Сергелида фирибгарлар устидан жиноий иш қўзғатилди
Жамият
−
17 Октябрь 2019
4221Фирибгарлар ҳар бир даврда бўлган ва бундай иллатни ўзига касб қилган одамлар билан курашиш долзарб масалалардан биридир.
Кеча, 16 октябрь куни Сергели тумани ИИО ФМБга 31 ёшли Александра К. мурожаат қилиб, жорий йилнинг июнь ойида унга 50 минг АҚШ долларини Қозоғистон Республикасида яшовчи танишларига етказишда ёрдам беришини ваъда қилган таниши 37 ёшли Артём Ц.га нисбатан чора кўришни сўради. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Александра танишининг таклифига рози бўлиб, унга пулларни беради. Аммо Артём пулларни манзилга етказмасдан, эгасига ҳам қайтариб бермасдан ўз эҳтиёжига сарфлаб юборди. Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.
Худди шу куни яъни 16 октябрь куни Сергели тумани ИИО ФМБга яна бир ариза – 44 ёшли Зайниддин А.нинг мурожаати келиб тушди. Унинг маълум қилишича, жорий йилнинг август ойида таниши бўлган Муҳиддин А. ундан “Ласетти” русумли автомобилини 2 йил давомида муддатли тўлов эвазига харид қилиш истагини билдирган. Улар ўзаро нархни 11 минг 100 АҚШ долларига келишиб, дастлабки тўлов тариқасида Муҳиддин 1минг 500 АҚШ доллари тўлаган. Қолган маблағни эса Муҳиддин икки йил давомида ҳар ой 400 АҚШ долларида тўлаши керак эди. Аммо автомобилни олгач, Муҳиддин ўз ваъдасига хилоф тарзда сентябрь ойида машинани 43 ёшли Хайрулла Р.га сотиб, Зайниддинга қолган маблағни тўламасдан, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
"Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Масалангизни ҳал қилишни ваъда қилаётган кишиларга нотариал келишув расмийлаштирмасдан туриб пулларингизни беришга шошилманг", дейилади хабарда.
LiveБарчаси