Россия “Толибон”ни ўз қаноти остига олмоқчи
Олам
−
14 Октябрь 2022
16725Ғарб разведка хизматлари Афғонистонда “Толибон”га қарши бўлган тузилмаларни қўллаб қувватламоқда, бу шароитда Россия “Толибон” билан алоқаларни зарур даражада ушлаб туради. Бу ҳақда бугун, 14 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин “Россия-Марказий Осиё” саммитида айтиб ўтди.
“Ғарб разведка хизматлари, биринчи навбатда, америкалик ва британияликлар “Толибон”га қарши бўлган тузилмаларни озиқлантириб, бу орқали уларни баъзи мамлакатларимиз чегараларини ўққа тутишни мақсад қилган. Биз бу билан боғлиқ хавф ва таҳдидлардан хабардормиз ва шунинг учун “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан алоқаларни зарур даражада ушлаб турамиз”, дейди Путин.
Президентнинг сўзларига кўра, Афғонистонда фуқаролар уруши қайта тикланишининг олдини олиш манфаатларимиз учун фойдали бўлади. Шунингдек, у, бу мамлакатдаги вазиятни қочқинлар оқими ва террорчилик таҳдидлари билан тўлиб тошган кескинлик ўчоғи деб атади.
Бундан ташқари, иқтисодий таназзул шароитида “Толибон” ҳукумати Афғонистон учун анъанавий бўлган даромадининг айрим турларига, жумладан, гиёҳванд моддалар савдосига рози бўлишга мажбур эканини айтди.
Қайд этилишича, хорижий разведка хизматлари босими остида Афғонистоннинг шимолида “Толибон” террористлар қалъалари пайдо бўлишига кўз юммоқда. Жиҳодчиларнинг трансчегаравий алоқалари барча учун таҳдид.
“Албатта, биз Афғонистондаги амалдаги ҳокимият билан ишлашимиз керак, сиз менинг позициямни биласиз. Аммо бу бизнинг ушбу йўналишдаги ишимизни синчковлик билан таҳлил қилиш ва мувофиқлаштириш мавзусидир”, дея хулоса қилиб, Марказий Осиёдаги ҳамкасбларини Москва ушбу мавзу бўйича улар билан яқин алоқада бўлишда давом этишига ишонтирди.
Темур Жумаев
LiveБарчаси