Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлиси бошланди
Жамият
−
05 Февраль 2021
2921Бугун, 5 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилаётган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.
Ялпи мажлисда “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, қолаверса, Боёвут, Бўстон, Олот, Тўрақўрғон, Қарши туманлари ва Каттақўрғон шаҳрини 2020–2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастурларининг ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Шунингдек, илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар, мамлакатда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳамда иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси