Самадов сайловга тайёргарлик жиддий бўлмагани, партиялар ҳамон ухлаётганини айтиб чиқди
Жамият
−
17 Декабрь 2019
5096“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар”. Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига Марказий сайлов комиссияси томонидан шундай таъриф берилган эди. Бироқ, мутахассислар сайловга тайёргарлик жиддий бўлмаганини қайд этмоқда. Халқаро пресс-клуб бош продюсери Ғуломжон Самадов бу ҳақда шундай дейди:
"....Ўзбекистонда 2016 йил сентябрь ойидан кўп нарса ўзгарган эди. Аслида партиялар ўша вақтдан, яъни 3 йил аввал сайловга тайёргарлик кўриши керак эди. Назаримда бугунгидек сайловкампанияси бўлишини улар кеч сезишди. Халқаро пресс-клуб 86 кунда 27 та жонли эфир қилди. Бир вақтнинг ўзида "O'zbekiston24 " ва "Yoshlar" теле ва радио каналларида жонли эфирга чиқилди. Бу Ўзбекистон телевидениеси тарихида ҳеч қачон бўлмаган. Кўп саволлар олдида партия вакиллари довдираб қолишди. Демак, тайёргарлик жиддий бўлмаган".
У сўзида давом этаркан, балиқ бошидан деган нақлга риоя қилган ҳолда партия лидерлари ўзини кўрсата олмаганини танқид қилади:
"Партияларнинг янги лидерлар билан сайловкампаниясига кирмагани ҳам тайёргарлик жиддий бўлмаганидан дарак беради. Лидер партия ва сайловкампаниясининг кайфиятини белгилайди. Янгича фикрлайдиган партияларга янги лидерлар керак деб ўйлайман. Бусиз иложи йўқ".
Ўзбекистонда давом этаётган сайлов даврида оммавий ахборот воситалари тарғибот ва ташқивотда айрим партиялардан ҳам устунлик қилмоқда. Аслида ғалаба, тарғибот, сайловга одамларни жалб қилиш кимнинг иши? Бунинг беш йиллики роҳатини ким кўради? Самадов ҳам бу борадаги фикрларини давом эттириб, партиялар ҳамон ширин уйқудалигини қайд этади:
"Ўзбекистонда кучли партиялар ва кучли парламент шаклланишининг ибтидоий босқичи рўй беряпти. Бу йилги сайлов кампанияси буни ошкор қилди. Қанчалик аччиқ бўлса ҳам Халқаро пресс-клуб дебатларида шуни сездим. Ҳатто, баъзи партияларнинг обрўли вакилларидан "...ҳадеб бир вақтнинг ўзида чақираверасизларми? Ахир эви биланда", деган маломатларни ҳам эшитдик. Энди ўйлаб кўринг сайлов кампанияси даврида бу гапни айтган партияни жиддий партия деб бўладими? Мен партияларни уйғонмаган ва карахт ҳолатда деб ҳисоблайман".
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Маҳмуд Истамов партияларнинг депутатликка номзодлари таржимаи ҳоллари акс этган афишаларни хатолар билан чоп этганини сайловчига нисбатан ҳурматсизлик деб атаган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь