Россиядаги концертда ОМОН неча ўзбекистонликни ушлагани айтилди (видео)

Жамият

image

Аввалроқ, Россиянинг Красноярск ўлкаси Емельяновский туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Корона” банкет залида уюштирилаётган ўзбекистонлик хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевнинг концертига бостириб кириб, мигрантларни тинтув қилгани ҳақида хабар берилганди. Текширув давомида Ўзбекистоннинг 8 фуқароси Россияда бўлиш қоидаларини бузгани аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълум қилди.

Қайд этилишича, ушланган ўзбекистонликларнинг 4 нафарига нисбатан маъмурий жарима ва маъмурий чиқариб юбориш чоралари қўлланган, қолган 4 нафари эса Красноярск ўлкасидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Мазкур фуқаролар ушбу бинода ўзбек эстрада хонандаси Жалолиддин Аҳмадалиевнинг концерт бергани учун борган. Мазкур концерт Красноярск ўлкасининг тегишли ташкилот ва идоралари билан белгиланган тартибда келишилмаган бўлиб, айнан шу ҳолат мазкур воқеага сабаб бўлган.

“Эътиборлиси, Красноярскдаги концерт Россия фуқаролигига эга бўлган шахслар томонидан шахсий тартибда ташкил этилган ҳамда бундай тадбирлар учун махсус жиҳозланмаган бинода ўтказилган”, дея ёзган ТИВ сўзловчиси.

Бурҳоновнинг ёзишича, Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси тезкор тарзда ушбу фуқароларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўрмоқда.

Бош консулхонага кўра, илгари Новосибирск шаҳрида ўтказилган худди шундай концерт шаҳар расмий ҳокимияти билан олдиндан келишилган, тўла залда ўтган ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган. Шу билан бирга, Красноярск ўлкасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган бундай рейдлар ҳуқуқий асосга эга бўлиши ва маданий ҳордиқ чиқаришга тўсқинлик қилмаслиги лозим. Мазкур Россия минтақаси куч тузилмалари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида барча зарур ҳужжатлар Красноярск ўлкасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Миграция агентлиги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида лицензияга эга адвокат воқеа жойига юборилганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ ўзбекистонликлар мигрантлар ОМОН Жалолиддин Аҳмадалиев Аҳрор Бурҳонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг