Сенатнинг навбатдаги мажлисида қандай масалалар кўриб чиқилиши маълум бўлди

Жамият

image

Бугун, 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Норбаева олиб борди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди

Қайд этилишича, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 20 октябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш назарда тутилган: 

  • “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги; 
  • “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги;
  • “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги;
  • Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги;
  • “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги; 
  • Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги;
  • “Наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан  Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги; 
  • “Музейлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосарининг етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш юзасидан ахбороти ҳамда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг фаолияти, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш ҳолати, шу жумладан, бошқарув компанияларининг фаолияти юзасидан ахборотлари эшитилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, мамлакатдаги автомобиль йўллари ҳамда сунъий иншоотларнинг ҳолати ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳамда коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўровлари натижалари муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар-жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ва бошқа масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг