Путиннинг сўзлари АҚШ ва Японияни хавотирга солиб қўйди – Bloomberg

Олам 44101
image
-

Россия Президенти Владимир Путиннинг нефть нархи бир баррель учун 100 долларгача кўтарилиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти АҚШ, Япония ва Ҳиндистонни хавотирга солди. Бу ҳақда “Bloomberg” ёзмоқда.

Қайд этилишича, ушбу баёнотдан сўнг, нефтни катта миқдорда импорт қилувчи давлатлар нефть қазиш ҳажмини ошириш учун ОПEК+ (Нефтни экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти)га сўнгги йилларда энг кучли дипломатик босимни ўтказа бошлаган.

“Байден маъмурияти бензин нархининг сўнгги етти йилда энг юқори кўрсаткичга етганидан кўпроқ хавотирда. Мана бир неча ҳафтадирки, маъмурият ОПEК+ни кўпроқ нефть ишлаб чиқаришга чақирмоқда”, дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Япония ҳам ўзига хос бўлмаган сиёсий қадам ташлаган ва АҚШнинг ушбу чақириқларига қўшилган. Хитой эса ҳозиргача сукут сақламоқда. Бироқ экспертлар орасида ушбу фикрни ёқламайдиганлар ҳам бор. 

“Қўшма Штатлар, Япония ва Ҳиндистон расмийлари бир-бирлари билан алоҳида гаплашдилар, шунингдек, бошқа йирик нефть истеъмолчилари ва экспорт қилувчи давлатлар билан ҳам алоқага чиқдилар. Чақириқлар тахминан уч ҳафта олдин бошланган, бироқ сўнгги кунларда бир баррелнинг нархи 85 долларга кўтарилганидан кейин кучайган”, дейилади хабарда. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 25 октябрь куни Американинг WTI нефть маркаси қиймати 2014 йил октябрь ойидан бери биринчи марта баррелига 85 доллардан ошди, декабрь фючерслари эса 85,03 долларга савдо қилинмоқда. Brent маркали нефтнинг январь фючерслари нархи бир баррель учун 85,59 долларгача кўтарилган.

Саудия Арабистони бошчилигидаги ОПEК+ келишувининг айрим аъзолари аввалроқ ёқилғи ишлаб чиқариш суръатини оширишдан эҳтиёт бўлиш зарурлигини таъкидлаган эди. Мутахассисларнинг фикрича, нархларнинг ошишига айнан шу баёнотлар сабаб бўлган.
 

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1774
Рейтинг: 2.9
t
×