Расул Кушербоев парламент ва Ҳукуматнинг сиёсий қўғирчоғими? Эксклюзив интервью

Интервью 14581
-

Расул Кушербоев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг энг тили ўткир ва бефарқ бўлмаган депутатларидан бири. Уни ана шундай ҳислатларга эга бўлган кам сонли депутатларнинг йўлбошчиси, десак ҳам муболоға бўлмас. Автомобиллар ойнасининг қорайтирилишидан тортиб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат юритиш, “Ўзавтосаноат”нинг қиммат автомобиллари каби мавзулар Кушербоевнинг назаридан четда қолмайди ва у керакли жойда керакли гапни айта олади. Аммо уни ҳам бошқа мамлакатлар сиёсатида бўлгани каби “парламент ва давлатнинг сиёсий қўғирчоғи, уни гапириш мумкин бўлган мавзулар учунгина ишлатишади”, дейдиганлар талайгина. Хўш, ҳақиқатан ҳам шундайми? Кушербоев бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида шундай дейди: 

“Ҳақиқатан ҳам шундай фикрлар бор. Агар мен қўғирчоқ бўлганимда жуда яхши шароитда яшашим керак эди. Тўғриси, мана бу шароитларни қилиб беринг, деб шарт қўйган бўлардим. Агар шунақа одам бўлганимда баъзилар қаматишга ҳаракат қилмаган бўларди. Агар шундай одам бўлганимда, оиламга таҳдидлар бўлмасди. Мени ҳамма нарсам қонуний, давлат берадиган ойликка кун кўраман. Агар қўғирчоқ бўлганимда, 10-15 та тадбиркорни тўплаб менга қарши гувоҳлик бердиришмаган бўларди. Ўзим ҳам икки-уч марта касал орттириб олмаган бўлардим. 

Ким нима деса, деяверсин. Мени ўтаётган вақтим учун жавоб беришим бор. Кўп хато қиламан, нотўғри ишларим ҳам бор. Лекин ҳеч бўлмаганда бир масалани жойида кўтариб, қайси тарафдалигимни кўрсатишим керак. Эртага бунинг савол-жавоби бор, мен жавоб беришим керак. Мени шу нарса қийнайди, холос. Лекин давлатга, Ҳукуматга, амалдаги давлат раҳбарига ва унинг  сиёсатига мухолифат ҳам, қарши ҳам эмасман. Мен одамларни рози қиладиган, фаровонликка хизмат қиладиган нима бўлса, қўллаб-қувватлайман. 

Мен бошқа ташқи кучлар тарафидан эмас, балки халқ томонидан бюртма қилинган вакилман. Баъзан менга Ҳукумат аъзолари ва юқоридагилардан кўп эътирозлар бўлади. Мен ўзим тўғри деб билган нарсани одамларнинг талабидан келиб чиқиб қиламан. Буни кимдир сценарий бўйича ишлаяпти, қўғирчоқ ёки бошқа нарса деса ҳам бу уларнинг фикри. 

Тўғри, керак пайтда Ҳукуматнинг фикрини ҳам қўллаб-қувватлайман. Нимага? Чунки мен ҳамиша қарши чиқадиган одаммасман. Кўтарилган масала одамларга фойда келтиришига кўзим етса, қўллаб-қувватлайман. “Ҳукуматни қўллаб-қувватлайди, уни қўғирчоғи”, деганлар бўлса, бу уларнинг фикри. Омадини берсин. Бир кун депутат бўлиб ишласин, яшаб кўрсин. 

Депутатлик бошқаларга енгилдир, аммо менга оғир. Ҳар куни қачон мен ҳам кетаркинман, қачон миссиям тугайди деган фикр билан уйғонаман. Бўғзимгача етиб келди, тўғриси. Ҳукуматнинг босими, фикри ва эътирози ҳеч нарса эмас. Мени улар эмас, одамлар бездирди. Қўйиб берсангиз, одамлар мени 10-20 бўлакка бўлиб олмоқчи. Мен ишхонамга кўпинча яшириниб кирадиган бўлганман. Чунки улар мени ишлашга қўймаяпти. Ҳамманинг муаммоси бор, баъзан қабулларимга 100-200 киши келади. Мен бир ўзим жисмонан чарчаяпман”, дейди Кушербоев. 

Депутат Расул Кушербоев билан ушбу эксклюзив видеоинтервьюни юқоридаги видееоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 376
Рейтинг: 4
t
×