Путин – Ҳиндистонда! Икки “суперкуч” Ғарбга қарши бирлаша оладими?

Олам

image

Дунё сиёсатдонларининг нигоҳи бугун Ҳиндистонга қаратилган. Негаки, Россия Президенти Владимир Путин пандемиядан кейинги иккинчи хорижий расмий сафари доирасида Ҳинд диёрида бўлиб турибди. Ташриф давомида савдо-иқтисодий, ҳарбий ҳамкорлик масалалари ҳамда Россиянинг бошқа бир яқин иттифоқчиси бўлмиш Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларни илиқлаштириш бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.

Сўнгги вақтларда Европа Иттифоқи ва АҚШнинг Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ҳақидаги таҳдидлари ортиб бормоқда. Владимир Путиннинг Ҳиндистонга ташрифини эса қайсидир маънода ушбу таҳдидларга Россиянинг жавоби бўлади, дейиш мумкин.

Ҳиндистон Россиянинг “совуқ уруш” давридан бери асосий сиёсий ҳамкори ҳисобланади. Россия Президентларининг Деҳлига ташрифи доимо илиқ кутиб олинган.

Путин ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг бугун Деҳлида ўтаётган учрашуви дунё ҳамжамияти кутаётган воқеа бўлиб, йилнинг энг муваффақиятли икки томонлама музокараси бўлиши мумкин.

Икки давлат раҳбарларини бир неча миллиард долларлик мудофаа битимлари тузиш, савдо шартномаларини эълон қилиш, қўл сиқиш ва қучоқлашишдан ташқари, биргаликда енгиб ўтиши керак бўлган катта қийинчиликлар ҳам кутиб турибди. Бунга мисол тариқасида, Ҳиндистоннинг Хитой билан, Россиянинг Украина ва унинг ортидаги Ғарб давлатлари билан бўлган можароларини кўрсатиш мумкин. Уларнинг бу муаммолар билан қай тарзда курашиши минтақавий ва глобал сиёсатга таъсир қилади.

Ҳиндистон-АҚШ муносабатлари ва Хитой омили

Сўнгги ўн йилликда Ҳиндистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги ўсиб бораётган ҳамкорлик Деҳли ва Москва ўртасидаги муносабатларни безовта қилувчи омиллардан биридир. Моди, ҳатто, 2020 йилда АҚШнинг 45-Президенти Дональд Трамп Ҳиндистонга ташриф буюрганида уни қўллаб-қувватлаш учун катта намойиш ўтказди. Бу Вашингтонга хайрихоҳликнинг очиқча намойиши бўлди.

Москва Вашингтон билан муносабатлари сўнгги йилларда доимий равишда ёмонлашаётган бўлса-да, расмий Деҳлининг бу каби ғазаблантирувчи қадамига эътибор бермади. Аммо Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ҳиндистон АҚШ, Япония ва Австралия иштирокидаги “Тўртлик” альянсига қўшилгач, очиқ танқид қилишни маъқул кўрди. "Quad" ноҳарбий иттифоқ эканлиги ва аниқ бир давлатга қаратилмагани айтилган бўлса-да, бу жавоб Лавровни қониқтирмаган.

Унинг сўзларига кўра, Ғарб “Ҳинд-Тинч океани стратегияларини” амалга ошириш орқали Ҳиндистонни Хитойга қарши ўйинларга жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Москвада хизмат қилган собиқ ҳинд дипломати Анил Тригунаятнинг айтишича, “Quad” Россия учун "қизил чизиқ" ва бу икки етакчи музокараларининг бир қисмига айланади.

Москванинг “Тўртлик”дан хавотирда эканини унинг сўнги йилларда Пекин билан ҳамкорлиги ошиб бораётганидан ҳам тушуниш мумкин. Тригунаятнинг қўшимча қилишича, Ғарбнинг сиқувига учраган Россия Осиёдаги иқтисодий ва геосиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш учун Хитой билан яқинроқ алоқа ўрнатишга мажбур бўлди. Чунки АҚШ бошчилигидаги Ғарб ҳам минтақа билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда.

Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви ҳам Пекин ва Москванинг бир-бири билан яқинлашувига туртки берган, дейиш мумкин.

Вазиятни янада мураккаблаштирадиган яна бир омил – Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги ҳудудий можаро. Осиёнинг икки ядровий давлати ўртасидаги муносабатлар сўнгги пайтларда кескинлашгани икки давлат қўшинларининг баҳсли Ладаҳ ҳудудининг Галван водийсида тўқнашувига олиб келди. Оқибатда 20 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган. Кейинроқ Хитой ҳам ўз аскарларининг бир қисми тўқнашувда қурбон бўлганини тан олди.

Шу каби сиёсий воқеалар Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги муносабатларга потенциал хавф туғдириши мумкин. Шу нуқтаи назардан, Путиннинг ташрифи дўстона алоқаларни сақлаб қолиш учун муҳим. Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик асослари бир-бирининг муаммоларини енгиш учун етарли даражада кучли ҳисобланади.

Мамлакатларни ўзаро яқинлаштирадиган умумий муаммоли нуқталар ҳам йўқ эмас, Афғонистон улардан биридир – Деҳли Афғонистонда муҳим ўйинчи бўлиб қолишга ҳаракат қилади. Ҳиндистоннинг қўшниси ва асосий рақиби Покистон энди Афғонистонда стратегик кучга эга, чунки у Россия, Эрон ва Хитой билан норасмий иттифоқ тузган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Москва Деҳлига Афғонистонда йўқолган ўрнини тиклашда ёрдам бериши мумкин, чунки улар мамлакат келажагидан хавотирда.

“Россия ҳам, Ҳиндистон ҳам мамлакатларига таъсир кўрсатаётган “Толибон” ва “Ҳаққоний тармоғи”дан келаётган потенциал террорчилик таҳдидидан хавотирда. Шундай қилиб, Афғонистон ҳақиқатан ҳам Деҳли ва Москва ўртасидаги мустаҳкам келишув ҳудудидир", дейди АҚШнинг RAND корпорацияси таҳлилий марказининг катта мудофаа таҳлилчиси Дерек Гроссман.

Ҳиндистон ва Россия аллақачон BRICS, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, RIC (Россия, Ҳиндистон ва Хитой) ва G20 каби бир қанча халқаро форумлар доирасида ҳамкорлик қилади. Ушбу форумлар Москва ва Деҳлига ҳам ўзаро, ҳам глобал масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш имкониятини беради ва Хитой ушбу форумларнинг аъзоси эканлигини ҳисобга олсак, Россия Пекин ва Деҳли ўртасида тортишувли чегара нуқталари бўлишига қарамасдан тинчликни сақлаш учун иккала давлатни ҳамкорликда ишлашга даъват қилмоқда.

Савдо ва мудофаа шартномалари

Ташрифнинг муҳим воқеаси Ҳиндистонга Россиянинг С-400 ракетага қарши мудофаа тизимини етказиб бериш бўлиши мумкин. Бу дунёдаги энг илғор зенит мудофаа тизимларидан бири ҳисобланади. У 400 км (248 миля) масофага уча олади ва ҳар бирида иккита ракетани йўналтириш орқали бир вақтнинг ўзида 80 тагача нишонни йўқ қилиш имкони бор.

Тизим Ҳиндистонга Хитой ва Покистонга қарши қатъий стратегик тўсиқ яратиш имкониятини беради ва шу сабабли у АҚШ санкциялари таҳдидига қарамасдан шартнома имзоламоқчи.

2017 йилда Вашингтон Россиянинг бир қанча фирмаларига санкциялар жорий қилиб, бу ҳам етмаганидек Россия, Эрон ва Шимолий Корея каби давлатлар билан мудофаа соҳасида ҳар қандай битимларни имзолаган бошқа мамлакатларга чеклов жорий этилишини кўзда тутувчи қонун қабул қилган. Кутилаётган келишув АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида кескинликни келтириб чиқариши эҳтимоли бўлса-да, Деҳли Москва билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

Ҳиндистон С-400 сотиб олиш ҳақидаги келишуви оқибатида икки қудратли давлат билан муносабатларни қандай мувозанатлаштирганини кўриш қизиқ. Ҳинд дипломатлари С-400 ни сотиб олиш қарори Деҳли машҳур “стратегик автономия” амалиётини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, АҚШ буни ҳурмат қилиши кераклигини урғулади. Тригунаятнинг қўшимча қилишича, Ҳиндистоннинг катта мудофаа бюджети ҳам унга стратегик устунлик беради. "Глобал муносабатларнинг аксарияти транзакцияга асосланган ва бу Москва ва Деҳлига ҳам тегишли", дея таъкидлади у.

Sipri мудофаа таҳлил маркази ҳисоботига кўра, Ҳиндистон дунёдаги иккинчи йирик қурол импортчиси бўлиб, халқаро мудофаа савдосининг қарийб 10 фоизи Деҳли ҳиссасига тўғри келади.

Ҳиндистон портфелини диверсификация қилиш ва ички мудофаа ишлаб чиқаришни рағбатлантириш қарори туфайли, унинг улуши 70 фоиздан 49 фоизга тушиб кетганига қарамай, Москва Ҳиндистоннинг энг йирик қурол етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда.

АҚШ 2011 – 2015 йилларда Ҳиндистоннинг Россиядан кейин иккинчи йирик мудофаа қуроллари етказиб берувчиси бўлган, аммо 2016 – 2021 йилларда Франция ва Исроилдан ортда қолган.

Путиннинг ташрифи давомида Россия шунингдек, Ҳиндистонга қурол экспортини оширишга ҳаракат қилади ва баъзи йирик битимлар имзоланиши мумкин. Бироқ, икки мамлакат ўртасидаги тижорат савдоси уларнинг салоҳиятидан анча пастлигича қолмоқда. Ҳиндистон ҳукумати ҳисоботига кўра, 2019 йилда ўзаро савдо ҳажми (пандемиядан олдинги даври) 11 миллиард долларни ташкил этди ва ундан 7,24 миллиард долларлик маҳсулот Россия ҳисобига тўғри келади. Таққослаш учун, Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро товар ва хизматлар айирбошлаш ўша даврда 146 миллиард долларни ташкил этади.

Россия ва Ҳиндистон 2025 йил охиригача ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Улар экспорт-импорт кўламини кенгайтиришга, фақат энергетика ва минераллар соҳаси билан чекланиб қолмасдан, таълим, киберхавфсизлик, қишлоқ хўжалиги, темир йўллар, фармацевтика ва тоза энергетика каби соҳаларда ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратиши мумкин.

Ҳиндистоннинг Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудига 1 миллиард долларлик кредит линиясини тақдим этиш қарори ҳам мамлакатлар ўртасидаги савдони кучайтиради. 

Ченнай-Владивосток денгиз йўлаги бўйича ҳам музокаралар кутилмоқда.

Ҳиндистон ва Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида “эркин савдо шартномаси” бўйича музокаралар ҳам олдинга силжиши мумкин. Агар келишув амалга ошса, бу корхоналарга товарларни икки минтақа ўртасида осонлик билан ташишга ёрдам беради.

Бугун бутун Ғарбнинг эътибор марказида Деҳлида бўлади.

Достон Искандаров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

242

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг