Россия-Украина муносабатлари қандай қилиб урушгача борди? Хронологик таҳлил
Таҳлил
−
29 Апрель 2022
33142Россия ва Украина муносабатларидаги кескинлик ва 24 февраль куни эрталаб бошланган катта урушнинг дастлабки учқунлари ўн йилдан кўпроқ вақт давомида ривожланиб келмоқда. Россия Президенти Владимир Путиннинг уруш бошлаш учун келтирган важлари анча аввалга, ўрта асрларга, ҳозирги Украина ва Россиянинг бир қисми Киев Русининг таркибида бўлган даврларга бориб тақалади. Айнан мана шу ердан Кремль раҳбарининг рус ва украинлар – "ягона халқ" ҳақидаги қарашлари, шунингдек, беларусларни ҳам ушбу “ягона халқ”га кириши тўғрисидаги фикрлари олинган. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Президенти камдан-кам ҳолларда руслар ва украинлар ҳар доим ҳам бир хил йўлни босиб ўтмаганини ва бунинг натижасида икки тил ва икки маданият – қардош бўлса-да, аммо бошқача йўллар билан шаклланганлигини унутган кўринади. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ҳар икки республика алоҳида-алоҳида давлатга айланганда, яна бир фарқ бор эди, бу – давлатлар танлаган сиёсий ривожланиш йўли. Киев ҳокимиятлар алмашиниб турувчи Ғарб демократияси йўлидан борди. Москва эса бундай ҳокимият тизимидан юз ўгирди.
Ҳозирги уруш иккала давлатнинг охирги 30 йиллик сиёсати “маҳсулидир”. Уни шартли равишда уч босқичга бўлиш мумкин, ҳар бири тахминан ўн йил. Биз эса уруш учун йўл очган ушбу 30 йилликдаги бурилишлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
1992-2003: Украина кетмоқда, Россиянинг бунга қаршилиги йўқ
1991 йил декабрь ойида Украина Россия ва Беларусь билан биргаликда Беловежская Пушчада СССР парчаланишини муҳрлаган учта республикадан бири эди. Афтидан, Москва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва арзон газ таъминоти орқали Украинада ўз таъсирини сақлаб қолишга умид қилган. Аммо ўйланганидан кўра бошқачароқ бўлди. Россия ва Беларусь иттифоқ давлати туздилар, Украина тобора кўпроқ Ғарбга қарайверди.
Бу ҳолат Кремлни ғазаблантирди, шунга қарамай, Украина СССРдан деярли бир миллион кучли армия ва дунёдаги учинчи йирик ядро арсеналини мерос қилиб олди. СССРдан қолган ракеталарни мерос қилиб олишни рад этди, уларни хавфсизлик кафолатлари (Будапешт меморандуми) ва иқтисодий ёрдам эвазига Россияга топширди. Ғарб Украинага жавоб бермаган ва уни ўз тузилмаларига қўшмоқчи бўлмаган давргача, Москванинг расмий Киевга муносабати хайрихоҳ бўлган. Ушбу декадада улар ўртасида ҳеч қандай отишма ёки қуролли тўқнашув юз бермаган, албатта, 1992 йилда Қора денгиз флоти патруль кемаси Украина байроғини кўтариб, Севастополдан Одессага жўнаб кетганида, ҳавода отишма бўлган воқеадан ташқари. Совет Иттифоқи қулаганидан кейинги биринчи ўн йилликда Россия иқтисодий жиҳатдан заиф эди, чеченлар билан уруш эса кўплаб ресурсларнинг сарфланишига олиб келган. 1997 йилда Қора денгиз флотини бўлиш ва "Катта шартнома"ни имзолаш орқали Россия Федерацияси Украина чегараларини, шу жумладан Қримни ҳам тан олди.
2003-2013 йиллар: дўстликка кетган дастлабки дарз
Москва ва Киев ўртасидаги биринчи йирик дипломатик инқироз Президент Путин даврида юз берди. 2003 йилнинг кузида Россия тўсатдан Керч бўғозида Украинанинг Тузла ороли томон тўғон қуришни бошлади. Киев буни чегараларни қайта тақсимлашга уриниш сифатида қабул қилди. Можаро Президентларнинг шахсий учрашувидан кейин ҳал қилинди. Қурилиш тўхтатилди, аммо икки мамлакат ўртасидаги эълон қилинган дўстликда биринчи ёриқлар кўрина бошланди.
2004 йилдаги Украина президентлик сайловларида Россия россияпараст номзод Виктор Януковични фаол қўллаб-қувватлади, аммо “зарғалдоқ инқилоб” (оранжевая революция) Януковичнинг сайлов натижаларини сохталаштириш орқали ғалаба қозонишига тўсқинлик қилди. Оқибатда, Ғарбга мойиллиги бор сиёсатчи – Виктор Юшченко президент бўлди. Унинг ғалабаси Украина – Россия муносабатларидаги ўзгаришларнинг бошланғич нуқтаси бўлди. Муносабатларнинг кескинлиги Москва Януковичнинг кетишини “рангли инқилоблар” тоифасига киритиши ва “зарғалдоқ инқилоби”да Ғарбнинг иштирокини қоралаши билан расмий Киевнинг инқилоб бўлмаганлиги ва бунга Ғарбнинг алоқаси йўқ эканлиги тўғрисидаги қатъий позицияси сабаб бўлди. Юшченко президентлиги даврида Россия Федерацияси Украина орқали Европага етказиб бериладиган газ қувурларини икки маротаба – 2006 ва 2009 йилларда тўсиб қўйди, бу эса Европага транзит етказиб беришда узилишларга олиб келди.
Амалда содир бўлаётган вазиятни тушуниш учун аҳамиятли ҳодиса 2008 – йилда юз берган. Бухарестда бўлиб ўтган НАТО саммитида АҚШ Президенти Жорж Буш Украина ва Грузияга Альянсга аъзолик бўйича ҳаракатлар режаси (The Membership Action Plan)ни тақдим қилиш орқали уларни НАТОга қабул қилишга тараддудланди. Аммо Путин кескин қаршилик кўрсатиб, Москва Украина мустақиллигини тўлиқ тан олмаслигини очиқ айтди. Натижада Германия ва Франция Бушнинг режасини тўсиб қўйди. Ҳар иккала постсовет мамлакатлари – Украина ва Грузияга НАТОга аъзо бўлиш ваъда қилинди, бироқ уларнинг қачон стол атрофидан жой олиши аниқ муддат билан белгиланмади.
Ҳарбий иттифоққа тезда аъзо бўлиб киришнинг иложи бўлмагани сабабли Украина Европа Иттифоқи билан ассоциация шартномаси орқали иқтисодий интеграция йўналишини белгилаб олди. 2013 йилнинг ёзида, имзоланиши мумкин бўлган ассоциация шартномасидан бир неча ой олдин, Россия Украинага катта иқтисодий босим ўтказа бошлади, чегарада Украина экспортини деярли тўхтатишгача борди. Шу йилнинг кузида, 2010 йилда президент бўлган Янукович ҳукумати Россия Федерацияси босимини баҳона қилиб, Брюссель билан шартнома имзолашга тайёргарликни тўхтатганини эълон қилди. Януковичнинг қарори Украинада норозиликларга сабаб бўлди ва у 2014 йил февралида Россияга қочиб кетди.
2014-2021 йиллар: Қримнинг аннексия қилиниши ва Донбассдаги уруш
Киевда ҳокимият бўшлиғи пайдо бўлди (Президент Янукович Россияга қочиб кетганидан сўнг, 2014 йил июнь ойигача Турчинов вақтинчалик Президент лавозимини эгаллаган бўлса-да, ҳокимият унинг қўлида бўлмаган) ва 2014 йил март ойида Россия Қримни аннексия қилди. Бу кескин бурилиш, эълон қилинмаган урушнинг бошланиши эди. Шу билан бирга, Россия ва маҳаллий яримҳарбий тузилмалар Донбассда сепаратизм уруғлари сочилишига туртки берди, Донецк ва Луганскда Россия Федерациясидан номаълум белгили ҳарбий кийимларда келган одамлар бошқарган “халқ республикалари” эълон қилинди.
Киев вазмин муносабатда бўлди, май ойининг охирида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларини кутди ва шундан кейингина кенг кўламли куч ишлатишга қарор қилди ва буни “аксилтеррор операцияси” деб атади.
2014 йил июнь ойи бошида Францияда Иккинчи жаҳон уруши иттифоқчиларининг Нормандияда қўшин туширишининг 70 йиллигига бағишланган тадбирларда Украинанинг янги сайланган Президенти Пётр Порошенко Германия ва Франция етакчилари воситачилигида биринчи марта россиялик ҳамкасби Путин билан учрашди. Ёзда Украина армияси сепаратистларни Донбассдан сиқиб чиқара бошлади, бироқ август ойи охирида Россия, Киевга кўра, Донбассда ўз армиясини кенг миқёсда ишга солган. Москва эса буни рад этган. Украина қўшинлари можаронинг энг юқори нуқтасида – Иловайск яқинида мағлубиятга учради. Бутун фронт чизиғи бўйлаб уруш сентябрь ойида Минскда ўт очишни тўхтатиш битими имзоланиши билан якунланди, лекин у ҳам тез орада бузилди.
Кейин позицион уруш бошланди. 2015 йил бошида сепаратистлар кенг қамровли ҳужумга ўтди. Киев яна Москвани махсус таниб олиш белгиларисиз қўшиндан фойдаланганликда айблади, Россия Федерацияси яна ҳаммасини рад этди. Украина қўшинлари Дебалцево маркази яқинида мағлубиятга учраб, шошилинч равишда бу ҳудуддан чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Шундан кейин Германия ва Франция воситачилигида "Минск-2" келишув битими имзоланди, бу келишув ҳали ҳам можарони ҳал қилиш учун асосий ҳужжат бўлиб қолмоқда. Унинг бирорта банди тўлиқ бажарилмаган, бунда эса тарафлар бир-бирини айблаб келмоқда.
Келишмовчиликларнинг якунланишига сўнгги умид 2019 йилнинг ёз ва куз фаслида томонлар бир қатор ҳудудларда қўшинларни олиб чиқиб кетишни келишганларида мумкин бўлиб туюлди. Бу келишувга Париж шаҳрида ўтказилган учрашувда келинган. У Франция, Германия, Украина ва Россия тарафлар сифатида иштирок этган “норманд шаклидаги” саммит номини олган. Аммо 2019 йилдаги “норманд шаклидаги” саммит бошқа ўтказилмади ва душманлик кайфиятидаги давлатлар муносабатлари 2022 йилгача бир стол атрофида муҳокама қилинмади.
Россия Украина Президенти Владимир Зеленский билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишдан бош тортди ва уни “Минск-2” битимини амалга ошира олмаётганликда айблади. 2021 йилда Россия Федерацияси Украина чегараларида икки маротаба – баҳор ва кеч кузда қўшинларини тўплади. 2021 йилнинг декабрь ойида Президент Путин биринчи марта АҚШ ва НАТОга Украина ва бошқа постсовет мамлакатларини НАТО иттифоқига қабул қилмаслик, уларга ҳеч қандай ҳарбий ёрдам бермаслик тўғрисида “ультиматум” қўйди. НАТО эса рад жавобини берди.
2022 йил: Россиянинг Украинага қарши урушининг бошланиши
2022 йил 21 февралда Россия Президенти Владимир Путин сепаратист (айирмачи) “Донецк Халқ Республикаси” ва “Луганск Халқ Республикаси” мустақиллигини тан олди. Тегишли ҳужжатлар мамлакат парламенти томонидан ратификация қилинди. Путин, шунингдек, ушбу тузилмалар Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудларини ўз ичига олишини билдирди. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бу вилоятлар сепаратистлар назорати остида бўлган ҳудудлардан анча катта.
24 февраль куни эрта тонгда Россия давлати раҳбари Украинага қарши “махсус ҳарбий операция” бошланганини маълум қилди. У ўз мақсадини Украинани “демилитаризация қилиш” (демилитаризация ҳудуд – ҳарбий ҳаракатлар олиб борилиши тақиқланган ҳудуд) деб атади. Шундай қилиб, Россия Федерацияси қуролли кучлари нафақат Донбассга, балки Украина шаҳарлари ва унинг ҳарбий инфратузилмасига зарба беришни бошлади.
Сардор Бегалов
LiveБарчаси