Расман: барча мактаблар тўлиқ анъанавий ўқиш шаклига қайтади

Жамият 4992
image

III чорак бошланиш санаси – 11 январдан бошлаб, Ўзбекистондаги барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

2020-2021 ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида ўқув жараёни Ўзбекистондаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, ота-оналарнинг ихтиёрига кўра анъанавий ва масофавий шаклда олиб борилди.

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлашгани, иккинчи чорак якунига қадар 90 фоиздан ортиқ ўқувчилар анъанавий шаклда таълим олиш мақсадида мактабга қайтганини инобатга олиб, 2021 йилнинг 11 январидан  (III чорак) барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилишини маълум қилди.

Хабарга кўра, ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш бўйича ўз вақтида  кўрилган чоралар натижасида ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги давомида анъанавий шаклда таълим жараёни йўлга қўйилган мактабларда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлиги таъминланган.   

“Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, икки чорак давомида масофавий таълим олиш жараёнида ўқувчиларнинг дарсларни тўлиқ ўзлаштиришларига етарли имконият бермади, айрим ҳолатларда ўқувчилар телевизион дарсларни кўриш ва ўрганиш ўрнига вақтини бесамар ўтказиш ва ота-оналар томонидан етарли назорат этилмаслиги оқибатида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам кузатилди. Шу боис, ота-оналардан фарзандларининг келажаги учун ўз вақтида билим олишларига шароит яратишлари ва мактабга юборишларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.

Ўз ўрнида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари барча умумтаълим мактабларида қишки мавсумда иссиқлик тизимини барқарор ишлаши, ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш билан боғлиқ ташкилий чораларни кўриш, санитария-гигиена ва дезинфекция воситалари билан таъминлашлари талаб этилади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 130
Рейтинг: 3
t
×