коммуникация технологияларини ҳарбийлаштиришга қарши чиқишди ва БМТ шафелигида АКТдан жиноий мақсадларда фойдаланишга қарши кураш учун халқаро конвенция ишлаб чиқилишини қўллаб-қувватлашди;

•    Кимёвий қуролларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тўплаш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш ҳамда уларни йўқ қилиш тўғрисидаги конвенцияга (КҚТК) риоя қилишга чақирилди;

•    Космосни қуролсиз сақлаш тарафдори ва коинотда қуролланиш пойгасининг олдини олишга кафолат берадиган халқаро ҳуқуқий ҳужжат тузиш зарурлиги таъкидланди;

•    Эроннинг ядровий дастури бўйича ҳаракатлар режасини амалга ошириш ва Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳим деб эътироф этилди;

•    Афғонистонда барча этник, диний ва сиёсий гуруҳлар вакиллари иштирокидаги инклюзив ҳукумат зарурлигини таъкидладилар;

•    Стартаплар ва инновациялар бўйича махсус гуруҳ, шунингдек, қашшоқликни бартараф этиш ва халқ табобати бўйича гуруҳ тузишга келишиб олинди;

•    “ШҲТнинг яхши ният элчиси” унвони тасдиқланди;

•    2023 йил Туризм йили деб эълон қилинди.

Умуман олганда, аъзо давлатлар 40 га яқин ҳужжат, жумладан, узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга оширишнинг комплекс режасини имзолади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 288
Рейтинг: 3
Теглар
t
×