Россия хакерлик ҳужумида айбланди
Олам
−
01 Март 2023
4172Польша ҳукумати бугун, 1 март куни Украинадаги уруш туфайли Варшава ва Москва ўртасида давом этаётган юқори кескинлик фонида фойдаланувчиларнинг онлайн солиқ тўлаш тизимига киришини тўсиб қўйган хакерлик ҳужуми ортида Россия турганини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Ғарб расмийлари Россия ҳукуматини хакерлик бўйича глобал етакчи деб билади. Улар Россияни хорижий ҳукуматларга қарши кибер-жосусликдан фойдаланишини даъво қилади. Москва эса доимий равишда хакерлик операцияларини амалга ошираётганини рад этиб келади.
“Кечаги ҳужум учун россияликлар жавобгар, буни аниқ айтиш керак. Биз бу айнан улар эканини кўрсатадиган маълумотларга эгамиз”, дейди Польша расмийси Януш Цешинский.
Россиянинг Варшавадаги элчихонаси эса айбловларни рад этган. Элчихонадан вазиятга изоҳ сўралганда:
“Ғарбда ҳозир Россияни ҳеч қандай далилсиз айблаш мумкинлигига аллақачон ўрганиб қолинган. Бу “эҳтимоли юқори” деб айтишнинг машҳур услубидаги яна бир ҳолат”, деган жавоб олинган.
Манбага кўра, киберҳужум хизмат кўрсатишни рад этишдан иборат бўлган, аммо солиқ тўловчиларнинг маълумотлари ошкор қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Федерацияси билан алоқадорлиги тахмин қилинган хакерлар гуруҳи АҚШнинг учта ядровий тадқиқот лабораториясига ҳужум қилгани аниқланганди.
LiveБарчаси