Республиканинг 14 та туманида ғалла ўсишдан ортда қолмоқда
Жамият
−
25 Февраль 2019
9053Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 25 февраль куни мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим бўлган ғалла парваришини тизимли ташкил этиш ва ҳосилга-ҳосил қўшиш бўйича амалга ошириладиган долзарб вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Маълумки, 2018 йилда об-ҳаво ўта иссиқ ва қуруқ келганига, жанубий вилоятларда сув танқис бўлганига қарамай фермерларимизнинг фидокорона меҳнатлари туфайли ҳар гектардан ўртача 45 центнердан ҳосил олиниб, жами 5 миллион 200 минг тоннадан ортиқ ғалла етиштирилди.
Бу йил эса ёғингарчилик миқдори ўтган йилга нисбатан икки марта, аввалги йилларга қиёсан 1,3 баробар юқори бўлмоқда. Толлимаржон сув омборида 1 миллиард куб метр, Чимқўрғон, Пачкамар ва бошқа сув омборларида ўтган йилга нисбатан 2-3 баробар кўп сув йиғилди, Сардоба сув омбори ишга туширилди. Бу мамлакатимизда ғалладан ўтган йилга нисбатан анча кўп ҳосил олиш мумкинлигини англатади.
Фермерларни рағбатлантириш учун 2019 йилда буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун 1 миллион 200 минг сўм ёки ўтган йилга нисбатан 1,6 баробар юқори харид нархи белгиланди.
Катта ҳосил олган фермерларни давлат харид нархига 25 фоизгача, яъни ҳар бир тонна дон учун 300 минг сўмгача устама қўллашни назарда тутадиган рағбатлантириш тизими ташкил қилинди. Бу эса мўл ҳосил етиштиришга катта замин яратади.
Яна бир муҳим жиҳат – азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар ўз вақтида жойларга етказиб берилди. Бир сўз билан айтганда, бу йилги шароитдан фойдаланиб, ҳосилдорликни ва дон етиштириш ҳажмини ўтган йилга нисбатан камида 30 фоизга ошириш учун барча шароит яратилди.
Лекин, шунча имкониятларга қарамай, ўрганишлар натижалари айрим вилоятларда ғалла ривожи қониқарсиз эканини кўрсатмоқда. Масалан, Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Қарши, Ғузор, Чироқчи ва Косон туманлари, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Жомбой, Пастдарғом туманлари, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Шароф Рашидов, Зафаробод туманлари, Сирдарё вилоятининг Ховос, Оқолтин ва Гулистон туманларида ғалла ўсишдан ортда қолмоқда. Тошкент вилоятида ҳам ғалла экиш ишлари кечиктириб юборилган.
Йиғилишда йўл қўйилган бу каби ҳолатлар ҳар бир ҳудуд мисолида танқидий таҳлил қилиниб, камчиликларни бартараф этиш, ҳосилдорликни ошириб, қўшимча дон ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш лозимлиги қайд этилди.
Бу йил ғаллачилик учун ўта қулай келаётгани таъкидланиб, ҳосилдорликни ошириш, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.
Ғаллачиликда илмий ёндашувлар асосида кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Ғалла парвариши бўйича ташкил этилган республика ишчи гуруҳлари жойларга бориб, вилоятлар ва туманлар 4 та сектор раҳбарлари билан бирга ғалла ҳосилдорлигини камида 30 фоизга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, ижросини ташкил қилиши кераклиги қайд этилди.
“Ўзагрокимёҳимоя” жамияти вилоятлар ва туманлар ҳокимларига ғаллани гектарига 200 килограммдан азотли ўғитлар билан иккинчи озиқлантиришни жорий йил 10 мартгача тўлиқ якунлаш вазифаси топширилди.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятига ғаллани учинчи озиқлантириш учун талаб этиладиган азотли минерал ўғитларни жорий йил 1 мартга қадар тўлиқ жойларга етказиб бериш ва етарли захирасини яратиш, Сув хўжалиги вазирлигига сув сарфини камайтириш ва оқилона фойдаланиш юклатилди.
Йиғилишда вилоятлар ва туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари ҳар бир фермер хўжалиги кесимида агротехник тадбирларни белгилаб, ҳосилдорликни ошириш ва қўшимча дон етиштиришни таъминлаш учун шахсан жавоб бериши таъкидланди.
LiveБарчаси