Самарқандда тиббиёт ходимларини калтаклаган фуқаро қамоққа олинди
3-саҳифа
−
19 Июль 2021
7714Аввалроқ Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида навбатчи шифокор ва фельдшер калтаклангани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларининг калтакланиши билан боғлиқ воқеа бўйича батафсил маълумот берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 15 июль куни соат таҳминан 22:30 да Пастдарғом тумани “Зарбдор” оилавий шифокорлик пунктида жойлашган тез тиббий ёрдам бўлимига туманнинг “Қўшқудуқ” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.М. маст ҳолда келади ва 22 ёшли ўғли М.Ж. бетоб эканлигини айтиб, шу куни ўз навбатчилигини ўтаётган шифокор Т.Ф. ва фельдшер Н.И.дан тезда унинг яшаш манзилига боришни айтади. Бироқ бемор манзилига отланган тиббиёт ходимлари биринчи ёрдам қутисини олишга улгурмасдан телефон орқали бошқа бир манзилдан чақирув бўлади.
Навбатчи фельдшер Н.И. телефон орқали чақирувни расмийлаштириш вақтида фуқаро Х.М. бетоқатлик билан фельдшер Н.И.ни ҳақоратлаб, унга қўл кўтаради. Сўнг калтакланган фельдшерни иш жойида қолдириб, шифокор Т.Ф.ни машинасига ўтиришга мажбурлайди. Яшаш манзилига боргач, ҳуморидан чиқмаган фуқаро арзимаган баҳоналар билан шифокорни ҳам ҳақорат қила бошлайди. Бунга ҳам қаноат қилмаган “муштумзўр” тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Т.Ф.ни хизмат вазифасини ўтаётган вақтда аёвсиз калтаклайди.
Шундан сўнг шифокор Т.Ф. зудлик билан Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасининг травматология бўлимига олиб келинган.
Тиббий текширув давомида 1988 йилда туғилган шифокор Т.Ф.га бош мия жароҳати, жумладан, бош мия чайқалиши, пастки лаб ички юзасида уриб йиртилиши ҳамда кўкрак қафаси юмшоқ тўқмаларининг лат ейиши ташхиси қўйилган. Айни пайтда унга шифокорлар томонидан стационар шароитда зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
Шунингдек, 1978 йилда туғилган навбатчи фельдшер Н.И.га бурун суягининг ёпиқ синиши каби жароҳатлар билан туман тиббиёт бирлашмасида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Маълум қилинишича, тиббиёт ходимларига тажовуз қилган фуқаро Х.М. га нисбатан эса қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси