QALAMPIR.UZ суриштируви: Андижонлик блогер нега қамалди?

Таҳлил 12054
image

Ижтимоий тармоқлардан “Facebook” фойдаланувчиси, блогер Отабек Нуритдиновнинг қамалгани ҳақида маълумотлар тарқади. QALAMPIR.UZ сайти бу борада ўз журналистлик суриштирувини олиб борди. Аввалига судга тақдим этилган тегишли прокуратура маълумотлари ўрганилди.

Унда айтилишича, Асака туманида яшовчи фуқаро Б.Қоххоров туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. У 2019 йил 30 декабр куни соат 10:30да Асака туман Молия бўлими маъмурий биносидан чиқаётган вақтида, фуқаро Абдуфатто Нуритдиновни кўрган. Ижтимоий тармоқда тарқатаётган маълумотлари асоссиз эканини тушунтираётганда уни хеч бир сабабсиз уятли сўзлар билан хақорат қилганмиш. 

Бундан ташқари, Асака туманида яшовчи Э.Якубов ҳам Ўзбекистон Республикаси ИИВ ишонч телефонига мурожаат қилган. Facebook ижтимоий тармоғи орқали 2019 йил 4 август куни соат 14:57да “Отабек Нуритдинов” номли аккаунт фойдаланувчиси томонидан фуқароларни хокимият вакилларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотувчи, уларни обрўсизлантириш, шунингдек вилоят хамда туман хокимларига нисбатан тухмат ва бўхтондан иборат бўлган маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириб келаётганлигини айтган. “Отабек Нуритдинов” номли аккаунт фойдаланувчисига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Шунигдек, Асака туманида яшовчи М.Исақова ҳам ИИВ ишонч телефонига мурожаат қилиб, “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Отабек Нуритдинов” номли аккаунт фойдаланувчиси 2019 йил 18 октябрь куни уни шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатиб, тухмат қилганлиги, у ва унинг жамоасини “коррупцион очаг” деб хақорат қилганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Яна Андижон шаҳрида яшовчи Ф.Бузруков ҳам ИИВ ишонч телефонига мурожаат қилиб, “Отабек Нуритдинов” номли профил фойдаланувчиси ўзининг ушбу профили орқали 2019 йил 7 октябрь куни “Охирги пайтларда Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруков устидан шикоятлар кўпаймоқда. Яқин кунларда ушбу оёғи ердан узилган амалдор хақида мақола чиқариб, ерга тушириб қўямиз. Сен халқни назарингга илмасанг, халқ хам сени назарга илмайди. Ҳеч кимммаслигингда онанг тенги аёлларга пахтада кишан солмоқчи бўлгандинг. Тасаввур қилгин 33 миллион аҳоли биттадан туфласа хам тупугига чўкиб ўласан. Ойнага  бир қарагин, яхшилаб эътибор бериб қарагин” деб ушбу профилга уни шахсиятига тегувчи “чўчқа” тимсолидаги фотосуратни жойлаб, уни хақорат қилганлигини билдириб, “Отабек Нуритдинов” номли аккаунт фойдаланувчисига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ўтказилган текширув жараёнида Facebook’даги “Отабек Нуритдинов” номли аккаунт 13.03.1983 йилда Сурхандарё вилояти Сариосиё туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти тўлиқсиз Олий, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, оилали, 4 нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз, Асака шаҳар Ибн Сино МФЙ Шинам кўчаси 23-уйда яшовчи Нуритдинов Абдуфатто Камолитдиновичга тегишли экани аниқланган.

Нуритдинов ўзининг юқоридаги ғайриқонуний харакатлари билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40,41-моддаларида кўрсатилган маъмурий хуқуқбузарликни содир этган, дейилади прокуратура маълумотида. Ўтказилган терговга қадар суриштирув ҳаракатлари жараёнида А.Нуритдинов “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Отабек Нуритдинов” номли аккаунти орқали тарқатилган маълумотлари нусхалари олиниб, тегишли ҳужжатларга кўшилган.

Мурожаат юзасидан Ж.Исмоилов билан суҳбатлашилганида, у ўзининг тушунтириш хати орқали 2019 йил 30 декабрь куни соат 10:30ларда Асака туман Молия бўлими биносидан чиқаётиб, Молия бўлими биноси олдида О.Нуритдинов билан кўришиб қолганлигини, шу вақт Молия бўлимидан туман Сувоқава бошлиги О.Қоххоров ва Молия бўлими бошлиғи Д.Расулов хам чиқиб уларни олдига келишганлигини, суҳбат жараёнида О.Қоххоров билан бирга О.Нуритдиновга туман газ хамда сувоқава ташкилотини интернет тармоғи орали нотўғри маълумот киритиб, ташвиқот қилаётганлиги, бу нотўғри эканлигини айтиб тушунтиришган вақтида О.Нуритдинов “туман газ ходимлари хорамдан ойлик олишиб ётибди” деб гапирганлигини, у эса туман газ идораси ходимлари бундай салбий холатларга йўл қўймасликларини айтганлигини, гап орасида Хонобод шаҳрида қурилаётган коттежларда вафот этган газ ходими ўлимида вилоят газ идораси раҳбарининг айби борлигини, уни ҳам интернет орқали чиқариб жиноий жавобгарликка торттиришини айтганлигини, ўша вақт О.Қоххоров хам О.Нуритдиновга интернет тармоғи орқали нотўғри маълумотларни тарқатиш яхши эмаслигини айтиб тушунтирган вақтида, О.Нуритдинов баланд овозда, жамоат жойида Б.Қоххоровни оғизга олиб бўлмас сўзлар билан сўкиб хақорат қилганлигини, шунда шу атрофда хизмат олиб бораётган ИИБ ходимлари келганлигини, Б.Қоххоров ИИБ ходимларига О.Нуритдиновга нисбатан қонуний чора кўриб беришни сўраб ариза билан мурожаат қилганлигини билдирган.

Ф.Бузруков ўзининг кўрсатмасида профил эгаси у ҳақида бир неча бор пост ёзганини таъкидлаган. Мана шунда постлардан бири:

“Коррупцияга оид маьлумотларни кейинги мақолаларимда ёритаман. Шу сабабли бир партага 3 тадан ўтирган болаларни расмлари булар. На ёзиша олади, на бир нимани ўрганиша олади, ҳаттоки китоблар хам берилмаган. Бир синифда 50тагача болалар ўқишади. Фамилиялари ҳатто журналларга хам ёзилмаган. Тўғрида, 50 болани қандай қилиб журналга сиғдира олади. Директор агар “Бузруков”га шу муаммони айтса, ҳақоратомуз сўзлар билан изза қилиб, шарманда қилди. Нима бўлса хам “Буюк ислоҳотлар даврида яшаяпмиз’’. Бечора аёл дув-дув йиғлаб тик турган ҳолатида қолган директорлар ичида изза бўлиб турган. Сўкишининг сабаби бу директор аёл мактабига спорт зали билан боғлик муаммо бўйича ёрдам сўраган. “Хой шайтон малаги” сен эгаллаб турган лавозимингни моҳиятини тушунасанми? Сени вазифанг йиғилишларда ўзингни кўрсатиб, аёлларни пастга уриб хақоратлаш эмас. Тиббиёт коллежига келиб йиғилиш ўтказганингда бир аёлни телефон аппарати жиринглаб кетганида бир нечтасини тур ўрнингдан расволар деб турғизиб, сенлар ўзинг олдиндан расвосанлар, деб ҳақорат килиб сўкканларинг эсингдами?” деб ёзиб колдирилган. 

Бундан ташқари, 2019 йил 12 октябрь куни хам “Халк таьлими реал мафияга айланиб улгурибди. Бузруков жаноблари Андижон вилоятида шундай кучли бир ячейка тузишга улгурибди. Мен шунчаки Андижон вилоятида таълим соҳасини аянчли ҳолатга келганини ва коррупция ҳолатларини очиқлаган эдим. Мақсадим таълимдан коррупцияни ажратиш эди. Порахўрлар мафияси ячейкасини қўзғатиб юборибман. Бузруков жаноби олийлари қўлингдан келганини қил, ваҳшийлигингни билардим. Шунинг учун ҳозирги ҳолатда ажабланмадим”, деб бошқа бир постини ёзиб колдирган. 

Ҳолат юзасидан сўроқ қилинган М.Исақовага кўра, “Отабек Нуритдинов” профили эгаси 2019 йил 18 октябрь куни соат 18.00лар чамасида:

“Асака тумани 27-мактабдаги учига чиқкан коррупция - директор Исоқова Муҳайё бошчилигида. Бу ҳам Бузруковни ҳимоясидами? Мактаб ҳудудида оилавий ошхона очган. Барча гуруҳлар шу ошхонада овқатланишга мажбур. Ҳар бир боладан 40 минг сўмдан пул йиғилади. Ошхонани эри ва ўғли юрғизади. Ҳа майли, қаддини урсин десак, кирдикорларининг охири йўқ экан. Ўғлини иккита штатга ишга жойлаган. Ўқитувчиларга премия пулларини чиқаради ва улар бу пулни директорни ўзига қайтарар экан. Бу ишларда ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Нозила Хасанова ёрдам берар экан. Буни исботлаш учун пластик карталарни кўтариб, директор ва ўринбосари карталарига ўқитувчилардан қайси ойда қанча пул ўтказилганлигини кўриш кифоя. Буни ҳам майли дея турайлик, “профсоюз” пуллари деган тушунча шу мактаб ўқитувчиларида йўқ, бу пуллар қани? Текширувчи келди деб ўқитувчилардан пул йиғиб комиссияларни оғзини беркитиб жўнатишар экан. Қўшни тумандан болалар мактабга олинади. Шу жойида ҳам саволлар туғилади. Ҳа майли, буни ҳам қўя турайлик, ишга кириш пул, пулга ўчлигидан хоҳлаган ўқитувчисини ишдан бўшатиши мумкин. Ўрин бўшаса, янги даромад. Шу даражада виждонини ютиб юборганми бу аёл? Шунча пулни нима қилади ёки Бузруковни тўйдира олмаяптими?” дея пост ёзиб, у ҳақида турли хилдаги бўхтон ва иғволарни тарқатиб уни ҳақорат қилган, дейилади прокуратура маълумотида.

Фуқаролар Б.Матисақов, А.Мамажонов, Р.Ҳакимов, С.Зайнобиддинов, Ф.Раҳимова, Х.Юлдашев, Я.Абдуғаниев, Б.Қорабоев, Ш.Қосимов, Ш.Усмоновлар хам юқоридагиларни тасдиқлаб кўрсатмалар бериб ўтган. Кўрсатиб ўтилган ҳолатлар юзасидан Нуритдинов Абдуфатто Камолиддиновичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40 (туҳмат), 41 (ҳақорат қилиш)-моддалари хамда 183 (майда безорилик)-моддаси билан маъмурий тартибда чора кўриш учун тўпланган хужжатлар Маъмурий ишлар бўйича Андижон вилоят судига хавола этилган.

Ишни судъя О.Мизамаҳмудов шу куниёқ кўриб чиққан. “Отабек Нуритдинов” номли профил эгаси Абдуфатто Нуритдинов юқоридаги МЖтКнинг уччала моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган. Унга нисбатан 6.690.000 сўм жарима жазоси ҳамда 183-моддада назарда тутилган 15 суткалиқ қамоқ жазоси берилган. Шунингдек, қамоқда сақлаш харажатлари ҳам унинг зиммасига юкланган. Ҳаммаси бир куннинг ичида содир бўлгани қизиқ эмасми?

Юқоридаги маълумотларни олгандан сўнг, “Отабек Нуритдинов” номли профил эгаси Абдуфатто Нуритдиновнинг онаси Матлуба Қурбонова билан телефон орқали мулоқот қилдик. Унга кўра, кеча соат 9:00лар атрофида туман Молия бўлимига тезда етиб келинг деб қўнғироқ бўлган. Нуритдинов ўша ерга бориш учун 10:00-10:30ларда уйидан чиқиб кетган.

“Менинг фикримча, у ерда боламни “тузоқ” кутиб турган. Мен унинг қизи билан шифохонада эдим. Чиққач, бу воқеалардан хабар топдим. Кечки соат 19:00ларда бизниннг МФЙга Ички ишлардан қўнғироқ бўлиб унинг машинасини Молия бўлими биноси ёнидан олиб кетишимиз кераклигини айтишган. Кейин Асака туман Ички ишлар бўлимига бордим. “Сирожиддин” исмли ходим менинг болам бошқаларни ҳақорат қилганини айтди. Кейин мендан машинасини олиб кетишим тўғрисида тилхат олишди. Сўнг улардан болам қаерда эканини сўрадим. “Сирожиддин” исмли ходим йўқ айтолмаймиз, барибир топа олмайсиз деб болам ҳақида маълумот бермади.

Кечадан бери нима қилишимизни билмаяпмиз. Келинимнинг 3-4 кун ичида кўзи ёриши керак. Кимдан нажот кутишни билмай ўтирибмиз. Мен онаман, Янги йилни болам билан кутиб олишим керак. Менга яхши адвокат ҳам керак. Судда боламга адвокат ҳам жалб қила олмадик.

Боламга ҳеч қандай расмий чақирув қоғози ҳам келмаган. Шахсини тасдиқловчи ҳужжати – паспорти ҳам ёнида бўлмаган. Судга ҳам биздан ҳеч кимни чақиришмади. Судланганини ҳам кейинроқ билдик”, дейди унинг онаси.

Онасига кўра, сўнгги кунларда Нуритдинов бюджет масалаларида талон-тарожликлар, Асака, Жалақудуқ ва бошқа жойлардаги сайловлардаги ноҳақликлар ҳақида маълумотлар йиғиб юрган. Бир неча марта ундан ижтимоий тармоқлардаги постларини олишини илтимос қилишган. 

Юқоридаги ҳолатларни ўргана туриб бизда ўз-ўзидан бир нечта маълумотлар пайдо бўлади. Нега Нуритдинов эълон қилинган маълумотлар чуқур ўрганилмади? Нуритдиновга туҳмат моддаси қўйилишидан аввал бу ҳақда кенг даражада суриштирув-тергов ҳаракатлари ўтказилмайдими? Туҳмат эканлиги исботини топгач, қарор қабул қилинмайдими? Бошқа вазиятларда ишларни бир неча кунга чўздирадиган судлар битта блогерга келганда, барча процессуал ҳаракатларни бир куннинг ичида кўриб чиққанлиги ажабланарли эмасми? Ёки қонунлар фақат оддий аҳоли учунми?

Нега ИИБнинг “Сирожиддин” исмли ходими унинг онасига боласи қаерда экани ҳақида маълумот бермади? Нега судга унинг яқинлари жалб этилмади? Судларда шаффофликни таъминлаш принципи қаерда қолди? Нега фуқаро Якубовнинг мурожаати 4 ойдан кейин ИИБ томонидан энди кўриб чиқилмоқда? Нега суд 183-моддада назарда тутилган санкция қисмининг жарима қисмини қўлламай, бирданига Нуритдиновни 15 суткага қамади? Айрим судлар томонидан оғир жиноятларни содир этган шахсларга ҳам енгиллаштирувчи ҳолатлар қўлланилаётган вақтда Андижонда судлар фуқарони қаттиқ жазолаш билан ечим бермоқчими? Жазолардан мақсад қайта тарбиялаш эмасми? Энди Нуритдинов Янги йилни қамоқда кутадими?

Андижонда “Отабек Нуритдинов” профили остида эълон қилинган маълумотлар (молия, сайлов, таълим соҳасидаги) юзасидан кенг даражада ва холис суриштирув-тергов ишлари бошланиши мақсадга мувофиқ. Ҳозирча QALAMPIR.UZ сайти воқеалар ривожини кузатади.

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 361
Рейтинг: 3.2
t
×