Самарада қолаётган ўзбекистонликларни олиб келиш учун 15 та автобус юборилди
Жамият
−
23 Сентябрь 2020
6043Республика махсус комиссияси, Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ДХХ Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналарининг саъйи-ҳаракатлари билан айни дамда Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган Россия Федерациясининг Қозоғистон билан чегара олди ҳудуди Самара вилоятида тўпланиб қолган фуқароларни ватанга олиб келиш мақсадида махсус автобус қатнови ташкил этилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Мазкур автобус қатновлари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Uzautotrans service” корхонаси томонидан амалга оширилади. Бугун 15 та автобусдан иборат илк карвон (калонна) Россиянинг Самара вилоятига йўлга чиқди. Ушбу қатнов барча санитария қоидалари ва Қозоғистон ҳамда Россия Федерацияси томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилмоқда.
Қатновни бажаришга жалб этилган 40 нафар ҳайдовчиларнинг барчаси йўлга чиқишдан аввал коронавирусга тест топширишди. Лаборатория таҳлили натижаларидан сўнг уларга тегишли маълумотнома берилди. Шундан сўнг, ташувлар хавфсизлигини таъминлаш ва қатнов давомида нималарга эътибор бериш лозимлиги юзасидан кўрсатмалар берилди.
Режага мувофиқ автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчиларни олиб Ўзбекистон томон йўлга чиқади.
"Шу ўринда ҳозирда Россия Федерациясининг турли ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлиб турган фуқаролардан оммавий равишда Россиянинг Қозоғистон билан чегара олди ҳудудларига тўпланмасликларини сўраб қоламиз. Бу каби ҳолатлар ҳозирги қалтис эпидемиологик вазиятнинг янада мураккаблашувига, касаллик юқтириб олиш хавфининг ортиб кетишига ва энг ёмони юртдошларимизни ватанга олиб келиш мақсадида катта қийинчиликлар билан амалга оширилаётган саъйи-ҳаракатларнинг чекланишига сабаб бўлиши мумкин", дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ, Россия ОАВда Самара вилоятининг Қозоғистонга яқин қисмида 4 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мигрант тўпланиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Улар чегарага яқин ҳудуддаги махсус лагерда ва Кинель шаҳри вокзалида тўпланган.