Россияда ўқишдан четлатилган ўзбекистонлик талабалар Президентга мурожаат қилди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ва Кубань давлат тиббиёт университети ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг ота-оналарининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаати эълон қилинди. 

Унда Кубань давлат тиббиёт университетида “Стоматология” йўналиши бўйича ўқишни давом эттириш учун ташкил этилган имтиҳонларда етарли балл тўплай олмаган айрим талабаларнинг норозилиги акс этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан тезкор ўрганишлар ўтказиб, натижаси ҳақида маълумот берди.

Вазирликка кўра, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Россиянинг Кубань давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда “Даволаш иши” ва “Стоматология” қўшма таълим йўналишлари ташкил этилган.

2019 йил 27 мартда икки томонлама тузилган шартномага мувофиқ, ўқишга қабул қилинган талабаларнинг “Даволаш иши” йўналиши бўйича 3 йил Ўзбекистонда ва 3 йил Россия Федерациясида, “Стоматология” йўналишида эса 3 йил юртимизда ҳамда 2 йил Россияда таълим олиши белгиланган.

2021-2022 ўқув йили якуни бўйича “Стоматология” йўналишида 46 нафар, “Даволаш иши” йўналишида 40 нафар талаба 3-босқични битириб, 2022 йил 21 август куни Россия Федерациясининг Кубань давлат тиббиёт университетига ОТМ мутасаддилари бошчилигида юборилган. 

25 август куни Кубань давлат тиббиёт университетида “Стоматология” йўналиши бўйича 3-босқичини битирган талабаларидан имтиҳон олинганда, 46 нафаридан 25 нафари белгиланган баллни тўплаб, ўқишни давом эттиришга тавсия этилган. Қолган 21 нафар талаба белгиланганидан паст балл жамғаргани учун имтиҳондан ўта олмаган.

“Ушбу талабалар ва уларнинг ота-оналари томонидан билдирилган мурожаат асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Россия томони, жумладан, Кубань давлат тиббиёт университети маъмурияти билан тегишли музокаралар олиб борди. Натижада имтиҳондан ўта олмаган талабалар рус тилини пухта эгаллаш шарти билан ушбу университетда ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлди”, дейилади вазирлик хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

510

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг