“Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди

Жамият 2179
image
-

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Унга “маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш”, “психиатрия ёрдами”, “руҳий ҳолатнинг бузилиши” ва бошқа бир қатор асосий тушунчалар киритилди. 

Шунингдек, мазкур қонун билан руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилди. 

Хусусан, улар ўзида мавжуд бўлган руҳий ҳолати бузилишининг хусусияти ва қўлланилаётган даволаш усуллари ҳақидаги ахборотни ўзи учун тушунарли шаклда, ўз вақтида ҳамда тўлиқ олиш, шунингдек стационар шароитларда психиатрия ёрдами кўрсатадиган тиббиёт муассасасида фақат психиатрия ёрдами кўрсатиш учун зарур бўлган муддат мобайнида бўлиш ҳуқуқига эга.

Қонунга кўра, психиатрия текширувидан ўтказиш текширилаётган шахсда руҳий ҳолати бузилишининг мавжудлигини, психиатрия ёрдами кўрсатишга бўлган заруриятни аниқлаш, шунингдек бундай ёрдам тури ҳақидаги масалани ҳал қилиш учун амалга оширилади.

Бундан ташқари, психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга шахслар доираси аниқ белгилаб қўйилди. 

Унга кўра, махсус олий тиббий маълумотга эга тиббиёт ходимлари (шифокор-психиатр, тиббий психолог ва психотерапевт) психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Қонун билан диспансер кузатувида турган руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ягона электрон реестри юритилиши белгиланди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 32
Рейтинг: 3
t
×