Саида Мирзиёева давлат ташкилотлари матбуот хизматлари ва улардаги салоҳиятсиз кадрларни танқид қилди
Жамият
−
21 Май 2019
4850Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида иш бошлаганига кўп бўлмади. Бироқ, у ўтган оз фурсат ичида бир неча лойиҳа устида ишлаётгани маълум. Беш ташаббуснинг жойларда, хусусан Бўкада амалга оширилишига бош-қош бўлган Мирзиёева энди давлат ташкилотлари матбуот хизматлари фаолиятини ўрганиб чиқиб, хулосаларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилди. Мирзиёева бугунги кундаги матбуот хизматлари ва ундаги кадрлар масаласини кескин танқид қилади:
"Ушбу постда долзарб мавзу - давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятига доир фикрларим билан бўлишмоқчиман. Бу мавзу журналистлар томонидан тез-тез кўтарилмоқда ва ахборот соҳаси учун муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари ва хорижий амалиётни ўрганиб, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари матбуот хизматларининг фаолияти, афсуски, суст даражада қолаётганини қайд этишга мажбурмиз.
Матбуот хизматларининг иши сустлиги ва кўпгина давлат органлари раҳбарлари ОАВ билан мулоқот қилиш заруриятини англаб етмагани оқибатида мамлакатимиз аҳолисининг ислоҳотлар бориши тўғрисида хабардорлиги паст, уларни етарли даражада идрок этмаяпти ҳамда Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва тафсилотларини тўлалигича англамаяпти".
Саида Мирзиёева сўзида давом этаркан, тасдиғини топмаган, миш-мишлар ОАВда тез-тез учраб тураётгани, бунга эса матбуот хизматлари акс-садо билан чиқмаётганини алоҳида қайд этди:
"Давлатимиз томонидан оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолмоқда.
Оқибатда, бундай вазият текширилмаган ахборот, асоссиз миш-миш ва уйдирмаларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда, улар кенг тарқалиб, матбуот хизматлари томонидан муносабатсиз қолдирилган бир шароитда аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозилик келтириб чиқариши мумкин.
Вазият матбуот хизматлари кадрлар салоҳияти чеклангани, уларнинг моддий-техник жиҳозланиши ва ходимлари малакаси даражаси пастлиги билан янада кескинлашмоқда".
Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, тез орада матбуот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи янги ҳужжат қабул қилинади.
"Кўриб турганингиздек, олдимизда турган муаммо жиддий ва кенг қамровли. Ўйлайманки, бу амалдаги ҳужжатларга қўшимча равишда комплексли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тақозо этади.
Хусусан, матбуот хизматларининг давлат органлари ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк сифатида самарали фаолиятини таъминлаш, матбуот котиби мавқеини ошириш, мунтазам равишда малака ошириш курсларини ташкил этиш лозим ва ҳоказо. Биз бу борадаги ишларни бошлаганмиз. Жумладан, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш бўйича махсус гуруҳ тузилган.
Бундай чора-тадбирларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз ахборот соҳасини ривожлантириш учун шароитлар яратишга, шунингдек, энг муҳими, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот асосларини салмоқли даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади", дейди Мирзиёева.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь