Саида Мирзиёева Президентнинг қандай ота ва қандай бобо экани ҳақида гапирди

Жамият 16802

Маълумки, жамиятда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш масаласи кун тартибига чиққан. Aйнан шу мақсадда Ўзбекистонда илк бор “Марказий Осиё ва Aфғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Aфғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон аёллари ўртасида ҳамкорлик ва ишбилармонликни ўрнатиш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясидан олдин ўтказилган кичик соҳавий тадқиқотлар натижасида, қишлоқ жойлардаги аёллар 60 фоиз вақтини уй ишлари билан ўтказиши аниқланган. Эркакларда эса бу кўрсаткич 11,5 фоизни ташкил қилган. Уй ишлари билан ўралашиб қолган аёлларга ҳам ҳар томонлама кўмак бериш, ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари ва келажакда оиласига даромад олиб келадиган тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратиш керак.

Мазкур халқаро форумда Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоева, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳамда қўшни давлатлардан вакиллар иштирок этди.

Танзила Норбоева халқаро бизнез форумни очиб берар экан, илғор технологияларга асосланган янги иш ўринларини яратиш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда гендер тенглик масалаларига ҳам тўхталди.

“Сўнгги 20 йил мобайнида Марказий Осиё давлатларининг парламентларида аёллар улуши 2 баробарга оширилгани катта ютуқ. 10 йилдан буён меҳнат фаолиятига жалб этилган хотин-қизлар улуши ўртача 65 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса аёлларсиз ҳеч қандай иқтисодиётни ривожлантириш мумкин эмаслиги ҳақидаги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Ўзбекистонда ҳам охирги йилларда хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, уларни давлат ва жамиятимизнинг барча соҳасида фаол иштирокини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти. Олиб борилаётган ишлар ҳам халқаро миқёсда юқори баҳоланмоқда.

Парламентлараро иттифоқ 190 та мамлакатни ўзига жамлайди. Ушбу иттифоқнинг эътироф этишича, ҳозирда хотин-қизларнинг парламент ва ҳукумат фаолиятидаги иштироки бўйича Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқга аъзо давлатлар қаторида 45-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз нафақат минтақада балки, қатор ривожланган мамлакатлар, AҚШ, Германия, Aвстралия, Канададан ҳам юқори поғонага чиқиб олди”, дейди Танзила Норбоева.

Шундан сўнг, Саида Мирзиёева бу каби тадбиркор аёлларни олқишлаб, уларнинг жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлиши муҳим эканлиги, бу борада эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам гендер тенглигини барқарорлаштириш йўлида ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

“Бизнинг мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев— икки қизнинг отаси ва тўрт нафар қизалоқнинг бобосидир. Шу боис қизлар ва аёллар қандай тўсиқларга дуч келиши мумкинлигини яхши тушунади ҳамда уларнинг барча интилишларини қўллаб-қувватлайди. Давлат раҳбари сифатида фаолиятининг бошиданоқ юртимиз аёлларининг иқтисодий мустақиллигини, молиявий хавфсизлигини таъминлаш ва уларда эртанги кунга ишонч уйғотиш йўлида гендер тенглигини устувор масалалардан бири деб ҳисоблайди", деди Мирзиёева.

Саида Мирзиёева республика аёллари учун тенг меҳнат шароитини яратиш ва қизларнинг муносиб таълим олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек долзарб муаммолар ҳал етилаётганини ҳам алоҳида таъкидлади. 

Мурод Бердиев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 292
Рейтинг: 3.1
t
×